Жаҳон | 09:20 / 06.12.2018
6835
2 дақиқада ўқилади

Британия бой жиноятчилар туфайли инвестицион визалар беришни тўхтатди

Фото: REUTERS/Toby Melville/File Photo

Британия ҳукумати йил охиригача инвестицион визалар беришни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда The Times ёзмоқда.

Биринчи даражадаги инвестиция визалари (Tier 1) шуни назарда тутадики, бунда чет эллик фуқаролар қимматли қоғозлар, давлат бондлари ёки Британия бизнесига миллионлаб фунт маблағ йўналтиради, эвазига эса яшаш учун рухсатнома олишади, кейинчалик у Британия фуқаролигини олиш учун асос бўлади. Чет элликлар 2, 5 ёки 10 миллион фунт стерлинг йўналтириши мумкин, бу мос равишда беш, уч ёки икки йилга мамлакат ҳудудида яшаш учун рухсатнома олиш имконини беради.

Ушбу тизим танқидчиларининг фикрича, Британия инвестицион визалари кўпинча пул ювиш учун ишлатилади. Иммиграция вазири Кэролайн Ноукс қайд этишича, Британия «қоидалар асосида ўйнамайдиган» одамларга «тоқат қилиш» ниятида эмас. У виза бериш жараёни янада қатъийлаштирилиши ҳақида маълум қилди.

Янги йилдан бошлаб, инвестицион визага даъвогарлик қилувчи шахслар Британиядаги ўз бизнес манфаатларини ифода этиши, компаниялар эса инвесторлар ҳолатини аудитдан ўтказиши керак бўлади. Шунингдек, мурожаат этувчилар икки йил давомида инвестиция маблағларига эга бўлганликларини исботлашлари зарур. Бундан ташқари, аризачиларга давлат бондларига инвестиция киритиш тақиқлаб қўйилади.

2017 йил сентябрдан 2018 йил сентябргача 361 киши шундай визаларни олди, уларнинг аксарияти Хитой (115) ва Россия (38) фуқаролари. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NYT Тереза Мэй Brexit машмашаси туфайли нимага дуч келиши мумкинлигини маълум қилганди.

Мавзуга оид