Журналистлардан бири қасам ичмоқчи. Қолганлар қарши
Бугун, 14 декабрь куни Тошкент шаҳридаги «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари: ахборот трансформацияси ва касб этикаси муаммолари» мавзусида семинар-тренинг ўтказди.
Семинарга Адлия вазири Русланбек Давлетов раислик қилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари Илҳом Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Собир Шукуров, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази эксперти Ёқутхон Маматовалар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда ҳозирги кундаги журналистик фаолиятдаги камчиликлар ва йўл қўйилаётган хатолар тилга олинди. Бу хатолар журналист касб этикасига тўғри келмайдиган ҳолатлар сифатида айтиб ўтилди. Жумладан, айбсизлик презумпциясига риоя этмаслик, ортиқча тафсилотларга берилиш орқали жиноятчиликни тарғиб қилиб қўйиш, шахсга ўзбошимчалик билан жазо бериш (самосуд) ҳолатларини ёритишда шахснинг обрўси ва қадр-қимматини камситиш, вояга етмаганлар тўғрисидаги ахборотни тарқатишда бола ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқлари принциплари бузилиши ҳолатлари айтиб ўтилди.
Шу сабабли, бу семинар журналистларнинг ахборот тарқатишда ҳуқуқий билимини ошириш, материаллар тайёрлашда фуқаролар ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш ҳолатлари олдини олишга бағишланди.
Йиғилишда маъруза қилувчилар чиқишларидан сўнг, савол-жавоб қисми бошланган.
Kun.uz мухбири хабар беришича, тадбирнинг бу қисмида антиқа ҳолат кузатилган. Маданий янгиликларни ёритувчи «Zoom» журнали вакили журналист касби жуда масъулиятли бўлгани сабабли, журналистлар қасамёдини ҳам йўлга қўйиш кераклигини айтиб ўтган.
Бу таклиф йиғилганлар томонидан жиддий эътирозларни келтириб чиқарган. Журналистлардан бири истеҳзо билан «буни ариққа тушиб бажариш кераклиги»ни таклиф қилган.
Ўтган ҳафталарда интернетда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ҳамда ички ишлар соҳаси ходимлари қасамёд қабул қилгани ҳақидаги хабарлар ва бу «флешмоб»га қарши материаллар берилганди.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
20:50 / 07.08.2024
Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат
09:43 / 24.07.2024
Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда
18:02 / 11.07.2024