Иқтисодиёт | 11:47 / 14.11.2018
17978
4 дақиқада ўқилади

Бизнеснинг янги ва самарали тури – меҳмон уйлари очиш нимаси билан фойдали?

Ўзбекистон гўзал табиати, шонли тарихи, ноёб обидалари ва қадамжолари билан сайёҳлар эътиборини жалб этиб келган. Қолаверса, ўзбек халқи меҳмондўст. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил август ойида қабул қилинган оилавий меҳмонхоналарни ташкил этишга оид қарорида ҳам айни шу жиҳатлар эътиборга олинган.

Қисқа вақт ичида мамлакат бўйлаб бу борада сезиларли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида бугунги кунда ўнлаб оилавий меҳмон уйлари сайёҳларни қабул қилиб келмоқда.

Биз пойтахтнинг Восит Воҳидов кўчасидаги ана шундай оилавий меҳмон уйида бўлиб, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш

Тадбиркор Икрамжановлар оиласи жорий йил ёзида меҳмонхона очиш учун барча зарур ишларни амалга оширишган, керакли ҳужжатларни тайёрлашган. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан оилавий меҳмон уйлари ташкил этиш таклифини олишади. Оила кўп давлатларда бўлганлиги, уларнинг шарт-шароитларидан хабардорлиги учунми, туризм ривожига хизмат қиладиган бу фикрни бажонидил маъқуллашди. Шундай қилиб, оилавий меҳмонхона эмас Оилавий меҳмон уйи очишга муяссар бўлишди.

«Меҳмонхона очишга қараганда меҳмон уйини очиш осонроқ экан. Бу ишни бошлашга ҳужжатлар жуда кам талаб этилар экан. Ариза билан чиққанингиздан сўнг, уни уч кун ичида кўришиб, барча талабларга жавоб берса, расмийлаштириб беришар экан. Ишимиз ёмон эмас, изланяпмиз, ўрганяпмиз, меҳмонлар келиб туришибди.

Моддий фойда кўряпмиз. Истайсизми йўқми, барчаси барибир маблағга бориб тақалади. Келганлар бекорга меҳмон бўлиб кетишмайди. Меҳмонхонада пул бериб яшаб кетишса, бу ерда ҳам шу. Фарқи шундаки, бу ерга келганлар меҳмон уйи оила аъзолари билан мулоқот қилади, турмуш тарзимиз ҳақида тушунчага эга бўлади ҳамда уйда тайёрланган таомлардан тановул қилади.

Буни ҳеч ҳам қийин жойи йўқ, имкониятлар бор, шу сабаб ҳамюртларимизга ушбу бизнесни тавсия этамиз. Ўзингни уйинг, ҳамма нарсани биласан, одатий меҳмон келиб-кетгандай ҳаракат қиласан, ишли бўласан, даромад қиласан, оилангнинг моддий таъминоти яхшиланади», – дейди Nice меҳмон уйи раҳбари Фарида Икрамжанова.

Фарида Икрамжанова

Ҳовли озода. Хушбуй гуллар киши баҳру дилини очади. Меҳмонларни қабул қилишга шай қилинган хоналар барча қулайликларга эга.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига оилавий меҳмон уйлари хизмати кўрсатувчи хусусий тадбиркорлар учун уларнинг жойлашиш минтақаси ва тоифасига қараб, мавжуд солиқнинг алоҳида ставкасини тайинлаш тўғрисида уч ой муддатда таклиф киритиш белгиланди ва бу масала бўйича ҳам имтиёзлар яратилиши кутиляпти.

Оилавий меҳмон уйини ташкил этиш учун тегишли турар-жойга эга бўлган шахс оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ягона реестрига кириш ҳақида ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади.

Қўмита ҳужжатларни олган кунидан бошлаб уларни уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда натижалар юзасидан далолатнома расмийлаштиради. Ушбу далолатнома асосида уйлар ягона реестрга киритилади ва реестрга киритилгандан сўнг тегишли хизматларни кўрсатиш мумкин бўлади. Реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва кўчирма бериш учун тўлов ундирилмайди.

Реестр электрон шаклда юритилади ва Туризмни ривожлантириш қўмитаси расмий веб-сайтга жойлаштирилади. Реестр онлайн тартибида янгилаб турилади.

Мавзуга оид