Спорт | 22:51 / 13.11.2018
18962
2 дақиқада ўқилади

Фото: «Андижон»нинг Суперлигага қайтиши мухлислар учун байрамга айланди​​​​​​​

Про-лига мусобақаларининг «А» гуруҳидаги 35-тур учрашувини «Андижон» клуби мухлислари ўзгача руҳда кутишди. 

Чунки, 13 ноябрь куни бўлиб ўтадиган баҳсда «Андижон» «Истиқлол»дан устун келса, сўнгги турда қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, 1-ўринни эгаллаши аниқ эди.  Гуруҳда 2-поғонада бораётган «Машъал» эса «Андижон»дан 3 очко ортда бўлиб, ўзаро ўйинлар натижасига кўра, муборакликлар сўнгги турдан кейин «Андижон»дан олдинга ўтиб кета олмасди.

«Баркамол авлод» стадионига келган кўп сонли мухлислар ўз жамоасидан фақат ғалаба кутишарди.

«Андижон» клуби биринчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган бўлсада, 43-дақиқада  меҳмонлар Жавоҳир Расуловнинг голидан сўнг олдинга чиқиб олишди. Танаффусдан сўнг ўйин тизгини мезбонлар томонга ўтди. «Андижон» клубидан Нодир Мавлонов (48), Шаҳбоз Жумабоев (56, пенальти) биттадан гол уриб, ўз жамоасини  Суперлигага олиб чиқишди.

Ўйиндан сўнг бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов клуб аъзоларининг ҳар бирига 10 миллион сўмдан мукофот пули, бош мураббий Илдар Сакаев ва Шаҳбоз Жумабоевга эса автомашина калитини топширди.

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ
мухбири

Мавзуга оид