Ўзбекистон | 14:11 / 27.11.2018
8691
4 дақиқада ўқилади

Нуриддинжон Исмоилов Нурсултон Назарбоев билан учрашди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов билан учрашди.

Фото: akorda.kz

Оқўрда матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари меҳмонни ташриф билан қутлар экан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг ижобий динамикасини таъкидлаб ўтди.

«Бугунги муносабатларимиз яхши даражада. Биз Шавкат Мирзиёев билан йилига бир неча бор учрашмоқдамиз ва иқтисодий ҳамда сиёсий ҳамкорлик соҳасидаги барча долзарб масалаларни муҳокама қиляпмиз. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларни амалга оширишда икки давлат парламентлари муҳим роль ўйнайди», - деди у.

Ўз навбатида, Н.Исмоилов ўз навбатида Ўзбекистон президенти номидан салом етказди, шунингдек, икки мамлакат парламенти ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижалари ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишнинг юксак даражасига чиқди. Бу, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида янги давр очиб берган, икки давлат президентлари ўртасидаги илиқ ҳамда дўстона муносабатлар туфайли юз бермоқда», - деди спикер.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси хабар қилишича, Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация Қозоғистонга расмий ташриф доирасида 27 ноябрь куни Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси парламенти юқори палатасида ҳам бўлиб, Сенат раиси Касим-Жомарт Токаев билан мулоқот ўтказдилар.

Фото: parliament.gov.uz

Учрашув давомида таъкидланганидек, давлатлар раҳбарларининг ўзаро биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатлари кейинги йилларда янада изчиллик билан ривожланиб бормоқда.  

- Бутун Марказий Осиёдаги иқтисодий ривожланиш, барқарорлик ва хавфсизлик мамлакатларимизнинг фаол ҳамкорлиги ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатига боғлиқ, - дейди Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси Касим-Жомарт Токаев.

Икки мамлакат парламентларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш мазкур учрашувнинг асосий мавзуси бўлди. Жумладан, алоҳида қайд этилганидек, мазкур жараёнда халқаро тажрибани ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарур.

Фото: parliament.gov.uz

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов самимий қабул учун ҳамкасбига миннатдорлик билдириб, сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини таъкидлади. Айниқса кейинги икки йил ичида Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси депутатлари турли тадбирларда иштирок этиш учун бир неча бор Қозоғистон Республикасида бўлдилар. Ўз навбатида, Қозоғистон парламенти аъзолари ҳам бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу эса, парламентлараро муносабатларнинг юқори босқичга чиқаётганидан далолатдир.    

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган мулоқот чоғида мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нуриддинжон Исмоилов Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишини маълум қилганди.

Мавзуга оид