Ўзбекистон | 19:00 / 07.12.2018
29400
6 дақиқада ўқилади

​«Ўзбектелеком» монополияда айбланди. Компания нима дейди?

«Ўзбектелеком» ва умуман, соҳа мутасаддиларининг Ўзбекистонда интернет равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлари яхши қаршиланмади. Ваъдага мувофиқ, интернет тезлиги 10 баравар тезлашиши халқ интиқиб кутган ўзгаришлардан бири бўлиши лозим эди. Амалда нималар юз бермоқда?

30 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ»да Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон Республикаси президенти топшириғи бўйича АКТ соҳасида топшириқларни амалга ошириш кетма-кетлиги» ҳисобот анжумани бўлиб ўтди.

«Ўзбектелеком» АК томонидан «Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шундан кейин ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 марта: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсди. Компания тариф режаларда эълон қилинган тезликни кафолатлаб, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб янги кафолатланган чексиз тариф режаларини ишга туширишини айтганди.

Kun.uz'нинг Telegram-каналида ўтказилган ва 28 мингга яқин киши овоз берган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 74 фоизи (20 мингдан ортиқ киши) интернет тезлигида ўзгаришни умуман ҳис этмаганини билдирган, фақат 3 фоизи (723 киши) жиддий ва ижобий ўзгариш юз берганига ишонишини айтган, 10 фоиз респондент (3 минг) эса қанчадир миқдорда сифат ошганини эътироф этган.

Бундан ташқари, анжумандан бир кун ўтиб, ISTV провайдери ўзининг Telegram-канали барчанинг эътиборини жалб этувчи мурожаатномани эълон қилди. Унда айтилишича, «Ўзбектелеком» Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация хизматлари бозорини тўлалигича йўқ қилиш ва монополлаштиришни исташмоқда.

«Улар расмий пресс-релизда улгуржи харидорларга жиддий оҳангда 1 Мбит/с интернет учун 85 минг сўм нархни таклиф қилишяпти. Ўзаро суҳбатларимизда эса компания менежерлари 1 Мбит/с интернетни 125 минг сўмдан таклиф қилишяпти. Шундай шароитда жисмоний шахслар улардан интернетни сотиб оладиган бўлса, 1 Мбит/с интернет, энг паст лимитсиз тариф режаларида, 44 минг сўмдан, агар 20 Мбит/с дан олса, энг қиммати 27,500 сўмдан таклиф қилиняпти.

Аксарият провайдерлар буёғига қандай яшашни ўйламоқда. Умуман, бундай ҳолатда фаолиятни давом эттиришдан маъни борми? Бизнинг компаниямиз ҳам 4,5 бараварлик тафовутда, аниқроғи 1 Мбит/с учун 97 500 сўмлик фарқ бўлган бир шароитда, сиз абонентларга арзон ва сифатли интернетни қандай етказиб беришни тушуна олмай турибди», - дейилади мурожаатномада. 

Бу билан «Ўзбектелеком» АК монополияга интилмоқдами? Мижозлар нега интернет тезлигини ваъда қилинган сифатда ҳис этмаяпти? Масалага ойдинлик киритиш мақсадида компанияга мурожаат этдик. 

«Бизни «монополияга интиляпти» дейишлари мутлақо нотўғри. Негаки, Ўзбекистонда барча провайдерлар учун халқаро тармоқларга бевосита киришни эркинлаштириш режалаштирилмоқда. Президент 2020 йил 1 январгача «барча операторларга халқаро телекоммуникация тармоқларига бевосита уланишни эркинлаштириш имконини берадиган» норматив ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш вазифасини топширган.

ISTV масаласида аниқ мулоҳазани билдириш қийин, чунки ушбу провайдер расман мурожаат қилиб, нарх-наво сиёсатини муҳокама этиш учун компанияга келмади. Ҳақиқатан, провайдерларга 1 Мбит/с интернет учун 85 минг сўм нарх таклиф этилган ва шу нарх бўйича харидлар аллақачон бўлди. Аммо, Халқаро пакетли коммутация марказига уланмаган, хизматларни муайян шароитда етказиб берилишини истаган провайдерлар учун қўшилган хизматлар нархи билан якуний баҳо таклиф этилади. Масалан, хусусий оптик тола тизими орқали интернет харид қилиб, мижозларга хизматни тақдим этгунча бошқа сарфларни амалга ошираётган провайдерларга айнан 85 минг сўм нарх айтилмоқда», - дейди компания бошқарма бошлиғи Алишер Зуфаров. 

Компания ахборот хизматига кўра, интернет хизматларида бозор иқтисодиёти қоидалари амал қилмоқда. Бунга барча «ўйинчилар» тайёр туриши лозим.

«Интернетни сотиб олиб, уни оширилган нархда мижозларга сотиш бозор иқтисодиёти қоидаларига мос эмас. Айрим провайдерлар харажат қилиб, оптик толали тизим, серверларини ташкил этмоқда. Улар эса интернетни арзон нархда сотиб олишга ҳақлидир», - дейди компания ахборот хизмати бошлиғи Анатолий Сучков.

Компания вакиллари интернет тезлиги ва аҳолининг бунга билдирган муносабати бўйича ҳам изоҳ бериб ўтди. Унга кўра, тезлик масаласи муайян провайдер ёки оператор тармоғининг технологиялари ва техник имкониятларига боғлиқ. Масалан, Ўзбекистон ичидан «олам»га уланишда тезлик ошган, эндиги масала - уни «ҳазм» қилиб олиш. 

«Интернет тезлиги турли омилларга боғлиқ бўлади. Асосийси глобал тармоққа уланишда тезлик оширилди. Мижоз буни ҳис этиши эса бошқа масала. Тезлик сифатининг ёмонлашиб қолишига хизматни узатувчи тизим, провайдерларнинг технология ва техникалари, хонадонда симларнинг носозлиги, айниқса созламаларнинг ростлигига боғлиқ. Шунингдек, муайян сайтнинг осилиб қолиши ўша сервернинг қувватига боғлиқ», - дейилади изоҳда. 

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид