Спорт | 16:48 / 01.11.2018
20406
2 дақиқада ўқилади

«Реал» «Ювентус» билан ўйинчи алмашишни хоҳламоқда

Фото: Getty Images

«Реал» ва «Ювентус» клублари футболчилар алмашинувини амалга ошириши мумкин, деб хабар тарқатди Tuttosport.

Нашрнинг келтиришича, ҳимоячи Марсело Туринга, унинг «кекса синьора»даги ҳамкасби Алекс Сандро Мадридга йўл олиши эҳтимоли бор.

Қайд этилишича, «Юве» узоқ вақтдан буён Сандро билан битимни узайтириш борасида келиша олмаяпти (амалдаги шартнома 2020 йилгача мўлжалланган). Испанлар томонида эса Марсело португалиялик собиқ жамоадоши Криштиану Роналдунинг ортидан Италияга йўл олишни истамоқда.

Манбага кўра, футболчи айирбошлаш варианти айнан «қироллик клуби»ни кўпроқ қизиқтирмоқда. «Реал»дагилар «Ювентус»дан компенсация олишни ҳам кўзлашмоқда, боиси раҳбарият бразилиялик ҳимоячини 60, Сандрони эса 45 миллион еврога баҳолаган. Аммо ўйинчилар ёши ўртасидаги тафовутни ҳисобга олиб (Марсело 30, Сандро 27 ёш), клублар қўшимча тўловларсиз ўйинчи алмашиши имконияти ҳам йўқ эмаслиги айтилган.

Ушбу трансфер амалга ошишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ягона фактор сифатида икки ўйинчининг маошида сезиларли фарқ борлиги келтирилмоқда. Алекс Сандронинг йиллик маоши 2,8 млн еврони ташкил этса, Марселога йилига 10 миллион иш ҳақи тўланади.

Мавзуга оид