Ўзбекистон | 14:59 / 29.11.2018
2848
3 дақиқада ўқилади

Маданият соҳаси блокчейн технологиялари ёрдамида модернизация қилинади

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ҳамда "Рақамли ишонч" фонди ўртасида ҳамкорлик қилишга доир меморандум имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, икки идора маданият соҳасига блокчейн технологияларини татбиқ қилиш йўлида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Фото: “Рақамли ишонч” фонди матбуот хизмати

Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ўз фаолияти шаффофлиги ва мониторинги учун ягона онлайн-платформага муҳтож. Бугунга келиб театрлар ва бошқа давлат кўнгилочар муассасалари ишловчи технологиялар ва тизимлар эскирган.

"Биз учун мақсадли аудитория - музейлар, театрлар, концертларга ташриф буюрувчиларни билиш жуда муҳим. Биз шу каби маълумотларга эга бўлиб, мониторинг юритишимиз зарур, бироқ ҳозирча бундай имконият йўқ. Блокчейн шундай маълумотларни тўплашга ёрдам бериб, уларни манипуляция қилиш имконини йўққа чиқаради. Чипталарни онлайн-режимда сотиш якуний истеъмолчига кўпроқ устунлик беради ва маданият ҳамда туризм соҳаларига ижобий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, монополияга йўл қўйилмайди: тизим барча манфаатдор компаниялар мазкур платформада ишлаш имконига эга бўлишига мўлжаллаб ишлаб чиқилади", - дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ижрочи директори ўринбосари Гаянэ Умерова.

"Рақамли ишонч"нинг вазифаси платформани ишлаб чиқиш ва уни татбиқ қилишда маслаҳат бериш, техник топшириқни тузишга кўмак беришдан иборат.

"Фонднинг роли техник топшириқни тўғри тузиш, консалтинг, тавсиялар беришдан иборат. Бунда платформа яратиш учун блокчейн технологияларни татбиқ қилиш жараёни босқичма-босқич кечади. Шунингдек биз бизнес-жараёнлар аудитини ишлаб чиқиш учун масъулмиз. Бунинг натижасида Чипта операцияларини ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими (ЧОҲЯЭТ) яратилади. Бу онлайн-платформа орқали одамлар театрлар, музейлар, ҳайвонот боғи, кинотеатрлар ва бошқа давлат кўнгилочар муассасаларига онлайн режимда чипталарни харид қилиш имконини беради", - дея изоҳ беради "Рақамли ишонч" фондининг технологиялар бўйича инвестицион директори Бобур Оқилхонов.

Томонлар қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилади:

- Чипта операцияларини ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимини ишлаб чиқиш;

- Илмий материалларни ҳамкорликда тайёрлаш;

- Ахборот тадбирларини ўтказиш;

- Маълумотлар ва тажриба билан тизимли алмашув;

- Икки томонлама малака ошириш ва маслаҳатлашувлар ўтказиш.

Турли маданий тадбирларга чипталар сотишга доир электрон тизим кўп мамлакатларда ўз самарадорлиги ва шаффофлигини исботлаган. Блокчейн элементларини ўзида жамлаган ягона электрон майдоннинг яратилиши мавжуд камчиликларни бартараф қилиб, маданият соҳасини модернизациялаш имконини беради.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид