Жамият | 19:31 / 08.12.2018
75176
3 дақиқада ўқилади

Интернет ростдан 10 марта тезлашдими? Махсус сўровнома натижаси маълум

«Ўзбектелеком» ва умуман, соҳа мутасаддиларининг Ўзбекистонда интернет равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлари яхши қаршиланмади. Ваъдага мувофиқ, интернет тезлиги 10 баравар тезлашиши халқ интиқиб кутган ўзгаришлардан бири бўлиши лозим эди. Амалда нималар юз бермоқда?

30 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ»да Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон Республикаси президенти топшириғи бўйича АКТ соҳасида топшириқларни амалга ошириш кетма-кетлиги» ҳисобот анжумани бўлиб ўтди.

«Ўзбектелеком» АК томонидан «Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шундан кейин ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 марта: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсди. Компания тариф режаларда эълон қилинган тезликни кафолатлаб, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб янги кафолатланган чексиз тариф режаларини ишга туширишини айтганди.

Видео: Tasi-IX

Видео: You Tube

Kun.uz'нинг Telegram-каналида ўтказилган ва 28 мингга яқин киши овоз берган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 74 фоизи (20 мингдан ортиқ киши) интернет тезлигида ўзгаришни умуман ҳис этмаганини билдирган, фақат 3 фоизи (723 киши) жиддий ва ижобий ўзгариш юз берганига ишонишини айтган, 10 фоиз респондент (3 минг) эса қанчадир миқдорда сифат ошганини эътироф этган.​

Тошкент шаҳрида Интернет қопламаси ҳудудларга нисбатан анча юқори ва сифатли бўлишини инобатга олиб, Kun.uz сўровномасини пойтахт кўчаларида ҳам давом эттирдик.  

«Мен ҳис этмадим, тўғрисини айтаман», - дейди респондентлардан бири. 

Сўровнома иштирокчилардан бири аксига олиб ижтимоий тармоқлардаги узилишни давомий бўлиб қолганини эслаган.

«Жуда ҳам катта тезлик ваъда қилишганди. Аммо бу тезликни фақат тушимизда кўрамиз. Ухлаётганимизда ишлаяптими, билмайман», - дейди бошқа шахс. 

Айрим респондентлар сезиларли бўлмаса-да, тезликнинг ошганини айтишмоқда. Уларга кўра, бу ўзгариш аввалги тезликдан 10 фоиз даражада фарқланади.

«Ўзбектелеком»​нинг бу масаладаги жавоби жуда жўн ва содда бўлди. Унга кўра, тезлик масаласи муайян провайдер ёки оператор тармоғининг технологиялари ва техник имкониятларига боғлиқ. Масалан, Ўзбекистон ичидан «олам»га уланишда тезлик ошган, эндиги масала - уни «ҳазм» қилиб олиш. ​

Мавзуга оид