Жамият | 12:38 / 20.11.2018
98495
10 дақиқада ўқилади

Водий вилоятларида электр энергияси танқислиги. Мутасаддилар нима дейди?

Куз ва қиш фаслининг совуқ кунлари бошланиши билан аҳоли ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда электр энергиясидаги узилишлар билан боғлиқ муаммолар юзага келади. «KUN.UZ» сайтига келаётган жуда кўплаб мурожаатларнинг мазмуни ҳам мана шу ҳақда.

Айниқса, аҳоли зич яшайдиган, водийнинг - Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электр таъминоти барқарор ишламаётгани ҳақидаги арзномалар минтақада мазкур муаммо долзарб эканлигини кўрсатмоқда.

Сарлавҳадаги саволга жавобни эса мақоланинг сўнгида топасиз.

«KUN.UZ»га келаётган мурожаатлар

Таҳририятга келаётган юзлаб мурожаатларнинг айримлари билан танишсак: «Ассалому алайкум, KUN.UZ. Фарғона вилояти, Қува тумани, «Дўстлик» МФЙдан мурожаат қилмоқдамиз. Электр жуда кўп ўчяпти. Маҳалламизга сутка давомида 2 соат ўчириб, 1 соатдан ток беришяпти холос. Аҳолига қийин бўлмоқда. Ахир, электр тўловини вақтида қиляпмиз-ку? Ўтган йили жуда яхши бўлганди. Бу йил эса жуда кўп ўчиришяпти. Болаларнинг мактабга дарс тайёрлашида ҳам қанча муаммолар. Қоронғида ўтиришнинг чегараси борми? Ҳудудимиз, «Хонобод» линиясига уланган».

«Андижон шаҳар, Андижон МФЙ, «ГЭС» кўчасида истиқомат қиламан. Касбим ўқитувчи. Электр кунига 10 соат бўлмаяпти. Айни керак пайтда ўчади. Эрталаб, соат  06:00да ўчиб, 08:00да ёнди. Кейин, соат 10:00да ўчириб, 12:00да беришди.  Ахир, қайси асрда яшаяпмиз? Ҳеч бўлмаса, аҳолига аниқ жадвални бериб ўчиришса бўлармиди? Бирор режалаштирган ишимизни қила олмай мана якшанбани ҳам ўтказдик».

«Наманган шаҳар, 1-кичик даҳада яшаймиз. Мурожаат ёзишимнинг сабаби, нега электрни тинимсиз ўчираверишади? Баъзан икки, баъзида уч соат ўчади. Атай қилинаётгандек манзара. Умуман огоҳлантириш йўқ. Худди светофордек ўчиб-ёниши ҳам бор. Чироқлар, маиший техникаларимиз куйиб кетиб, янгилашга тўғри келяпти. Тўловни ўз вақтида олдиндан бераётган бўлсак, яна нега ўчиришади?».

«Бизни электр энергияси муаммоси бир ойдан буён мунтазам қийнаб келяпти. Сизлардан илтимос, муаммонинг ечими бор ёки йўқлигини ёритиб беринглар. Мен Охунжон Йўлдошев, Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Обод МФЙ, Ибрат кўчаси, 38-уйда яшайман. Тадбиркорман. Оилавий корхонам бор. Тозалаш воситалари ишлаб чиқарамиз. Бир ойдан бери, электр токини бир суткада роса энг кўпи 5-6 соат беришяпти холос. Бу шароитда умуман фаолиятимиз тўхтаб қоляпти. Банкдан кредитимиз бор. Ишламасак, уни қандай тўлаймиз? Менга ўхшаган қанчадан-қанча тадбиркорлар сарсон, электр тармоқларидан жўяли жавоб йўқ. «Юқоридан «ўчир» деса, ўчиряпмиз», дейишади. Тадбиркорларни қўллаш керак эмасми?».

Ана шундай арзномалар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятининг деярли барча туманларидан келиб тушмоқда.

Электр таъминоти корхоналари мутасаддилари нима дейди?

