Спорт | 22:05 / 29.10.2018
11133
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Кубоги финалидан қизиқарли рақамлар

28 октябрь куни Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида Ўзбекистон Кубоги финал ўйини бўлиб ўтди. 

11 152 томошабин гувоҳлигида кечган беллашувда ОКМК ва «Пахтакор» жамоалари майдонга тушишди. Жуда қизиқарли кечган ўйинда Олмалиқ шаҳри клуби 3:1 ҳисобида зафар қучди ва ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланди.  

Шу тариқа ОКМК Ўзбекистон Кубогига эга чиққан 8-жамоага айланди:
Пахтакор – (1993, 1997, 2001-2007, 2009, 2011)
Бунёдкор – (2008, 2010, 2012, 2013)
Локомотив – (2014, 2016, 2017)
Навбаҳор – (1992, 1995, 1998)
Нефтчи – (1994, 1996)
Дўстлик – (2000)   
Насаф – (2015) 
ОКМК – (2018)

Мағлубиятга учраган «Пахтакор» клуби мамлакат Кубоги финалларида ўйнаш бўйича ўз рекордини янгилади. «Шерлар» жамоаси 14-марта финалда қатнашди ва 3-марта финал ўйинини бой берди.  

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Кубоги финали тарихда биринчи марта Фарғона водийсида ташкил этилди. Бунга қадар эса Ўзбекистон кубоги финаллари Самарқанд (2 марта), Тошкент, Олмалиқ ва Жиззах шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Фарғона финалга мезбонлик қилган бешинчи шаҳарга айланди.

Финаллар тарихида 4-марта 3:1 ҳисоби қайд этилди. Илгари 2002/2003, 2008, 2011 йилларда ҳам ҳал қилувчи ўйинлар 3:1 ҳисобида якунланган эди. 

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, ОКМК Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган Тошкент вилоятининг иккинчи жамоасига айланди. Бунга қадар 1999/2000 мавсумда «Дўстлик» клуби финалда ғолиб чиққан эди.

Таъкидлаш жоизки, ОКМК жамоаси устози Бахтиёр Ашурматов ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу борада у Миржалол Қосимовга тенглашиб олди. 

ОКМК мусобақа жадвалида 6-ўриндан пастда жойлашиб, мамлакат Кубогида ғолиб чиққан дастлабки жамоа бўлди.

Мавзуга оид