Фермерларни калтаклаган туман ИИБ раҳбарининг озодлиги икки йилга чекланди
23 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Ургут туман судида судья Акмал Аҳмадовнинг раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Қашқадарё вилоят Қарши туман ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган чоғида содир этган жинояти учун Жаҳонгир Ражабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Ж.Ражабов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан айбланган.
Чунончи, Ж.Ражабов Қарши туманидаги III сектор раҳбари сифатида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун масъул бўлса-да, ушбу ваколатларидан зўравонлик ва бошқа ғаразли ниятларда фойдаланган.
2018 йил 12 июнда туман ҳокимлигида давлатга ғалла топшириш режасини бажармаган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ўзи раҳбарлик қилган III секторда жойлашган бир неча фермерларни муттасил калтаклаб келган. Жумладан, тумандаги «Олим-Ойбек-Дилдора» ф/х раҳбари А.Назаров, «Зулфиқор бобо набираси Баҳодир» ф/х раҳбари Б.Тўраев ҳамда «Тошев Мухтор Эшдавлат ўғли» ф/х раҳбари Б.Тошев «Абдуғофуров Муҳаммад Раҳматуллаевич» ф/х раҳбари Р.Хўжақулов, «Нозимбек-Атҳам-Оғабек» ф/х раҳбари Ш.Бабанов, «Зоир ота ўғли Абдусалом» ф/х раҳбари С.Зайиров, «Чўлибўстон кўрки» ф/х раҳбари А.Қоржовов, «Жалолиддин Озодбек Севинч» ф/х раҳбари М.Тошев, «Норпулат бобо ўғли Башир» ф/х раҳбари И.Остоновни ғалла режасини бажармаётганлигини рўкач қилиб, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, қасддан уларнинг юз қисмларига қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, ҳақорат қилганлиги оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказган.
Бундан ташқари, Ж.Ражабов 2018 йил 12 майда Қарши тумани «Чарағил» маҳалласида жойлашган пахта қабул қилиш масканида фермер хўжалиги раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда тумандаги «Нафиса-Муниса-Эъзоза» фермер хўжалиги раҳбари Нафиса Кенжаева ундан ушбу сектор раҳбари сифатида сув берилишига амалий ёрдам кўрсатишини сўраганида, мансаб ваколатидан четга чиқиб, қасддан унинг юзига икки-уч марта қўллари билан уриб, унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказган.
Судланувчи Ж.Ражабов суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, номлари тилга олинган фермер хўжаликлари раисларини яқиндан танимаслиги, улар ғалла режасини бажармаганликлари сабабли режани бажаришни талаб қилганлигини ва айрим ҳолатларда уларни жаҳл устида бир икки шапалоқ урганлигини тан олди.
Хусусан, «Нафиса-Муниса-Эъзоза» фермер хўжалиги раҳбари Нафиса Кенжаева билан боғлиқ ҳолат юзасидан қуйидагиларни гапириб берган:
2018 йил 12 май куни туманнинг Чарағил қишлоғидаги пахта қабул қилиш пунктида фермер хўжалиги раҳбарлари билан туман ҳокими Ғ.Бегалиев бошчилигида бўлиб ўтаётган йиғилишга Н.Кенжаева кечикиб келиб, ўзини нима сабабдан йиғилишга айтилмаганлигини сўраб, тўсатдан унга қараб «ўғри, муттаҳам порахўр», деган сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди.
У Н.Кенжаевага ўтириб туришини, йиғилиш якунида гаплашиб, муаммосини ҳал қилиб беришини тушунтиради, лекин аёл йиғилишда ўтирмасдан, тўғри уни олдига келиб, «ўтирмайман, нима гапинг бор, қўлингдан келса мени ўтирғиз», деб гапиради. Ж.Ражабов уни ўтирмаса тик туриб йиғилишда қатнашиб туришини айтади, шунда у «менга нимага буйруқ берасан, сен кимсан, сени қўлингдан нима келади, ура оласанми ур, урсанг сенга кўрсатаман», дея жазавага туша бошлайди, унга яхши муомала қилиб, тинчлантирмоқчи бўлса-да, Н.Кенжаева олдига келиб, эгнидаги хизмат кийимининг ўнг елкасидаги погонини қўли билан ушлаб, тортиб юлиб олади.
Йиғилишда қатнашаётган Чарағил ҳудуди профилактика инспектори Р.Абдуллаев уни ажратиб, тинчлантириш учун четга олиб чиқади ва ушбу ҳолат бўйича Н.Кенжаевага нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилади ва у туман ИИБга олиб борилиб, судгача ушлаб турилади.
