Жамият | 19:55 / 22.11.2018
58326
4 дақиқада ўқилади

Қасамёд челленжи қачонгача давом этиши мумкин?

Ижтимоий тармоқда шу кунларнинг мавзуси Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган оммавий қасамёд маросимлари бўлмоқда.

19 ноябрь куни Сирдарё вилоятида фермерларнинг қасамёд маросимлари ўтказилиши биланоқ домино эффектида «қасам-челленж» авж олиб кетди.

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube.com

Фото: Sirdaryo24.uz
Фото: Sirdaryo24.uz

Вилоятдаги туманлар фермерлари ўз аҳдларига, шон-шавкатларига содиқлигини ифодалаб, юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшишни, нопок ишларга қўл урмасликни эзгу ният қилиб, қасамёд қабул қилишган бўлса, кейинги куни «флешмоб» Сирдарёда шифокорлар томонидан давом эттирилди. Сирдарёда тиббиёт ходимларига «президентга содиқлик ва ножўя ишларни қилмаслик» ҳақидаги қасамёд матни ўқитилди.

Фото: ижтимоий тармоқлар
Фото: ижтимоий тармоқлар
Фото: ижтимоий тармоқлар
Фото: ижтимоий тармоқлар

Шу куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам қасамёд маросими бўлиб ўтган. Унда 150 нафар шифокор ва 150 нафар ҳамшира туман мутасаддилари, кенг жамоатчилик олдида қасамёд қабул қилди.

Фото: Zarnews.uz
Фото: Zarnews.uz

Қасамёдлар билан боғлиқ ҳолатлар жамоатчилик томонидан хавотир ила қарши олинмоқда, бу ҳолатлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқидга учрамоқда.
Хусусан, киноя билан оммавий қасамхўрликни бошқа соҳаларга ҳам татбиқ этиш, амалдорларга порахўр бўлмаслик, ҳайдовчиларга қоидабузар бўлмаслик, ректорларга бункерлар ташкил этмаслик, талабаларга баҳо учун пора бермаслик, журналистларга маддоҳлик қилмаслик ҳақидаги қасамёдлар ичириш таклиф этилган. 

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова ҳам ушбу воқеаларга ўз муносабатини билдирган.

«Қишлоқ хўжалигидаги салбий ҳолатлар саноқли бўлса барчага «оммавий» қасам ичириш зарурми? Агар бундай ҳолатлар кўп бўлса, унда уларни келтириб чиқарган сабабларни таҳлил қилиш, тизимли чоралар кўрилиши керакку!?

Фикримча, фермерларимизнинг бу йилги ноқулай шароитда мўлжалдаги ҳосилни етиштира олмагани учун нафақат об-ҳаво ёки деҳқоннинг дангасалиги, уддабурон эмаслиги айбдор эмас, балки ишни ташкил қилишдаги тизимли камчиликларимиз сабаб бўлган», деган у.

Демократик тузумларда қасамёд кўп учрамайдиган тадбир бўлиб, фақатгина масъулият ҳажми улкан бўлган, масъулиятсизлик оқибатида жамият катта талофат кўриши мумкин бўлган ҳолатларда ҳамда судда – ҳақиқатни юзага чиқаришга сафарбар этилган идорадагина қўлланади. 

Президентлар ва ҳарбийлар халқ олдида, судда иштирок этувчилар Ҳақ олдида қасамёд қилади. Одатда ҳарбий ва мудофаа, тиббиёт соҳаларида тантанали қасамёд қабул қилиш маросимлари ўтказилади.

Сўнгги йилларда олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари ҳам турли қасамёдлар қабул қилишмоқда. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишига нима асос бўлаётгани ҳақида расмий муносабат билдирилгани йўқ.

Жаҳоннинг турли нуқталарида истиқомат қилувчи ўзбек мутахассислари, юртимиздаги зиёли қатламнинг катта қисми, кўплаб хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари «қасамёд-челленж» каби хўжакўрсинга қилинаётган тадбирларнинг асл сабаби, жамият учун реал таъсирини кўрмасликларини таъкидлаб келади.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу каби тадбирлар вақт ўтиб, Президент томонидан кескин танқид қилиниб, рақамли матбуотда фавқулодда салбий резонансга сабаб бўлса-да, тушунарсиз тадбир ва маросимлар давом этиш ҳоллари кузатилаверади.