Спорт | 21:40 / 07.11.2018
4648
2 дақиқада ўқилади

«Монако» клуби хўжайинига коррупция айблови эълон қилинди

Россиялик ишбилармон Дмитрий Риболовлевга Монако адлияси томонидан коррупция айблови эълон қилинди ва у ҳуқуқий назорат остида озодликка қўйиб юборилди. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар беради.

Бундан ташқари, Монако адлиясининг собиқ раҳбари Филипп Нарминога, унинг хотини ва ўғлига, шунингдек, Риболовлевнинг адвокати Татьяна Бершедага ҳам айблов эълон қилинган. Улар озодликка чиқарилган, бироқ, ҳуқуқий назорат остида бўлишади.

Аввалроқ, Риболовлев Килиан Мбаппенинг трансферидан жуда катта маблағни ўзлаштириб олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ўз навбатида «Монако» клуби бу айбловларга ўз муносабатини билдирди ва уларни қатъий рад қилди.

«Монако» клуби Дмитрий Риболовлевга эълон қилинган айбловни рад қилади. У Килиан Мбаппе трансферидан тушган маблағга қўл теккизмаган. Бу ҳақда барча ҳужжатларни тақдим қиламиз.

Риболовлев клуб президенти бўлгач, барча трансферларга, футболчиларнинг маоши ва клуб қарзларини узишга 335 миллион евро сарфлади. Натижада, клубнинг қарздорлиги 2017 йил 30 июнь кунига келиб тўлиқ бартараф этилди», - дейилади баёнотда.

Мавзуга оид