Жаҳон | 10:43 / 03.12.2018
7122
2 дақиқада ўқилади

Исроилда Арманистонда сохта дипломлар олган 40 тиббий ходим қўлга олинди

Фото: Shutterstock

Исроил полицияси Арманистонда берилган сохта дипломлар асосида соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензиясини олган 40 шифокор ва фармацевтни қўлга олди.

Таъкидланишича, қўлга олинган тиббий ходимлар Арманистондаги университетнинг тиббиёт ва фармацевтика факультетларида таълим олишган. Улар вазирликка мутахассислик бўйича дипломларни тақдим қилишган, ваҳоланки билим юртида узоқ вақт ўқишмаган ва барча имтиҳонларни топширишмаган. Уларнинг бир қисми шифохоналарда ва бошқа тиббий муассасаларда ишлаган. 

Маълум қилинишича, полиция аноним шикоятлардан кейин ушбу ҳолат юзасидан тергов бошлаган. Гумонланувчилар бутун мамлакат бўйлаб қўлга олинган. Уларнинг уйларида тинтув ўтказилган.

Тергов маълумотларига кўра, бу одамларнинг барчаси турли давлатлардаги тиббий факультетларда таълим олишган, бироқ ўқишни эплай олмагач, фирибгарга мурожаат қилишган. Фирибгар эса уларни ўзи сохта ҳужжат олган Арманистондаги университетга жўнатган.

Улар Еревандаги университетда қисқа вақт “таълим олиб”, имтиҳонларни топширмай диплом олишган.

Гумонланувчилардан кўпчилиги ўз юртида дипломни тасдиқлаб, лицензия имтиҳонларидан ўтиб, ишга жойлашишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид