Жаҳон | 01:52 / 12.12.2018
18218
2 дақиқада ўқилади

Австралиядаги машҳур “кенгуру-бодибилдер” қарилик сабаб жон берди

Австралиянинг “Элис-Спрингс” қўриқхонасида бутун дунёга ўзининг “ваҳимали” ўлчамлари ва ақлбовар қилмас кучи билан танилган кенгуру Рожер ҳаётининг 13-йилида жон берди. Австралия ҳукумати кенгурунинг хотирасини ёд этиб, уни Яшил қитъанинг рамзларидан бири деб атаган.

Атлетларга хос гавдага эга бўлган Рожер бир неча йиллар давомида ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари учун кумир ва бодибилдинг ихлосмандлари учун мем бўлиб келган.

Фото: twitter.com\Australia

Кенгуру бақувват мушаклари эвазига дастлаб қўриқхона юлдузига айланган. Унинг бўйи 2 метрдан, вазни эса 90 кгдан ошган. Рожер ўзининг бир кўриниши билан нафақат бошқа кенгуруларни, балки қўриқхона назоратчиларини ҳам қўрқувда ушлаган.

Рожерга жаҳоншумул машҳурлик 2015 йилда, унинг суратлари ижтимоий тармоқлар орқали тарқалганда келган. Ушбу суратлардан энг машҳури кенгуру панжалари орасида мажақлаб ташланган челакни ушлаб тургани сурати бўлган.

Фото: instagram.com\ausoutbacknt

Кенгурунинг жон берганини қўриқхона ходими, Рожерни 2006 йилда машина томонидан уриб кетилган онаси халтасидан олиб, парваришлаган Крис Барнс маълум қилди.

“Афсуски, Рожер қарилиги туфайли жон берди. У ажойиб узоқ ҳаёт кечирди ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб кишилар томонидан яхши кўрилди. Рожер, биз сени доим яхши кўрамиз ва сени соғиниб қоламиз”, деб айтилган хабарда.

Кенгурулар камдан-кам ҳолда 12 йилдан кўпроқ яшайди. Барнснинг маълум қилишича, Рожер қўриқхона ҳудудида кўмилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид