Иқтисодиёт | 11:21 / 30.10.2018
13990
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омиллар айтилди

Фото: 123RF

Марказий банк 2018 йилнинг III чорагида иқтисодиёт реал секторидаги ҳолат ва кутилмаларни ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Хусусан, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омиллар ўрганилган.

Мазкур ҳолат юзасидан корхона ва ташкилотларнинг 34 фоизи хом-ашё материаллари нархларининг юқорилигини, 21 фоизи энергия манбалари нархларининг юқорилигини, 16 фоизи солиқ юкининг юқорилиги ва солиқ маъмуриятчилигининг мураккаблигини ҳамда бозордаги носоғлом рақобат муҳити ва шароитларни, 15 фоизи эса айланма маблағларнинг етарли эмаслигини маълум қилган.

Тармоқлар кесимида эса энергия манбалари нархларининг юқорилиги қурилиш материаллари саноатида респондентларнинг 42 фоизида, тоғ-кон саноатида 33 фоизида, озиқ-овқат саноатида 17 фоизида, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 29 фоизида, хом-ашё нархларининг юқорилиги эса нефть-газ саноатида респондентларнинг 67 фоизида, енгил саноатда 48 фоизида, кимё ҳамда озиқ-овқат саноатида 36 фоизида ва қурилиш ишлари соҳасида 58 фоизида ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омил сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк мамлакатда иқтисодий фаоллик ошгани, бироқ айрим салбий омиллар мавжудлиги ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид