Ўзбекистон | 21:06 / 22.11.2018
17815
5 дақиқада ўқилади

Таклиф ва илтимос: Танқис энергияни график асосида тақсимлаш наҳот имконсиз?

Куз яримлай бошлаши билан таҳририятга табиий газ ва электр энергиясидаги узилишлар ҳақидаги мурожаатлар кескин кўпайди. Айниқса ноябрь ойидан бутун республика бўйлаб тез-тез ток ўчиши муаммоси долзарблашди.

Газ ва электр таъминотидаги узилишлар вақти ҳам узайиб бораётгани сабаб аҳоли қишни хавотир билан қаршиламоқда. Кўплаб оилалар иситиш учун қўшимча чоралар кўриб қўйиш билан масалага имкон қадар ечим топаётган бўлса, фаолиятини электр энергиясиз юрита олмайдиган тадбиркорлар иложсиз аҳволда қолган.

«KUN.UZ»га келиб тушган мурожаатлардан бирида муаллиф айни масалага муносабат билдирар экан, бирмунча оддий, аммо энергия танқислиги шароитида улкан қулайликлар туғдириши мумкин бўлган таклифни ўртага ташлаган.

«Қиш мавсуми бошланиши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бош оғриққа айланиб боради. Шу мавзудаги шикоят хатлари севимли сайтга жўнатилиб, ўқувчилар диққатига ҳавола этиб борилади. Бу ҳам навбатдаги шикоят хати дейишга шошилманг. Мен бугун масаланинг бошқа томонига тўхталмоқчиман.

Яқинда шу сайт орқали Японияда бир йўловчи поезди белгиланган вақтдан бир неча сония эрта жўнаб кетгани учун миллий телевидение орқали расмий тушунтириш бергани ва узр сўраганини ўқигандик. Бир неча сония, соат эмас! Ҳозирги иқтисодиёт замонида манаман деган ривожланган давлатларда ҳам қийинчиликлар бўлаётганини кўриб турибмиз. Биздаги энергия танқислиги ҳам вақтинча эканини, эртанги кун учун меҳнат қилинаётгани ва албатта яқин орада яхши бўлишига ишонамиз. Аммо наҳотки электр энергиясидаги узилишларни аниқ вақт, тартиб ва тенглик асосида ташкил этиб бўлмайди? Матбуот ёки ТВ орқали тушунтириш, узр сўрашни-ку уёққа қўйиб туринг. Биз гази ҳам бор, свети ҳам умуман ўчмайдиган ҳудудларни кўриб, билиб турамиз. У нисбатан бой кишилар ёки ўжар кишилар яшайдиган ҳудудлар ҳисобланади. Бой инсонларга ҳасад қилган жойимиз йўқ. Зеро, бой кўпайса элга фойда. Ўжар деганим ҳам ижобий маънода, қайсики, ўз ҳаққини талаб қила оладиган, бирлаша оладиган кишилар маъносида. Демак, бу ерда яна ўша андишанинг оти қўрқоқ дейиляпти.

Электр узилиши аниқ қайсидир соатда эмас. Масалан, соат 6:13да, 8:47да, 10:37 ва бошқа дуч келган вақтларда ўчириб ёқилади. Эртаси куни буткул бошқа-бошқа вақтларда. Айнан фалон вақтда ўчади ёки ёнади, деб айта олмайсиз. Бирор ишни аниқ режалаштиришнинг имкони йўқ. Бир неча соатлик узилишдан кейин ёнган свет қандайдир 10-20 дақиқа атрофида қайта узилиши одамларнинг устидан кулишдан бошқа нарса эмаску? Бу станцияларда ўтирганлар шу электр мурватини кўтариб туширишни бир амал деб биладиларми? Қора саҳарда турмуш ўртоғини, қайнотасини ишга жўнатадиган аёлларнинг куймаланишларини, бешигида йиғлаётган боласининг оғзини пайпаслаб топиб кўкрак тутаётган келинчаклар ҳолатини, уй вазифаларини бажаришга қийналаётган болаларимиз, намоз учун ва намозларида юртига тинчлик, Президентига соғлик тилаш учун таҳоратга шошаётган қарияларимизнинг оқсашларини ҳис қила оладиларми?

Яна бир бор айтаман, халқимизнинг эртанги кунга ишончи чиндан ҳам ошди. Бу каби муаммолар вақтинча эканини биляпти. Ҳеч ким электрни бугун ўчмайдиган қилиб беринг, демаяпти. Фақат чекловларда нисбатан тенглик, инсоф тамойилларига амал қилинса, яхши бўларди.

Хатим сўнгида сайт ижодкорларини биз томонларга бир меҳмон бўлишга, ушбу муаммонинг мен айтган манзараларини кўз билан кўришга ва амалий ёрдам беришга таклиф қилиб қолардим. Ҳа айтганча, шундай хоҳиш пайдо бўлиб қолса, уни эълон қилмай келинг. Чунки қайтиб кетгунингизгача қишлоқларимиз шаҳар бўлиб кетади. Бу каби ҳолатларга ҳам ўрганиб қолдик-да».

Дарҳақиқат, ўринли фикрлар. Аммо унда билдирилган таклифни амалга ошириш учун, аввало, баландпарвозлар ҳақида гапиришдан тўхтаб, газ ва электр энергиясининг реал танқислиги борлигини тан олиш, сўнгра шу асосда чекланган ресурсларни адолатли тақсимлашни йўлга қўйиш лозим.

Электр энергияси тақчил ҳудудларда таъминотни график асосида ташкил этиш одамлар турмуши ва меҳнатини режали тарзда йўлга қўйиш имконини бериш билан бирга минглаб ҳамюртларимизнинг беҳуда асабийлашиши, пировардида халқнинг умумий кайфиятига салбий таъсир этишининг олдини олган бўларди.

Мавзуга оид