Спорт | 08:40 / 14.11.2018
9577
2 дақиқада ўқилади

«Реал» Солари билан янги битим тузганини эълон қилди

Фото: Quality Sport Images/Getty Images

Сўнгги ҳафталар давомида «Реал»  бош мураббийи вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келган Сантьяго Солари доимий лавозимга тайинланди. Бу ҳақдаги маълумотни «Реал» расмий сайти тасдиқлаган.

Расман маълум қилинишича, мураббий билан шартнома 2021 йил 30 июнига қадар муддатга имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча мадридликлар раҳбарияти Испания қироллик футбол федерациясига ушбу тайинлов ҳақида билдирги жўнатгани хабар қилинган эди.

Маълумот учун, «Реал» Солари қўл остидаги тўртта ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, умумий 15:2 тўплар нисбатини қайд этди. У 1929 йилдан кейин клуб бошқарувига келган барча мураббийлардан яхшироқ стартни қайд эта олди. Айни пайтда жамоа Ла Лигада 12 турдан сўнг 6-ўринни эгаллаб турибди, пешқадам «Барселона» билан орада 4 очколик фарқ бор.

Эслатиб ўтамиз, аргентиналик мураббий 29 октябрдан буён «Реал» асосий жамоасини шуғуллантириб келмоқда. У бунга қадар клубнинг ёшлар жамоаси «Кастилья»га устозлик қилаётганди.

Мавзуга оид