Ўзбекистон | 10:15 / 14.12.2018
51907
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокими Афғонистонга нега борди?

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 12 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов бошчилигидаги делегация Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилояти губернатори Муҳаммад Исҳоқ Рахгузарнинг таклифига кўра Афғонистоннинг чегарадош Ҳайратон шаҳрига дўстлик ташрифи билан борди.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонаси берган маълумотга кўра, Сурхондарё вилояти делегацияси дарё порти, Ҳайратон шаҳрининг 2- ва 3-рақамли қуруқлик портлари, шу номдаги темир йўл станцияси, шунингдек «Ҳайратон терминал сервис» нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти ва техник имкониятлари билан танишди.

Балх вилояти губернатори меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Афғонистонга кўрсатилаётган кўмак ва халқаро ҳамжамиятда кўп йиллик афғон муаммосини ечиш борасида қилаётган саъй-ҳаракатлари учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда, айниқса Афғонистон Ислом Республикаси президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 2017 йил декабрь ойидаги Тошкентга ташрифи ва олий даражадаги қатор бошқа учрашувлардан кейин икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар сезиларли кенгаймоқда, Ўзбекистон Афғонистон иқтисодиётини тиклашда фаол иштирок этмоқда.

Балх вилоятида ўзбек мутахассислари томонидан бунёд этилган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темир йўли мана бир неча йилдан бери муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ҳамда у кўп жиҳатдан иқтисодиёт ва савдонинг ривожланишига, шунингдек мамлакатда ижтимоий-иқтисодий объектларнинг қад кўтаришига хизмат қилмоқда.

Афғонистон раҳбарияти томонидан бизнес-тузилмаларга савдо-иқтисодий муносабатларнинг асосий тармоқларини жанубий йўналишидан шимолийга диверсификация қилишни тавсия қилинганини губернатор қайд этди. Бу икки томонлама савдонинг сезиларли даражада фаоллашишига замин яратди.

Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ривожланаётган Ўзбекистон – Афғонистон алоқалари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокими мазкур учрашувдан мақсад тўғридан-тўғри минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, янги савдо шерикларини излаш, Ўзбекистон ва Афғонистондаги бизнес ва инвестицион имкониятлар ҳақида фикр алмашиш эканлигини эътироф этди.

Ҳозирги пайтда Сурхондарё вилоятида афғон бизнесменлари иштирокидаги 90 дан ортиқ фирмалар рўйхатдан ўтказилган ва турли соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Икки давлат ишбилармон доиралари ҳамкорлик ҳажмларини янада оширишга тайёр.

Ўзаро манфаатли шартларда савдо-иқтисодий, инвестицион муносабатларнинг кенгайиши Афғонистонда ва минтақада тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнашига алоҳида урғу берилди.

Тадбирнинг расмий қисми якунига етгач, Ўзбекистон делегацияси аъзолари афғонистонлик тегишли идоралардаги ҳамкасблари билан Б2Б шаклида учрашувлар ўтказиб, савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик ҳажмларини ошириш борасида аниқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Мавзуга оид