Жамият | 14:00 / 28.11.2018
11475
4 дақиқада ўқилади

«Хоразм иссиқлик манбаи» корхонаси ишчилари бир неча ойдан бери маош олмаяпти

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятидаги турар-жой бинолари ва ижтимоий объектларни иссиқлик энергияси​ билан таъминловчи «Хоразм иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси ишчилари бир неча ойдан бери маош олмаётгани ҳақидаги хабар тарқалди.

Kun.uz мухбири бу ҳолатнинг сабабларини ўрганиш ва хабарнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри эканини аниқлаш мақсадида корхонага борди. Аммо раҳбариятдан изоҳ олиш учун қилинган уринишлар самарасиз кетди. Хусусан, «Хоразм иссиқлик манбаи» ДУК раҳбари Шуҳрат Бобожонов бу ҳолатга изоҳ беришдан қатъий равишда бош тортди. У муаммони «интервью орқали эмас, балки ўз кучига таяниб ҳал қилмоқчи» эканини билдирди.

Корхона ишчилардан нима учун қарздор бўлиб қолгани, бунинг сабаблари нимада экани ҳақида бош ҳисобчи Саъдулла Аллаберганов ҳам маълумот бермади. У «жуда ҳам банд» эканини рўкач қилиб, муаммо сабабларига ойдинлик киритишни истамади.

Бу масала бўйича ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қилувчи, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раҳбари Гулнора Гапурова билан суҳбатлашдик. У баҳоли қудрат, ўзида мавжуд маълумотларга асосланиб, саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.

«Хоразм иссиқлик манбаи» корхонасида 703 нафар ходим меҳнат қилади. Аммо уларнинг кўпчилиги мавсумий ишчилардир. Ҳозирги кунда 330 нафар ишчи қолган. Сўнгги бор улар шу йилнинг апрель ойида маош олган эди», деди Гапурова.

Маълум бўлишича, корхона асосан электр энергияси ва газ таъминоти идораларидан жуда катта миқдорда қарздор бўлиб қолган. Қарздорлик бир неча йиллардан бери тўпланиб келган. Гап тахминан 10 миллиард сўм атрофидаги қиймат ҳақида кетмоқда.

«Катта миқдордаги қарздорлик туфайли, шу йилнинг апрель ойида Мажбурий ижро бюроси томонидан корхонанинг банк ҳисоб-рақами музлатиб қўйилди. Унга тушган маблағлар асосан электр энергияси ва газдан бўлган қарздорликни узишга йўналтирилди. Натижада, ишчиларга маош беришнинг иложи бўлмади», деди Гапурова.

Июль ойидан бошлаб эса корхона электр энергияси ва газ тармоғидан ҳам узилган. Натижада, Урганч шаҳри ва туманлардаги кўплаб истеъмолчилар иссиқ сувсиз қолиб кетишган. Электр энергия ва газ таъминоти совуқ тушиши билан, 1 ноябрдан бошлаб тикланган бўлса-да, банк ҳисоб-рақами очиб юборилмаган ва музлатилган ҳолда қолган.

«Олдинги йиллари ҳам ёз ойларида иш ҳақидан қарздорлик юзага келар эди. Аммо иситиш мавсуми бошлангач, уни бартараф қилардик. Улгуржи истеъмолчилардан тушган маблағлар харажатларни қоплаш имконини берарди. Корхона қисман қарзларини тўлаб, қисман маошларни бериб борар эди. Агар ҳисоб-рақами музлатилмай, унга тушган маблағларнинг ярми қарзларни тўлашга, қолган қисми маошларни беришга йўналтирилса эди, бундай муаммо бўлмас эди», - деди Гулнора Гапурова.

Маълумот ўрнида келтирадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасига асосан, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

2018 йил сентябрь ойида Гулнора Гапурова касаба уюшмаси қўмитаси номидан ишчи-хизматчиларининг маошидан бўлган 772 миллион сўмлик қарзни корхонадан ундириб олиш мақсадида судга мурожаат қилган. 2018 йил 1 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди тўланмаган иш ҳақини ундириб олиш ҳақида буйруқ чиқарган.

Айни пайтда, «Хоразм иссиқлик манбаи» корхонасининг банк ҳисоб-рақами очилган ва ишчиларнинг маоши навбати билан тўланмоқда. Бироқ, маълумотларга кўра, 1 ойдан сўнг, ҳисоб-рақами яна музлатилиши мумкин. Кейин нима юз бериши ҳеч кимга аён эмас.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид