Жамият | 16:15 / 01.11.2018
31604
6 дақиқада ўқилади

Ҳокимият стадионни бузиб, ўрнига дўконлар қурмоқчи: бу ишларда қандай манфаат бор?

KUN.UZ сайтида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги деҳқон бозори можароси ҳақида бир эмас, икки бор мақола эълон қилинди.  “Бозордаги дўконлар тунда бузиб ташланди. Олтиариқликлар ҳақиқат излайди” ҳамда “Ўрага нима тушдики, Олтиариқ бозори муаммоси “гулдур-гуп” бўлди?...” сарлавҳаси остида берилган мақолаларда деҳқон бозорининг бузилиши ва бу жараёнда тадбиркорларнинг ҳуқуқари оёқости бўлгани баён этилган эди.

Куни кеча сайтимизга Олтиариқ туманидан яна бир шикоят келиб тушди. Бу тумандаги марказий футбол майдонининг бузилиши ҳақида. Биз бежиз сўзимизни Олтиариқ деҳқон бозори ҳақида бошламадик. Боиси футбол майдони билан боғлиқ мурожаат айнан бозор можароси билан узвий боғлиқ. Ижодий гуруҳимиз туманга йўл олди ва мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқди. Дастлаб бизни туман Болалар спорт мажмуаси мураббийи Хайрулло Мирзажонов қарши олди.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Даставвал бузилиш ҳудудига тушган оталар чойхонасини кўздан кечирдик. 100 йиллик чинорлар, олтиариқлик ёшу кексаларнинг қадрдон маскани айни бузилишга тушган ҳудудда жойлашган. Шундан сўнг, мураббий бизни футбол майдонига бошлади.

- Ушбу ўйингоҳ 1966 йилда халқ томонидан ҳашар йўли билан қурилган. 2013 йилда болалар спорти жамғармаси томонидан маблағ ажратилиб, қайта таъмирланган. Ҳозир стадионимизда барча шароитлар бор, у ФИФА, Олимпия стандартларига тўлиқ жавоб беради. Майдоннинг бузилишини бозор бузилишидан деб биламан. Чунки стадионнинг трибуналари бузилиб, уларнинг ўрнига дўкон қурилади деган гап-сўзлар чиқяпти. Аммо бундан халқ бутунлай норози. Миллий меросимиз бўлган чинорлар, оталар чойхонаси, стадион – тўртта дўконни деб биздан мана шу қадриятларимизни тортиб олишмоқчи. Бюджетларида маблағ бўлса, бозорни қуриб битказишмайдими, чала бузилиб, вайрон ҳолда ётибди.

Олтиариқдаги футбол майдони бугун ҳаваскор ва профессионал спортчиларнинг севимли маскани, қатор юлдузларни кашф этган даргоҳ. Болалар спорт мажмуасининг бир қисми бўлган бу майдонга туман мутасаддилари турли тадбирлардагина келади, бошқа вақт эса бу майдонни ўз кучимиз билан таъмирлаб, фойдаланишга яроқли ҳолда ушлаб турамиз, - дейди спорт мажмуаси мураббийи Хайрулло Мирзажонов.

Шундан сўнг, Олтиариқ тумани ҳокимининг жорий йил 25 сентябрдаги 3076-сонли  қарори эътиборимизни тортди. Унда деҳқон бозори ҳудудидаги тадбиркорларни бошқа жойга кўчириш ҳамда ҳозирги кунда туман марказий ўйингоҳи давлат стандартларига мос келмаганлиги сабабли  ўйингоҳни қайта мослаштириш ишлари ташкил этилиши юзасидан ишчи гуруҳини тасдиқлаш ҳақида сўз боради. Шунингдек, қарорда бу борада тегишли ташкилотларга керакли топшириқлар берилган. “Олтиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мухтор Исроилов билан туман ҳокимининг мазкур қарори юзасидан суҳбатлашдик.

- Ушбу қарорда ҳеч қандай манба йўқ, қуруқ гаплар. Бузасан, тамом дейилган. Туманнинг ташкилотлари ҳаммаси қўл қўйиб берган. “Келишилди” деган жойига. Аммо нимага келишилаётганини ўзлари ҳам билишмайди. Стадион бузилиши муносабати билан бирор хат ҳам беришмаган.

Биз мазкур мурожаат юзасидан Олтиариқ туман ҳокимлигида бўлдик. Бироқ туман ҳокими ёрдамчиси, туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари, туман архитектори ушбу мурожаат бўйича бирон ахборот беришни истамади. Фақатгина туман архитектори тасвир ортида туман марказий ўйингоҳи шамол йўналишига нотўғри тушганлигини, спортчи коптокни тепганда шамол таъсир ўтказишини, шунинг учун туман ҳокимлиги мутасаддилари ўйингоҳни шимол ва жануб йўналишига мослаб қуриш режалаштирилганлиги туфайли бузиш ҳақида қарорга келганлигини  айтди.

Шу ўринда қатор саволлар туғилади:

- Туман ҳокимлиги қарорида таъкидланганидек, ўйингоҳнинг давлат стандартларига мос келмаслиги деганда айнан қандай стандартлар назарда тутилган?

- Яқиндагина Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан отнинг калласидек келадиган пулга капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган ўйингоҳ қандай қилиб “давлат стандартлари”га мос келмай қолади? Наҳотки, бу ҳақида таъмирлашдан аввал ўйлаб кўрилмаган бўлса?

- Туман архитектори таъкидлаганидек, “ўйингоҳ шамол йўналишига нотўғри тушганлиги, майдондаги тўп йўналишига шамол таъсир ўтказиши” бутун бошли майдоннинг бузилиб, қайта қурилиши учун қай даражада сабаб бўла олади?

Дарвоқе, туман ҳокимининг қарорида “марказий ўйингоҳ давлат стандартларига мос келмаслиги” деб баён этилган. Футбол майдонларига нисбатан FIFA (Халқаро футбол федерацияси) белгилаган стандартлари мавжуд, бироқ бу борада давлат стандартлари мавжудлиги ҳақида эшитмаган эканмиз.

Шундай қилиб, биргина туман ҳокимининг қарори билан олтиариқликлар учун қадрдон бўлиб қолган марказий ўйингоҳ, унга ёндош узоқ асрлик оталар чойхонаси, юз йиллик чинорлар омонат бўлиб қолгандек, гўё.

Мақола аввалида туман марказий ўйингоҳига қўшни бўлган деҳқон бозори ҳақида сўз очгандик. Марказий ўйингоҳ бузилишининг асл сабаби деҳқон бозоридаги муаммога ечим топиш эмасмикин? Боиси тунда дўконлари бузилган тадбиркорлар мана бир йил ўтса ҳамки сарсон. Туман ҳокимлиги тадбиркорларга айнан бузилиши кўзда тутилган марказий ўйингоҳ ҳудудидан жой бермоқчидир балки...

Олтиариқликлар олдидаги бир муаммо ечим топмай иккинчиси туғилмоқда.

Умид қиламизки, Фарғона вилоят ҳокими бу муаммога ижобий ечим топади ва олтиариқликларни рози қилади.

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланган Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олтиариқдаги марказий ўйингоҳнинг тақдирига бефарқ қолмайди ва бу муаммони ижобий ҳал этиш йўллари устида ишлайди, деб умид қилиб қоламиз.

Хуршид Далиев

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид