Иқтисодиёт | 08:55 / 01.11.2018
13899
3 дақиқада ўқилади

Гумонли ва шубҳали банк операциялари: янги мезонлар

Фото: Pixabay

Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига тузатишлар киритилди. Улар 3 ой ўтгач амал қила бошлайди, деб ёзмоқда Norma.
 
Бир марталик операциялар амалга оширилганда мижозларни лозим даражада текшириш учун асослар рўйхатига қўшимча киритилди. Банклар 500 ЭКИҲга тенг ёки ундан ошадиган суммадаги Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини сотиб олаётган жисмоний шахсларни текширишлари шарт бўлади. Бундай операциянинг бир вақтда ёки бир ой давомида кўп маротаба амалга оширилиши шубҳа уйғотади.
 
Маълумот учун. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

• тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни; 
• мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни;
• ўрнатилган иш муносабатлари ёки ўтказилиши режалаштирилаётган операцияларнинг мақсади ва характерини ўрганишни;
• мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.
 
Гумонли ва шубҳали банк операцияларининг рўйхатларига тузатиш киритилмоқда. Гумонли операциялар сирасидан иккитаси чиқариб ташланиб, биттаси қўшилмоқда. Шубҳали операциялар сони бештага кўпаймоқда, амалдагиларидан биттаси чиқариб ташланмоқда.

Бироқ киритилган ўзгартиришлар шу билан чекланмайди. Бир қатор операциялар бўйича операцияни гумонли ёки шубҳали деб ҳисоблашга (қуйидаги жадвалга қаранг) асос бўлувчи мезон ва аломатлар (операция суммаси, амалга ошириш даври) ўзгартирилмоқда.

Маълумот учун: гумонли ва (ёки) шубҳали операциялар аломатлари аниқланганда банк ходимлари ўтказилаётган операция тўғрисида қўшимча маълумот беришни сўраб мижозга мурожаат қиладилар, кейинчалик улар батафсил ўрганилади. Агар шубҳалар тасдиқланса, банк Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бу ҳақда хабар беради, мижоз билан кейинги муносабатлар эса мураккаблашади ёки уларга умуман барҳам берилади.
 
Ўзбекистон банкларининг норезидент-банклар ва халқаро пул ўтказмалари тизимлари билан муносабатлари бироз соддалаштирилади. 50 ЭКИҲгача (ҳозир – 25 ЭКИҲгача) бўлган сумма ўтказилаётганда банкларимиз минимал ҳажмдаги ахборот: Ф.И.О., агар операция жараёнида мижознинг ҳисобварағи ишлатилган бўлса, у ҳолда унинг рақами ёки операциянинг хос рақамини талаб қиладилар. Агар ўтказма суммаси 50 ЭКИҲдан ортиқ бўлса, қўшимча равишда паспорт ёки унинг ўрнини босадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақами, шунингдек жўнатувчининг яшаш манзили ёки туғилган санаси ва жойи ҳақидаги маълумотлар тақдим этилиши талаб қилинади.
 
Ҳужжат 27.01.2019 йилдан кучга киради.

Мавзуга оид