Биз мазкур ҳолатлар бўйича уч вилоят ҳудудий электр тармоқлари мутасаддиларидан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Фарғона вилоят ҳудудий электр тармоқлари тезкор диспетчер хизмати бошлиғи Дилшодбек Қодиров вилоят аҳолиси мурожаатларига қуйидаги жавобни берди: «Сўнгги кунларда Фарғона вилоятининг турли ҳудудларида электр таъминотида узилишлар бўлиб турибди. Бунинг сабаби, водий вилоятларига электр энергияси етказиб берувчи ИЭСлардаги ёқилғи билан боғлиқ муаммолардир. Вилоят ҳудудий электр тармоқларининг вазифаси, бизга берилаётган маълум бирликдаги электр энергиясини тақсимлашдан иборат. Айни пайтда, ҳудудларда 1-2 соатдан узилишлар бўляпти.

Қува, Риштон, Ўзбекистон ва бошқа туманларга бериладиган 114-линиямизда ўчишлар бўлиб турибди. Лекин, 3-4 соат, давомли ўчиришлар бўлгани йўқ. Қувват танқислиги ва ИЭСлардаги ёқилғи танқислигининг фарқи бор. Ёқилғи танқислиги бутун суткага таъсир ўтказади. Ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Жорий йил, кўп ҳудудларда электр узатиш тизимларини, подстанция, трансформаторларни юқори қувватда ишлайдиганларига алмаштириб, янгилаш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Ҳозирги кунда Фарғона вилоятининг бир кунлик электр энергияси истеъмоли суткасига 16 млн. кВт сга тенг бўляпти. Қиш кунларида эркин истеъмол учун 17,5 млн. кВт с керак бўлади. Туман ҳокимликларига шу кунларда узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида хабарномалар чиқарганмиз. Бироқ, бу ёқилғи камлиги учун вужудга келаётган вақтинчалик ҳолат.

Аҳолига шуни айтиш мумкинки, бу муаммоли ҳолат яқин кунларда тикланади. Бу билан, «юз фоиз ўчмайдиган таъминотга ўтамиз», деган фикрни гапиришдан йироқман. Айрим жойларда ток ўчиши мумкин. Ўтган йили қишнинг совуқ кунларида муаммоли ҳолатлар кам кузатилганини аҳоли яхши билади. Шу кунларда барқарор электр таъминотига ўтамиз».

Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош директори Аҳаджон Жўраев билан  боғланиб, аҳоли вакиллари томонидан берилаётган саволларга жавоб олдик.

«Иссиқ кунлардан совуқ мавсумга ўтиш пайтида аҳоли ўз хонадонларини кўмир билан эмас, турли электр асбоблари билан иситишга ўтади. Айни пайтда худди ана шу муаммоли кунлардамиз. Бундан ташқари, йилдан-йилга аҳоли ва саноат ишлаб чиқариш объектлари кўпаймоқда. Демак, истеъмолчилар сони ортяпти.

Ўтган йили шу кунларда вилоят 11 млн кВт с электр энергияси истеъмол қилган бўлса, бугунги кунда 13 млн. кВт с сарфланмоқда. Икки ҳафта оралиғида бизга энергия етказиб берувчи корхоналардаги ёқилғи муаммоси туфайли айни пайтда таъминотда узилишлар бўлиб турибди. Жойлардаги узилишлар тузилган жадвалларга асосан амалга ошириляпти. Мазкур муаммоли ҳолатлар кундан-кунга яхшиланиб боради. 17 ноябрь кунидан таъминотдаги режимда ижобий томонга ўзгаришлар бошланган», дейди мутасадди.

Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳам боғландик. Шуни айтиб ўтмоқчимизки, вилоятнинг деярли барча ҳудудларида ток масаласи жуда катта муаммо.

Вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тезкор диспетчерлик хизмати бошлиғи Раҳматилло Рисқулов аҳолини қийнаб келаётган муаммоли ҳолатларга ўз жавобини берди.

«Об-ҳаво ҳарорати кескин совуши оқибатида аҳоли ва ижтимоий-иқтисодий объектларда электр энергиясига бўлган талаб бирданига ошиб кетди. Октябрь ойининг охирида биз вилоятга ҳеч қандай чекловларсиз, 9,5 млн кВт с энергия тақсимлаётган эдик ва муаммо йўқ эди. Аҳоли ва корхоналарда электр билан иситиш қурилмалари борлиги сир эмас. Барча соҳалар бирданига электр билан иситишни бошлагач, вилоятга ажратилган лимит етмай қолди.

