Ўзбекистон | 17:50 / 11.12.2018
60447
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов ХТБ раҳбарларини сўнгги марта қатъий огоҳлантирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига тегишли хат йўллади. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда.

Хатда билдирилишича, президентнинг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарорида умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланган.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан «Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан ўқитувчиларнинг иш ҳужжатлари 7тадан 3тагача қисқартирилди.

«Бироқ жойларда ҳозирга қадар ўқитувчилардан турли ҳисоботлар талаб қилиш давом этаётгани ҳақида хабарлар келмоқда», - деб ёзади вазир.

Шу боис: 

1. Барча умумтаълим мактабларида 3та ҳужжат (синф журнали. Конспект ва йиллик тақвим режа)дан ташқари бирорта ортиқча ҳужжатлар ва ҳисоботлар юритилишини;

2. Таълим муассасаларида ўқитувчиларни турли маънавий-маърифий тадбирлар учун ҳисобот, баённома, (фото) альбомлар тайёрлаш, ёки синф раҳбарларини ўқувчиларнинг уйларига юбориш, ота-оналар билан бирга суҳбат ўтказилганлиги ҳақида фотосурат ёки ҳисобот талаб этилишини;

3. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун «томошабин» сифатида жалб этилишини;

4. Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан ташқари маҳаллий ҳокимлик ёки турли ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган ҳашарларга педагогларни жалб этиш ва ходимларнинг бир кунлик иш ҳақини ташкилотларга ўтказиб беришни;

5. Маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар хил нашрдаги газета ва журналларга мажбурий обуна, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан олиб қолинишини ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилиши қатъиян тақиқланди.

Шерзод Шерматов вазирликнинг 2018 йил 5 октябрдаги 250-сон буйруғи билан жорий қилинган вақтинчалик синф журналлари қайтадан кўчирилмаслигини, буни барча ўқитувчилар эътиборига етказиш, янги синф журнал етказиб берилган кундан бошлаб (ёки учинчи чоракдан) юритилишини; синф журналларининг юритилишида таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларининг жавобгарлигини оширилишини талаб қилган.

Ушбу масалалар бўйича педагоглар орасида тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш, шикоятларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, важлар тасдиқланган ҳолларда интизомий чоралар кўриш топшириғи берилган.

«Мазкур талабларни барча мактаб раҳбарларига етказишингизни ҳамда бошқарма бошлиқларини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаблар раҳбарларини ўқитувчилардан ортиқча қоғозбозлик, ҳисоботлар талаб этишларига чек қўйишлари ҳақида сўнгги марта қатъий огоҳлантираман», - дейилади Шерзод Шерматовнинг хатида.

Мавзуга оид