Ўзбекистон | 15:02 / 15.12.2018
14210
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» 2,3 млрд долларлик молиялаштиришни жалб қилмоқда

Фото: Eric Gay/AP/REX/Shutterstock

Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасидаги энг муҳим инвестицион лойиҳаларидан бири бўлган Uzbekistan GTL лойиҳасини амалга ошириш доирасида бугун, 15 декабрь куни Тошкент шаҳрида умумий қиймати 2,3 млрд АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш ҳужжатларини имзолаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилаётган GTL заводи ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 млн тоннадан ортиқ юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради. Бу каби GTL ёки «газдан суюқлик» технологиясига асосланган юқори технологияли ишлаб чиқаришлар дунё бўйлаб саноқлидир - улар ЖАР, Малайзия ва Қатарда мавжуд.

Лойиҳани амалга ошириш табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватини кенгайтириш, углеводород хом ашёси импортини қисқартириш, юқори сифатли ва экологик тоза ёқилғига ички эҳтиёжни қоплаш ҳамда бозорни маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради. 

Янги юқори технологик ишлаб чиқариш Ўзбекистон нефть ва газ саноатига углеводородлар чуқур қайта ишлашининг янги босқичига ўтиш имконини беради. 

Заводни 2020 йилда ишга тушириш йилига қиймати 1 млрд долларга тенг бўлган нефть маҳсулотларининг умумий миқдорда 1,5 млн тоннагача импорт ўрнини босиш имконини беради. 

Мавзуга оид