Бу эса тизимдаги барқарорликка таъсир ўтказди. Биз айни пайтда суткасига лимитга нисбатан ортиғи (перебор) билан ишлаяпмиз. Мана, 18 ноябрь кунига Наманган вилояти аҳоли ва халқ хўжалиги объектларига ажратилган лимит миқдори 10 млн 962 кВт с бўлишига қарамасдан,  чекловлар киритилган ҳолатда 11 млн 522 кВт с электр энергияси узатилди. Айни пайтда, далаларда экилган буғдойни суғориш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда суғориш насосларини ҳам узлуксиз энергия билан таъминлаш ҳаракатидамиз. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига иккита линия тортилган бўлиб, имкон қадар битта линия таъминоти сақланиб турибди.

Ҳозирда вилоятга энергия етказиб берувчи корхоналардаги ёқилғи муаммоси ҳал этилмоқда. Тез кунларда электр билан таъминлаш барқарор режимга ўтади», дейди у.

«Журналистча» таҳлил

Ҳаётимизнинг ҳар жабҳаси электр энергиясига боғлиқ бўлиб қолгани бор гап. Энергиясиз кундалик турмушни тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Ток ўчиши, деярли барча соҳаларга салбий таъсир ўтказади. Шаҳар ва қишлоқ жойларда иш юритаётган тадбиркорлар эса алоҳида мавзу.

Аҳоли вакиллари томонидан қилинган қўнғироқларда «Ҳеч бўлмаса, ток қачон ўчиши ҳақидаги аниқ жадвални ОАВ орқали эълон қилишса, юмушларни режалаштириб олар эдик», деган эътирозлар кўп учрайди. Водийнинг икки вилояти мутасаддилари бу масала ҳақида гапирган бўлсада, аниқ жадвалнинг ўзи йўқ. Бўлса ҳам, жойларда бу ҳужжатга умуман амал қилинмаяпти.

Водий аҳли кейинги йил декабрь ойида биринчи энергоблоки ишга тушадиган Тўрақўрғон ИЭСга катта умид боғлаб турибди. Лекин, бу йилги қиш мавсумидан ўтиб олиш керак.

Юқорида, мутасаддилар томонидан берилган жавобларга қониқиш ҳосил қилмаган бўлсангиз керак.

Сабаби, аниқ...

Биринчидан, республикамиздаги барча ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари, шу жумладан, водийнинг уч вилоятидаги корхоналар ҳам ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАНГАН ЛИМИТ доирасида аҳоли ва халқ хўжалигига электр энергияси тақсимловчи муассасалардир. Бир сўз билан айтганда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари электр энергиясини «Ўзбекэнерго» ДАКнинг «Энергосотиш» филиалидан сотиб олувчи, истеъмолчиларга тақсимловчи ва етказиб берувчи вилоятлардаги ягона монопол корхонадир.

Демак, муаммонинг ҳал қилувчи ташкилот «Ўзбекэнерго». Энергия ишлаб чиқарувчи станцияларнинг ёқилғи билан бўлган муаммоси ҳал қилиниши, вилоятларга эркин чекловларсиз электр энергияси етказиб бериш учун лимитни кўпайтириш зарур.

Иккинчидан, ўтган йилги қиш мавсумида Қирғизистон республикасидан 2 миллиард кВт с миқдорида электр энергияси сотиб олингани водий вилоятларида тизим барқарор ишлашига ёрдам берган экан!

Мутасаддилар эса шу кунларда яхши томонга силжиш бўлиши билдиришди. Қани, кутамиз.

P/S. Мақолани ёзишга ўтириб, қоқ ярмига келганимда хонамда ҳам чироқ ўчиб, 60 дақиқада ёнди.

P/S-2. Келгусида сайт таҳририяти «Ўзбекэнерго» раҳбари билан интервью уюштиришни мақсад қилган.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ водий мухбири

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид