Жаҳон | 07:47 / 14.11.2018
5647
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ХАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” етакчилари ҳақидаги ахборот учун мукофот пули тайинлади

Фото: AP Photo / J. Scott Applewhite

АҚШ ХАМАС етакчиси Солиҳ ал-Арурий ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбарлари Ҳалил Юсуф Маҳмуд Ҳарб ва Ҳотам Али Тоботой ҳақидаги ахборот учун 5 млн доллар мукофот пули таклиф қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти эълон қилган.  

Таъкидланишича, ал-Арурий ХАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари ва ҳаракатнинг жанговар қаноти “Иззидин ал-Қасса” бригадаси асосчиларидан бири ҳисобланади. АҚШ давлат департаменти фикрича, ал-Арурий ХАМАСнинг Иордан дарёсининг чап қирғоғидаги ҳарбий операцияларини молиялаштирган ва бошқарган ҳамда бир нечта теракт ва одамлар ўғирланишига алоқадор.  

2017 йилда ал-Арурий 2014 йил 12 июнда Ғарбий қирғоқда уч исроиллик ўсмирнинг ўғирланиши ва ўлдирилиши учун ХАМАС жавобгар эканлигини эълон қилган.

Ҳалил Юсуф Маҳмуд Ҳарб “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг маслаҳатчиси ҳисобланади. Давлат департаменти фикрича, у ҳаракатнинг Фаластиндаги ва Яқин Шарқ давлатларидаги ҳарбий операцияларига қўмондонлик қилган ва уларни назорат қилган.

Ҳотам Али Тоботой эса “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий етакчиларидан бири бўлиб, ҳаракатнинг Сурия ва Ямандаги махсус кучларига қўмондонлик қилган. Давлат департаменти фикрича, бу кучлар минтақадаги вазиятнинг барқарорсизлашувига олиб келган. 

Таъкидланишича, икки гуруҳ ҳам Эрондан қурол ва молиявий кўмак олади. Бу гуруҳлар давлат департаменти томонидан 1997 йилда хорижий террорчилик ташкилотлари, 2001 йилда эса жаҳон террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган. 

АҚШ 13 ноябрда “Ҳизбуллоҳ” етакчисининг ўғли Жавод Насруллоҳни ҳамда Ғазо секторидаги “Мужоҳидлар бригадаси” гуруҳи ва яна 4 кишини санкциялар рўйхатига киритди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид