Жамият | 14:40 / 05.11.2018
20406
4 дақиқада ўқилади

Томоғидан нафас олаётган, жони азобда бувайдалик 5 ёшли Асилбек кўмакка муҳтож

Мурожаат тушган жойга бориб, ёш болакайнинг ҳолатини кўргач,  анча вақт ўзимизга кела олмадик.  

Фарғона вилоятининг Бувайда тумани, Янгиқадам қишлоғи, Ёшлар маҳалласидаги кўмакка муҳтож хонадон. Оиланинг аҳволи жуда оғирлиги яшаш шароитидан кўриниб турибди.  Оила бошлиғи Раҳмонжон Деҳқоновга “Тасвирга оламиз, беморни чақиринг”, деймиз. Ичкаридан онаси билан ёқимтойгина болакай чиқиб келди. Боланинг кўзлари кулиб турарди. Кўринишидан беморга ҳам ўхшамайди. Лекин унинг инсон зоти чидаши қийин бўлган азобланиши бор экан.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

“Асилбек бундан уч йил аввал қўшнимизнинг уйида ўйнаётиб, ҳашаротларга қарши сепиладиган заҳарли кимёвий дорини ичиб юборган. Томоғи, нафас йўллари куйиб, қаттиқ шикастланган. Айни пайтда томоғидаги трубка(найча) орқали нафас олади”,-дейди унинг отаси Раҳмонжон.

Асилбек ҳар йили бир-икки марта жарроҳлик амалиётидан ўтаркан. Заҳарли дори зарарлаган ҳиқилдоқ ва ичакда чандиқлар ўсиб чиқади ва уни жарроҳлик йўли билан операция қилиб олиб ташланади.

Энг ёмони, бемор болакайнинг томоғида турган трубка бир кунда икки марта балғамга тўлганида, нафаси қиса бошлар экан. Трубкани томоқдан суғуриб олиб, тозалаш керак. Онаси боланинг азобланиб додлашига чидай олмайди. Оёқ-қўлини босиб туришади.  Бу ишни отаси бажаради. Ҳар куни икки марта оғриқ ва уқубат... Овқатланиш жараёни ҳам оғриқли кечади.

Оилада уч фарзанд катта бўляпти. Катта ўғил коллежни тамомлабди. У бировларнинг хонадонларида мавсумий ишларни бажариб, рўзғорга қарашяпти. Ўртанчаси ўқувчи. Онаси Ҳилолахон эртаю кеч бемор Асилбек билан бирга. Афтодаҳол хонадоннинг барча аъзолари битта хонада яшар экан. Аянчли шароит. Фарғона вилояти ва Бувайда тумани ҳокимликларининг шу пайтгача оиланинг ҳолидан хабар олмагани эса янада ачинарли ҳолат. Бувайда тумани ҳокимига мурожаат қилиб боришганида, дакки эшитиб қайтишибди.  

“Қарз олмаган қариндошимиз қолмади ҳисоб. Асилбекнинг томоғига қўйиладиган трубка ҳам чет элники. 200 доллар туради. Қариндошлар аҳволимизни билганидан пулини сўрашмаяпти. Ҳар ойда икки марта Тошкентга даволангани машинада бориб келиш 300 минг сўмга тушади. Ойига уч миллион пул болани даволагани кетяпти”,-дейди ота.

Бечора оиланинг вилоят мутасаддилари, туман ҳокимлиги, прокуратураси ва бошқа маъсулларга қилган мурожаатларидан наф бўлмаган. Онасининг “Ҳатто МФЙ 14 ёшгача бўлган “Болалар пули”га ҳам қўшмади”, дегани бизни ҳайрон қолдирди.

Асилбек, овози чиққан пайти ёдлаган шеърларини унутмабди. Томоғидаги трубкадан пишиллаб товуш чиқариб, шеър айтиб беришга уринди. Унинг томоғидан чиққан “она”сини эшитиб, яна эзилдик.

Пестицид, яъни заҳарли дорини ичиб юбориб азобланаётган 5 ёшли Асилбек Шерқўзиевга “ҳиқилдоқ ва трахеянинг сурункали чандиқли торайиши. Трахеоканлюяр” ташхиси қўйилган.

Бор умид мана шу мақолани ўқиб турган ва ўқиганидан сўнг бошқаларга ҳам етказган инсонлардан.

Асилбекни чет элда даволаш мумкин. Лекин ўзи шундай ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ота-онаси уни қайга ҳам олиб борсин? Унинг яқинлари бизни умид билан кузатиб қолишди.  Боланинг даволаниши ва дори-дармонлар харид қилиниши учун катта миқдорда маблағ зарур. Биз барчадан унинг даволанишига баҳоли қудрат кўмак кўрсатишни сўраб қоламиз. Савоб ишга биргаликда бош қўшайлик, азизлар.

Пул ўтказмоқчи бўлганлар учун Асилбекнинг дадаси Раҳмонжон Деҳқонов номига очилган пластик карточка:

Click/Payme: 8600 0423 3549 0685           

MФО: 00525

ИНН: 200163038

Ҳ/Р:  23120000700000525001

Телефон рақами: +998 (94) 136 15 80 (дадаси)

Элмурод Эрматов тайёрлади

Мавзуга оид