Жаҳон | 23:46 / 10.12.2018
11223
2 дақиқада ўқилади

Стокҳолмда Нобель мукофотлари ўз эгаларига топширилди

Фото: AFP 2018 / Jonathan Nackstrand

Швеция пойтахти Стокҳолмда 2018 йил учун Нобель мукофоти совриндорлари тақдирланди. Стокҳолм Концерт залида ўтган маросимда тиббиёт ва физиология, физика, кимё, иқтисодиёт йўналишлари бўйича Нобель мукофотлари ўз эгаларига топширилди.

Швеция қироли Карл XVI Густав қўлидан совриндор дипломи ва медалларини тиббиёт ва физиология йўналиши бўйича Жеймс Аллисон (АҚШ) ва Тасуку Хондзё (Япония), физика йўналиши бўйича Артур Эшкин (АҚШ), Жерар Муру (АҚШ/Франция) ва Донна Стрикланд (Канада) олган. Маросимга соғлиғи туфайли келолмаган Артур Эшкин ўрнига мукофотни унинг ўғли, профессор Майкл Эшкин олган.

Кимё бўйича мукофот Фрэнсис Арнольд (АҚШ), Жорж Смит (АҚШ) ва Грегори Винтерга (Буюк Британия), иқтисодиёт бўйича эса АҚШда ишловчи профессорлар Вильям Нордхаус ва Поль Ромeрга топширилган.

Жорий йилда ҳар бир йўналиш бўйича мукофот пули 9 млн швед кронини (1 млн доллар) ташкил қилди.

Маросимга 1500 дан кўпроқ одам – совриндорлар оилалари, швециялик сиёсатчилар, маданият, фан ва талабалар ташкилотлари вакиллари ташриф буюрган. Совриндорлар шарафига тантаналар шаҳар ратушасида давом этиб, бу ердаги Мовий залда Нобель базми ташкил этилади. Банкетдан кейин эса рақслар эълон қилинади. 

Мавзуга оид