Ўзбекистон | 18:40 / 11.12.2018
43627
2 дақиқада ўқилади

Акмал Саидовнинг лавозими мақом жиҳатидан вазирга тенглаштирилди

Фото: kabar.kg

Президент қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, марказнинг асосий таркибий бўлинмалари муайян муаммоларни ҳал этиш учун тузилган бўлимлар ҳисобланади.

Марказни Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор (ҳозирда - Акмал Саидов) бошқаради.

Директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари марказ директори тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Директор жойида бўлмаган даврда унинг ваколатларини бажариш Директорнинг биринчи ўринбосари томонидан, у бўлмаганида эса директорнинг буйруғига мувофиқ бошқа ўринбосар томонидан амалга оширилади.

Марказ директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирга, директорнинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, директор ўринбосари вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.

Марказ ходимлари марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Марказ директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари, шунингдек, марказ бўлимлари бошлиқларига тиббий хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Бош тиббий бошқармасининг муассасаларида амалга оширилади.

Марказ ходимларига эгаллаган лавозимларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган қуйидаги энг юқори махсус унвонлар – мартаба даражалари берилади:

Ўзбекистон Республикаси Ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси – марказ директорига;
1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси – марказ директорининг биринчи ўринбосарига;
2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси – марказ директори ўринбосарига;
2-даражали адлия маслаҳатчиси – марказнинг бўлим бошлиқларига, директори ёрдамчисига, бош бухгалтерга;
3-даражали адлия маслаҳатчиси – марказнинг бош мутахассисларига, бош юрисконсультига, кадрлар бўйича бош инспекторига, матбуот котибига;
1-даражали юрист – марказнинг етакчи мутахассисларига.

Мавзуга оид