Жамият | 19:54 / 13.11.2018
4674
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Ҳалол туризм» бўйича тренинг ташкил этилди

Миллий туризм саноатини ва жаҳон туризм бозорида таклиф этилган миллий туризм маҳсулотларини, жумладан, зиёрат туризмини диверсификация қилиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Ҳалол туризм» мавзуида тренинг ташкил этилди. Мазкур тренингни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Исломий давлатлар ижтимоий, иқтисодий, статистик тадқиқотлар ва тренинг маркази мутахассислари Ёсин Зулфиқор ўғли ва Цем Тинтин олиб бормоқда.

Бугунги кунда туризм соҳаси мамлакат бюджетига яхшигина фойда келтирмоқда. Сўнгги йилларда мусулмон давлатларида ҳам айнан туризм, уни ташкил қилиш, сайёҳларга барча имкониятларни яратиб бериш, жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда «Ҳалол туризм» стандарти жаҳон бўйлаб татбиқ этилмоқда. «Ҳалол туризм» мусулмонлар учун мўлжалланган бўлиб, дам олиш ислом шариатига мувофиқ бўлишига имкон беради. Яъни, «Ҳалол туризм» меҳмонхоналарда ҳалол озиқ-овқат ва хизматларни таклиф қилади. Бу ташкилот томонидан тегишлича сертификатланади. Бундан ташқари, «Ҳалол туризм» бўйича мусулмон зиёратчилар учун ҳар бир меҳмонхонада қибла томонни кўрсатувчи белги, Қуръон китоби, жойнамоз ҳамда таҳоратхоналар бўлиши белгиланган. Тренингда айнан шу жиҳатлар алоҳида муҳокама этилди.

Тренингнинг биринчи кунида мутахассислар йиғилган тадбиркорларга «Ҳалол туризм» ҳақида маълумот бериш билан бир қаторда бу сертификатга эга бўлиш қандай имкониятлар беришини айтиб ўтишди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Бундан ташқари, тренингда мутахассислар «Ҳалол туризм» нормалари бўйича фаолият юритаётган давлатларда бошқа давлатларга нисбатан туризм ривожланганини ўз тақдимотида кўрсатиб ўтишди. Тренинг маркази мутахассислари Ёсин Зулфиқор ўғли ва Цем Тинтин ўз ташрифлари давомида Самарқанд шаҳрида янги очилган «Ипак йўли» халқаро туризм университетига ташриф буюриши ва университет фаолияти билан танишиши кутилмоқда.

Тренингда қуйидаги мавзулар: «Ҳалолни тушуниш: концепцияси, таърифи», «Ҳалол туризм ва мусулмон меҳмондўстлиги: таърифи ва тушунчалари», «Жаҳон бўйлаб ҳалол туризм стандартлари», «Ўзбекистон учун ҳалол туризм стратегияси (режалаштириш ва мунозараси)» кўриб чиқилиши режалаштирилган. Тренинг давом этмоқда.

Мавзуга оид