Ж.Ражабов ўша куни Н.Кенжаевани одамлар олдида унга ҳурматсизлик қилганлиги сабабли ҳақиқатдан ҳам юзига бир-икки шапалоқ урганини тан олган. Хуллас, шундан сўнг Н.Кенжаевага нисбатан профилактика инспектори Р.Абдуллаев ҳужжатларни тўплаб маъмурий судга юборган.
Кейинчалик материални судда кўрилганлиги натижасидан Ж.Ражабовнинг хабари йўқ экан. У ўша куни йиғилишда қолган, профилактика инспектори Р.Абдуллаев Н.Кенжаевани туман ИИБга олиб кетганидан сўнг кечқурун туман ИИБга қайтиб келиб, Р.Абдуллаевдан нима бўлганлигини сўраганида у унга барча ҳужжатларни расмийлаштирганлигини, Н.Кенжаевани маъмурий тартибда ушлаб туриш ҳақидаги баённомага асосан ВСХ (вақтинчалик сақлаш хонаси)нинг маъмурий камерасига жойлаштирганлигини ва Н.Кенжаевага нисбатан бўлган материални судга олиб чиқишини айтади.
Эртасига — 13 май куни эрталаб Н.Кенжаева уни хизмат хонасига кирганлигини ва унга навбатчилик қисмига топширган қўл телефонидаги ёзувлар ўчирилганлигини ва флеш картаси олиб ташланганлигини билдирганлигини, шунда у Р.Абдуллаевни чақириб, «агарда Н.Кенжаеванинг телефонига тегинган бўлсанг ўз ҳолатига келтириб қўйгин» деб айтади. Кейинроқ унга навбатчилик қисми қўнғироқ қилиб, ИИБга олиб келинган Н.Кенжаеванинг соғлиғи бўлмаётганлигини етказади шунда у «тез тиббий ёрдамни чақиринглар», деб айтади. Н.Кенжаевани ИИБ ходимлари урмаганини билдириб ўтган.
Судда Ж.Ражабов фермер хўжаликлари раҳбарларини ўз шахсий манфаати учун урмаганлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини, жабрланувчиларга етказилган зарарни қанча миқдорлигини айтса у тўлаб беришини баён қилиб, адолатли қарор қабул қилишни сўради.
Жабрланувчи Нафиса Кенжаева суд мажлисида (ва ҳукм ўқилганидан сўнг KUN.UZ мухбирига ҳам) воқеа юзасидан қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди:
«Нафиса-Муниса-Эъзоза» фермер хўжалигини раҳбари сифатида, ғаллага сув етказиб беришни сўраб 2018 йил 12 май куни туман ҳокимига телефон қилганида, у туманнинг Чарағил қишлоғидаги пахта қабул қилиш масканида бўлаётган йиғилишга етиб келишини айтади.
У етиб боргач у ерда кўп фермерлар йиғилганини кўради ва «Чарағил» ММТП раиси Ш.Қиёмовдан нимага уни йиғилишга айтишмаганини сўраганда унинг гапларини эшитиб турган ҳудуд профилактика инспектори Р.Абдуллаев унга «келган бўлсанг қисиб ўтир, айтмасак ҳам келибсан-ку?» дейди. Унга жавобан аёл «қўполлашманг» деганда Р.Абдуллаев олдига келиб чап елкасига бир марта уради.
Шунда Н.Кенжаева жойидан туриб туман ИИБ бошлиғи Ж.Ражабовга юзланиб, Р.Абдуллаев уни ураётгани, сув сўраб келгани учун шундай қилаётганини айтиб, сектор раҳбари сифатида фермер хўжалигига сув ёрдам қилишини сўрайди. Ж.Ражабов эса «бадимга урдинг-ку, бунча шикоят қиласан, сендан бошқа одам йўқми?» деб, профилактика инспекторига «олиб бориб, қама» дейди. Профилактика инспектори Р.Абдуллаев дарҳол унинг қўлларини орқага қайиради, шунда Н.Кенжаева «қамашга рухсатнома борми?» деб талаб қила бошлайди. Ж.Ражабов унинг олдига келиб, 2–3 марта унинг юзига шапалоқлаб уриб ташлайди, натижада Н.Кенжаеванинг пастки лаби ичидан йиртилиб қонайди.
Ж.Ражабов ходими Р.Абдуллаевга «олиб бориб қама», деб яна топшириқ бергач Р.Абдуллаев уни машинанинг орқа ўриндиғига мажбурлаб ўтирғизиб, туман ИИБга олиб келиб, ИИБ навбатчисининг тўғрисидаги камерага киритиб қамаб қўяди. Навбатчи Ж.Жўраев аёлнинг қўлидан телефонини олиб қўяди, Р.Абдуллаев камерага уни олдига кириб 2–3 марта оёғи билан тепади, бошига мушт туширади ва 3 йилга қаматиб юборишини айтиб чиқиб кетади.
Бироздан сўнг Н.Кенжаеванинг тоби қочади ва тез тиббий ёрдам чақирилади. Шифокорлар кетаётганида навбатчи Ж.Жўраев уларга «бошлиққа чиқинглар, маълумотнома беришларинг керак, қандай маълумот беришни ўзларинг биласизлар-ку?!» деб айтади. Шифокорлар кетгач, уни яна камерага тиқишади. Оч қолганда таом ва сув беришмайди. Бу орада Р.Абдуллаев яна камерага кириб келиб, бошига 2-3 марта уради, йиқилгач тепади ва Н.Кенжаева ҳушидан кетади.
Ҳушига келганда олдида 2 та унга нотаниш шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатиб туришганини кўради. Шифокорлар аёлнинг аҳволи оғирлигини айтиб, уни шифохонага олиб кетмоқчи бўлишганда, ВСХ бошлиғи А.Ҳидоятов олиб кетишга рухсат бермайди. Гарчи ИИБ ходимларидан бирор киши беморни кузатиб бориши сўралганида ҳам.
Эртаси куни (13 май) соат 9 ларда Н.Кенжаевани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабовнинг олдига олиб чиқишади, бошлиқ ундан ўзига келиб қолгани ва аҳволини сўрайди ва у уйига кетиши учун рухсат беради. Чиқиб А.Ҳидоятовдан телефонини сўраганида, телефонини Р.Абдуллаев олиб кетганлигини айтади.
Бироздан сўнг Р.Абдуллаев келиб телефонини беради, бироқ унинг ичидаги барча ёзувлар ўчириб юборилган ва ичидаги 16 Гбли флэшкаси олиб қўйилган бўлади. Аёл бунинг сабабини сўраганида Р.Абдуллаев яна Н.Кенжаеванинг юзига бир шапалоқ уради, бу ҳолатга А.Ҳидоятов гувоҳ бўлади. Аёл Ж.Ражабовнинг олдига чиқиб, Р.Абдуллаев телефонидаги маълумотларни ўчириб ташлаганлигини, яна урганлигини, унинг устидан арз қилишини айтади. Ж.Ражабов Р.Абдуллаевни чақириб, аёлдан кечирим сўрашини талаб қилади, лекин Р.Абдуллаев кечирим сўрамайди ва бошлиқнинг тушунтириш хати ёзиб бериш талабини ҳам бажармайди.
А.Ҳидоятов аёлни уйига элтиб қўяди. Шундан сўнг Нафиса Кенжаеванинг ўт пуфаги хуруж қилиб касалхонага тушади ва ўт пуфагини операция қилиб олиб ташлашади. Нафисанинг онаси Ч.Тошқулова Қарши туман ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов ва профилактика инспектори Р.Абдуллаев қизини урганлиги ҳолати бўйича Қашқадарё вилоят ИИБ ва вилоят прокуратурасига 2018 йил 14 майда ариза беради бироқ вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органлари онанинг аризасини жавобсиз қолдиришади.
Суд Жаҳонгир Ғаппорович Ражабовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддаси татбиқ этилиб, 3 (уч) йил муддатга корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва ички ишлар органлари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг Ж.Ражабовга яшаш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, муайян жойлар — кафе ва барларга бормаслик, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, Қашқадарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмасликдан иборат чекловлар юклатилди.
Судга Қашқадарёдан жабрланувчилардан фақат Н.Кенжаева келган. А.Аҳмадовнинг айтишича, қолган жабрланувчиларнинг кўрсатмалари Қарши туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида эшитилган.
Суд тугагач, Н.Кенжаева KUN.UZ мухбирига ҳукмдан мутлақо норози эканлигини баён қилди. Чунончи, Ж.Ражабовга ўта енгил жазо тайинлангани, аёл кишига қўл кўтариб, уни уриб оғир дардга мубтало қилган профилактика инспектори Р.Абдуллаев ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаганини, бемалол ишлаб юрганини айтиб ўтди. Р.Абдуллаев шу кунларда «югуриб, чопиб қўлингдан нима келди, мана?» деб унинг асабига ҳам тегаётганини айтиб ўтди.
Н.Кенжаева албатта суд ҳукми устидан шикоят қилишини, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судга Ж.Ражабов ва Р.Абдуллаев томонидан ўзига етказилган маънавий ва моддий (даволаниши ва операция учун кетган харажатлар) зарар учун даъво аризаси киритишини билдирди.
Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
09:18
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024