Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ Самарқанд академик лицейи. Ўқувчи нимадан норози?
«Kun.uz» таҳририятига Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейи ўқувчисидан мурожаат келиб тушди.
Унда шундай дейилади: «Лицейда 800 нафарга яқин ўқувчи ўқийди. Аммо лицей ошхонасига 100 киши сиғади холос. Ошхонада гигиеник қоидалар унутилган. Текширувчилар келганда булар олдиндан огоҳлантирилади. Бизга ҳатто ҳайвон ҳам емайдиган овқат пиширишади. Сомса (молнинг калла-почасидан), перашкиси ёғга бўкиб ётади. Ўқитувчилар ва директоримизга бошқа турдаги овқатлар пиширилади. Бизга ҳатто бир неча кунлик қайлани ҳам бераверишади. Мен ўша овқатлар туфайли ошқозонимдан қаттиқ азият чекаяпман.
Қолаверса, биз ИИВ Самарқанд академик лицейида ўқиб, ҳалигача форма билан таъминланганимиз йўқ. Форма учун пулни шу йилнинг июль ойида йиғиб берганмиз. Форма фақат 1-курс ўқувчиларига берилган. Текширувчилар келишганда улар йиғилишга чиқишади. Ҳаммаси кўзбўямачилик. Ҳатто иситиш тизими йўқ. Хоналар совуқ».
Мазкур мурожаат бориб ўрганилди.

Ушбу лицейда 775 нафар ўқувчи ўқийди. Мурожаатда айтилганидек, ҳақиқатан ҳам лицей ошхонаси 100 ўринга мўлжалланган.

– Келгуси йили дастур асосида 200 ўринли ошхона қурилади, – дейди лицей директори Актам Усмонов. – Айни вақтда лойиҳалаш ишлари давом этмоқда.
Маълум бўлишича, айни вақтда лицей ўқувчилари ўз ҳисобларидан овқатланишади. Ошхонада нонушта, тушлик ва кечки тановул учун таомлар тайёрланади.
Аммо ошхонадаги санитария ҳолатини яхши деб бўлмайди. Бош ошпаз ошхона охирги марта қачон давлат санитария-эпидемиолгия назорати маркази томонидан текширувдан ўтказилганини ҳам айтиб бера олмади.


Ўша куни тайёрланаётган таомлар тиббиёт ходими назоратидан ўтмаган. Таомлар сифатига ҳеч ким жавоб бера олмайди. Бош ошпаз бу ҳолатни ошхонага бириктирилган ҳамшира келмай қолгани билан изоҳлади.
Лицей ўқув хоналари ва ётоқхонасидаги иситиш тизимига келсак, айни вақтда бу борада таъмирлаш ишлари олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик.


Лицей директорининг айтишича, иситиш тизими 15 ноябрдан ёқилади. Аммо электр энергиясидаги узилишлар иситиш тизимида бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Табиий газ йўқ. Ушбу муаммолар юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимовга мурожаат қилинган.

Лицейда ҳақиқатан ҳам форма масаласи муаммо. Ўқувчилардан форма учун жорий йилнинг июль ойида 450 минг сўмдан пул йиғиб олинган. Ушбу маблағлар банк орқали Тошкентдаги «Ideal business center» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Айни вақтда фақат 1-босқич ўқувчилари форма билан тўлиқ таъминланган, холос.
– Бизга формаларни тайёрлаб бериши лозим бўлган корхонанинг айби билан бу муаммо юзага келди, – дейди лицей директори. – Улар шартнома шартларини вақтида бажаришмаяпти. Телефон қўнғироқларига умуман жавоб бермай қўйишди. Ҳали ўқувчиларга қишки кийимлар ҳам тайёрлатишимиз лозим.
Актам Усмонов шундай деб, корхона директор ўринбосарига олдимизда телефон қилди. Бир неча бор уринишлар зое кетди. Жавоб бўлмади. Ўзимиз ҳам уриниб кўрдик, аммо корхона мутасаддилари билан боғланишнинг иложи бўлмади.
Кейинчалик ушбу ҳолат юзасидан корхонанинг Самарқанд вилояти бўйича вакили Абдусодиқ Ирисовдан изоҳ олдик.
– Корхонамиз Ички ишлар вазирлигининг ҳудудлардаги шу каби барча лицейларидан буюртма олган, – дейди А.Ирисов. – Буюртма ҳажми катта бўлгани учун ҳам формаларни етказиб бериш кечикмоқда. Қолаверса, форма тайёрлаш учун хомашё Хитойдан олиб келинади. Айни вақтда хомашё етиб келган. Ҳозир лицейнинг 2-босқич ўқувчилари учун яна 50 комплект форма берилди. Тез кунларда лицей ўқувчиларини форма билан тўлиқ таъминлаймиз.
Мурожаатда келтирилган важлар ўз исботини топди. Лицей ошхонасидаги санитария ҳолати талаб даражасида эмас, иситиш тизимида ҳам муаммолар бор ва ўқувчилар формаси бўйича ишлар масъул корхона айби билан пайсалга солинмоқда.
«Kun.uz» масъул ташкилотлар томонидан ИИВ Самарқанд академик лицейидаги ушбу муаммоларга тез орада барҳам берилишига, масалалар ижобий ечим топишига умид билдиради.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025