Ўзбекистон | 00:33 / 04.12.2018
31389
5 дақиқада ўқилади

Сифатли таълим фақат ўқитувчига боғлиқ эмас

Нега дейсизми? Билим учун пойдеворни мактабда муаллим қўяди, у гўёки меъмор, безакчи, болани тўғри йўлга бошловчи мутахассисдир.  Муаллим ўз касбининг устаси бўлса, таълим сифати ҳам ўсади.

Аммо тасаввур қилинг: боланинг хотири паришон, тушкун кайфиятда ўтирса-ю, ўқитувчи минг жонини койитганидан нима наф? Фанлардан ўзлаштириши паст бўлган ўқувчининг муваффақиятсизлигига фақат ўқитувчи айбдор эмас. 

Ўқувчидаги бундай ҳолатга, аксарият ҳолларда, оиладаги тушунмовчиликлар ҳам сабаб бўлади. Бола ота-онаси билан яхши муносабатда бўлиб, эрталаб яхши кайфиятда уйдан чиқсагина, дарсга чин маънода қулоқ солади. Демак, таълим сифатини оширишда ота-онанинг ҳам иштироки муҳим ва бу иштирок ота-оналар мажлисида ҳозир бўлиш билан адо этилмайди.

Халқ таълими вазирлиги БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларда жорий қилаётган «Бахтли мактаб» лойиҳаси ҳам шу мақсадга қаратилган. Лойиҳанинг мақсади — ўқувчининг оиласи билан муносабатини яхшилаш, бу орқали унинг руҳиятида ижобий ўзгариш ясаб, таълим жараёнига бўлган рағбатини ошириш.​ «Бахтли яша, бахт ила таълим бер, бахт билан ишла, бахт билан ўқи, бахт улаш» шиори остида иш олиб бораётган мазкур лойиҳа 10-14 ёшдаги мактаб ўқувчиларини қамраб олади. Лойиҳа 4 босқичда амалга оширилади:

Ҳар бир ҳудуд бўйича (12 вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси) биттадан — жами 14та таянч-тренер мактаб танлаб олинади.

Танлаб олинган мактаблардан 4 нафардан мутахассис (Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб психологи, ёшлар етакчиси ва жисмоний тарбия ўқитувчиси) пойтахтда «Бахтли мактаб» лойиҳасининг «Мустаҳкам оила» дастури бўйича ўқитилади.

Мутахассислар ўрганган дастурлари бўйича ўз мактабларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан 7 ҳафта давомида ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган тренинглар олиб боришади. Дарс чоғида ўқувчи билан ишлаш тажрибаларини мактабнинг педагогик жамоасига ҳам ўргатишади.

Таянч-тренер мактаби мутахассислари ўз ҳудудларидаги бошқа мактабларга ҳам бу тажрибани ўргатишади.

Ҳозирга қадар лойиҳанинг дастлабки икки босқичи ўтказилган, 3- босқич ҳозирда амалда. 2019 йил феврал ойидан бошлаб эса тўртинчи босқични татбиқ қилиш режалаштирилган. Вилоятлардаги Халқ таълими бошқармасида масъул координаторлар жараённи назорат қилиб боришади.

Москва давлат университети профессори, социолог Ринат Шарипов лойиҳанинг муваффақияти мактаблардаги психологларнинг профессионализмига боғлиқ эканини таъкидлайди. 

«​Ўқувчининг мактабдаги хулқи, ўзлаштириш даражасига оиладаги муҳитнинг таъсири катта эканлигига шубҳа йўқ. Лойиҳанинг концепцияси яхши, лекин унинг самараси кўп жиҳатдан мактаб психологининг профессионализмига ва ёндашувига боғлиқ. Умумий даврадаги тренинглардан ташқари ота-она билан алоҳида, боланинг ўзи билан алоҳида ишлаш керак. Оилада бола тарбияси учун муҳит у дунёга келишидан илгарироқ яратилмаган бўлса, кейин вазиятни ўзгартириш осон кечмайди. Оиладаги масалалар имкон қадар тор доирада муҳокама этилиши лозим, деб ўйлайман»​, - дейди у. 

Мутахассисга кўра, лойиҳанинг реал натижасига у амалиётга тўла татбиқ этилиб, бутун республика мактаблари қамраб олингандан кейингина баҳо бериш мумкин.

Чет эл тажрибаси АҚШда ҳам ўқувчиларнинг ўқишга бўлган рағбатини ошириш масаласи доимо кун тартибининг аввалидан жой эгаллашини билдиради. Фақат америкалик педагоглар бошқача ечимни танлаган: боланинг шахсий қизиқишларидан келиб чиқиб, уни тўгаракларга йўналтириш, креатив йўллар билан унда мотивация уйғотиш мақсад қилинган. Мисол учун, «GlassLab» лойиҳасига кўра, ўқувчи дарсларини таълим берувчи махсус видеоўйинлар орқали ўзлаштиради. Бу амалиёт ҳам қизиқ, ҳам фойдали.

Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларнинг 38 фоизигина шаҳарда, 62 фоизи эса қишлоқларда жойлашган. Таълимга боғлиқ бўлмаган омиллар, оилаларнинг яшаш тарзидаги тафовутлар таълим сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг дарсдан бўш пайтида академик уй вазифаларини бажариш учун етарли шароит яратиб берилади, деб бўлмайди. Ўқувчининг овқатланиши ва дам олиши мунтазам назоратда эмас.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид