Ўзбекистон | 17:05 / 29.10.2018
22718
5 дақиқада ўқилади

Хива: Янги вокзал, замонавий меҳмонхоналар, ресторан ва истироҳат боғи

Хива аҳолиси ва у ерга ташриф буюрувчи сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида шаҳарда замонавий темир йўл вокзали, миллий услубдаги меҳмонхоналар, истироҳат боғи ва гипермаркетлар барпо этилмоқда. KUN.UZ мухбири Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлар уюшмаси таклифига биноан "Ўзбекистон темир йўллари" ташаббуси билан ташкиллаштирилган медиа-турда бўлиб, шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Хива шаҳригача умумий узунлиги 33,78 (асосий йўл - 29,6 км) бўлган темир йўл қурилди. Шу кунга қадар бу ерда муҳандислик тармоқларининг темир йўл билан 89 кесишмалари қайта барпо қилинди.

Ушбу лойиҳа доирасида 93 та сув ўтказувчи сунъий иншоот, 5 та кўприк ва 1 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. Хивада вагонларга техник хизмат кўрсатиш ва станция янги биноси қуриб битказилиб, замон талабларига муносиб жиҳозланди.

Умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ долларини ташкил қилган лойиҳа қурилишида Капитал қурилиш дирекцияси, Махсус механизациялашган йўл станцияси, Урганч йўл масофаси, Хоразм темир йўл қурилиш унитар корхонаси, 203-279 йўл машина станцияси вакилларининг меҳнати сингди.

Яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилаётган Хива вокзалида бир вақтнинг ўзида 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратилган. Вокзал сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган. Бу ерда замонавий VIP-зал, она ва бола хонаси, тиббиёт хоналари ташкил этилган. Вокзал олдида мусиқали фаввора ўрнатилди.

Хива вокзалидан чиқишингиз билан янги миллий услубдаги меҳмонхоналарга кўзингиз тушади. Уларнинг яқинида эса "Хива-Локомотив" парки ҳамда замонавий гипермаркет бунёд этилмоқда.

"Хива шаҳрида темир йўл вокзали қурилиши билан бирга, туризмни ривожлантириш мақсадида янгидан янги меҳмонхоналар ҳам бунёд этилмоқда. Айни дамда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан 74 нафаргача меҳмонни қабул қилувчи, барча қулайликларга эга меҳмонхона қурилишининг якуний ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳудудда 84 ва 56 ўринга мўлжалланган яна икки меҳмонхона, 70 ўринли ресторан  ҳам қад кўтармоқда. Бундан ташқари, "Хива-Локомотив" истироҳат боғи барпо этилмоқда. Унда 57 сотихли кўл, 27 хил аттракцион, амфитеатр, замонавий савдо расталари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган", - дейди "Хива-Локомотив" истироҳат боғи раҳбари Алишер Қуронбоев. 

Янги темир йўли, вокзал биносининг барпо этилиши, шунингдек уларнинг яқинида қад кўтараётган замонавий меҳмонхоналар ҳудуднинг сайёҳлар оқимини янада оширишга, маҳаллий туроператорларга енгиллик яратиш йўлида хизмат қилиши, шубҳасиз. AgroStar сайёҳлик фирмаси вакили Ирода Йўлдошева бу ҳақида шундай дейди:

"Хива шаҳрида яратилаётган қулайликларни кўриб жуда хурсанд бўлдик, очиғи. Негаки, биз ойига юзлаб туристларга хизмат кўрсатамиз. Уларга биринчи навбатда нима керак? Энг аввало, уларни жойлашув воситалари билан таъминлаш керак. Янги қурилган Хива вокзалининг ёнгинасида замонавий меҳмонхоналарнинг бунёд этилиши Хивага сайёҳларни олиб келувчи туроператорлар учун катта қулайлик яратади. Келгусида уларни бу ерга олиб келганимизда транспорт билан боғлиқ муаммолар бўлмайди, чунки вокзалнинг ёнгинасида меҳмонхона, унинг ортида эса - Ичан қалъа жойлашган. Атрофда эса сайёҳлар ўтириб дам олиши учун фавворалар ва истироҳат боғлари мавжуд".

Маҳаллий аҳоли вакили бўлган Қаландар ота Аминов ҳам Хивадаги ўзгаришлардан мамнун эканини баён қилди:

"Бизнинг шаҳримизда ажойиб темир йўллари, вокзал, янги бинолар қад кўтармоқда. Хивадек тарихий шаҳар дунёда йўқ, бу эртаклар шаҳри. Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган янги иншоотлар Хивамизнинг чиройига чирой қўшмоқда. Илгари Тошкентга бориш учун Урганчга бориб, олдиндан чипта сотиб олиб, кейин пойтахтга йўл олардик. Энди эса шундоққина Хиванинг ўзидан чипта харид қилиб, замонавий вокзал орқали орзуларимизни амалга оширадиган вақт келди. Келажакда Хивада халқаро аэропорт фаолияти ташкил этилса ҳам ажаб эмас".

Таъкидлаш жоизки, Хива шаҳрида янги вокзал, меҳмонхоналар, истироҳат боғи ва савдо расталарининг ишга тушиши 100 дан зиёд маҳаллий аҳоли вакилларини иш билан таъминлаш имконини яратади.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид