Жаҳон | 15:20 / 25.11.2018
7148
3 дақиқада ўқилади

ЕИ саммити Brexit бўйича келишувни тасдиқлади

Фото: Reuters

Европа Иттифоқининг 27та давлати ҳукуматлари раҳбарлари якшанба куни Европа Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Буюк Британиянинг иттифоқдан чиқиши бўйича келишувни (Brexit) тасдиқлашди. Бу ҳақда Еврокенгаш раҳбари Дональд Туск маълум қилди.

Келишувдан ташқари, Brexit ҳақидаги ҳужжатлар пакетига Бирлашган Қироллик ҳамда Европа Иттифоқининг келгусидаги муносабатлари белгилаб берилган сиёсий декларация ҳам киритилган.

ЕИнинг музокаралардаги координатори Мишель Барньенинг айтишича, Евроиттифоқ ҳамда Буюк Британия кейинги музокараларни 2019 йилнинг 30 мартидан, яъни Британиянинг ЕИ таркибидан чиқадиган куннинг эртасига бошлаши мумкин бўлади.

Франция президенти Эммануэль Макрон Британия ташкилот фаолиятида муҳим ўрин тутишда давом этишини айтиб ўтган.

Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер Брюсселдаги саммитда Буюк Британия ЕИни тарк этишини фожиали ҳодиса деб атади.

«Буюк Британиядек мамлакат Европа Иттифоқини тарк этишини кузатар эканмиз,— буни хурсандчилик билан қаршилаб, нишонлаш керакмас, бу ғамгин ва фожиали лаҳзалардир»,— дея унинг сўзларини келтирган AFP.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй мамлакат халқига очиқ хат билан мурожаат қилди. Мурожаат матни The Telegraph нашрида эълон қилинган.

Мэй ўз мактубида мамлакат аҳолисини Евроиттифоқ билан Brexit бўйича келишув лойиҳасини қўллаб-қувватлашни сўраган.

«2019 йил 29 март куни Бирлашган Қироллик Европа Иттифоқини тарк этади ва халқимиз ҳаётида янги саҳифа бошланади. Бу янгиланиш ва келишув нуқтаси бўлишини истардим. Биз одамларни мамлакат тузилмадан чиқишини ёқлаб ва қарши овоз берганларга ажратишни бас қилишимизни истардим», — таъкидлаган Британия бош вазири.

14 ноябрь куни Буюк Британия ҳукумати Brexit бўйича келишувни маъқуллаганди. Энди уни Европарламент ва Буюк Британия парламенти тасдиқлаши керак.

2019 йилнинг 29 мартида Буюк Британия ЕИдан чиқишига расман старт берилади. 21 ой давом этадиган ўтиш даврида Буюк Британия ЕИ ва божхона иттифоқи аъзоси бўлиб қолади, бу Ирландия билан чегарасини очиқ қолдириши эвазига бўлади. Агар томонлар 21 ой ичида - 2020 йилнинг 31 декабригача янги савдо келишувига эриша олишмаса, ўтиш даври муддати узайтирилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид