Жамият | 18:14 / 26.11.2018
6996
5 дақиқада ўқилади

Муаммо кимда: Обуначидами ёки ташкилотчида?

Кўпчиликка маълумки, айни кунларда республикамизнинг барча вилоят, шаҳар-туманларида босма нашрлар учун обуна ишлари давом этяпти. Бу борада  интернет сайтлари орқали босма нашрлар обунаси мавзусида бир неча бор мақолалар эълон қилинди. Уларнинг деярли барчасида интернет сайтларига мажбурий обуна юзасидан аҳоли мурожаатлари келиб тушаётгани баён қилинмоқда.

Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Бош Қомусимизнинг тегишли моддаларида Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўзининг ҳақ-ҳуқуқларига эга эканликлари белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари асосида инсон дахлсизлиги, унинг розилигисиз ҳеч бир ишга мажбуран жалб қилинмаслиги ҳамда қонунда белгиланган тартиблардан ташқари, унинг ойлик маошидан чегириб қолиш қатъиян тақиқланганини асло ёдимиздан чиқармаслик даркор. Агар юқоридаги қонун бузилиш ҳолатлари содир бўлса, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраб, тегишли органларга мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳозирги кунга келиб халқ орасида даврий нашрларга бўлган эътибор бироз камайиши кузатилмокда. Бунинг асосий сабабларини эса  қуйидаги мисолларда келтириб ўтмоқчимиз.

- Республикамизда чоп этилаётган айрим газета ва журналларнинг сифати нархига мос эмаслигидир. Баъзи даврий нашрларнинг йиллик обуна нархи ақл бовар қилмас даражада қимматлиги кишини ўйлантириб қўяди. Таҳририятлар томонидан белгиланган нархлар ўта юқорилиги сабабли обуначилар ўзлари хоҳлаган нашрларга обуна бўла олишмайди.

- Таҳририятлар буюртмалари асосида газета ва журналларни чоп этувчи босмахоналарнинг хизмат нархларини сунъий тарзда ошириб юборганликлари, уларни чоп этиш учун зарур бўлган қоғоз маҳсулотларининг ташқи бозорлардан қиммат нархларда импорт қилиниши ҳамда инфляциянинг ортиб бориши сабабли даврий нашрларнинг ҳам нархи кўтарилиб бормоқда.

- Айрим мансабдор шахсларнинг лавозимларидан фойдаланиб, ўз қарамоғидаги, «ҳомий»лигидаги даврий нашрларнинг мажбурий обунаси ташкил этилишида бош-қош бўлишидир. Обуначининг ўз хизмат соҳасига тегишли бўлмаган даврий нашрларга мажбуран обуна ташкиллаштириш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Обуначилар ўзлари учун керак бўлмаган, хизмат соҳаларига мутлақо мос келмайдиган даврий нашрлар учун раҳбариятнинг босими остида мажбуран обуна бўлишлари уларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

- Обуначиларнинг газета ва журналларга воситачиларсиз (почта) тўғридан-тўғри таҳририят билан тузилган шартнома асосида обуна бўлишлари натижасида газета ва журналлар белгиланган манзилига ўз вақтида етиб келмаслиги ёки умуман келмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Айрим таҳририятлар ўзлари муассислигидаги даврий нашрларга воситачисиз тўғридан-тўғри обуна ташкиллаштиради. Лекин обуначига газета ва журналларни ўз вақтида етказишлари учун етарлича имкониятлари (ходимлари, транспорти) мавжуд эмаслиги натижасида обуначилар орасида босма нашрларга бўлган ишонч камайишига сабабчи бўлмоқда.

- Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, газета ва журналлар обунаси билан шуғулланувчи почталар фаолиятининг тартибга солинмаганидир. Ҳозирги кунда бу фаолият билан шуғулланувчи почталарнинг сони Фарғона вилояти миқёсида 10-15тани ташкил этади. Уларнинг аксарияти хусусий почталар ҳисобланади. Айрим хусусий почталарнинг моддий техник базаси ва хизмат фаолиятларига мос равишда ходимлар сони етарлича эмаслиги сабабли обуначиларга газета ва журналлар ўз вақтида етиб бормаслиги ёки умуман бормаслиги ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим хусусий почталар томонидан обуначиларнинг даврий нашрлар учун тўлаган пул маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари ҳам кўплаб муаммоларга сабаб бўляпти.

Қолаверса, ўзбек халқи азал-азалдан бошқа халқларга қараганда андишани кўпроқ қадрловчи халқ ҳисобланади. Шу сабабли деярли барча обуначилар ўзларининг тер тўкиб топган ойлик маошлари ҳисобидан обуна бўлган газета ёки журналлари ташкилотчилар томонидан белгиланган манзилга етказиб берилмаслигига ҳам  жимгина кўз юмиб келишяпти. Шу ўринда, улар ўз хақ-ҳуқуқларини англаган ҳолда обуна ташкил этувчи муассасалардан изоҳ талаб қилишса, ёки уларнинг устидан тегишли органларга мурожаат йўллашса айни муддао бўлар эди. Бу билан улар келиб чиқаётган муаммоларга барҳам беришда ўз ҳиссаларини қўшган бўлишарди.

Юқоридаги ҳолатлар мавжудлиги сабаб халқ орасида босма нашрларга бўлган талаб аввалгидек эмас. Санаб ўтилган камчиликлар ва қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилсагина, обуначилар ўзлари учун керак бўлган даврий нашрларни ўз вақтида қабул қилиб олишади. Шундагина халқнинг босма Оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончи яна ортади.

Маъруфа СОЛИЕВА,
Фарғона вилояти

Мавзуга оид