Спорт | 13:00 / 18.12.2018
22448
8 дақиқада ўқилади

Мағлуби йўқ лига

Ўзбекистон чемпионатида «Навбаҳор», «Бухоро» каби клублар мавсумнинг биринчи ярмида етакчилар қаторида юришди, Осиё чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашаётгандек кўринишганди, дейиш ҳам мумкин. Аммо кейинчалик, «Навбаҳор» сафар ўйинларида очко олишни йиғиштирди, «Бухоро» эса, умуман курашдан чиқди. Ҳамманинг кўз ўнгида гўёки ОЧЛ учун лойиқроқ, кучлироқ, бақувватроқ саналган «Локомотив» ва «Пахтакор» улоқни илиб кетишди.

Табиий ҳолат, ҳамма буни худди шундай қабул қилади. Балки Бухородаям ҳеч ким «сочини юлмаган», ҳа энди, «Пахтакор» кучли-да, деб қўя қолишгандир. «Навбаҳор» ҳам ўзига ўзи шунақа дегандир балки. Мавсум тугамасидан мураббий алмаштирилиши барибир, вазиятни ўнглаш эмас, балки Мўминжонов билан боғлиқ машмашалар, шунингдек, келаси мавсум учун қўйилган қадам эди, десак тўғрироқ бўлади. 

Бир нарсага ҳайрон қоламан, терма жамоамиз Жанубий Кореяга ютқазса, Эрондан ортда қолса, табиий қабул қила олмаймиз. Ютқазганимиз табиий ҳолатку, Жанубий Корея термаси футболчиларининг ярми бундеслигада ўйнайди, Япониянинг бутун таркиби Европада юрибди, Эрон миллий чемпионати кучли, деб ҳеч ким айтмайди. Уларда имконият юқори-да, бизнинг даражасиз шу ахир, Осиёда кучли олтиликка кирдик-ку, демаймиз. «Нега ютқаздик?», «Эй воҳ!», «Нима ҳаққимиз бор эди ютқазишга?» ва ҳоказо.

«Навбаҳор»нинг «Пахтакор»га бой беришини осонлик билан, табиий тарзда қабул қила олган ақлимиз нега терма жамоага келганда совуққон бўла олмайди? Яхши савол бу. 

Айнан натижа, олдига қўйиладиган мақсад бобида аксарият суперлига клубларимиз эгасизмикин, деб жавоб берган бўлардим. Жамоалар кимнинг олдида қизариши керак мавсум охиридаги муваффақиятсизликлар учун? Мухлислар бефарқ, клуб ҳисоботларида эса мавсум жуда муваффақиятли кечгани, олдинги йиллардан фарқли равишда бу сафар ОЧЛ учун жиддий курашилгани кўрсатилади, тамом. 

Бефарқ деганда, стадионда жамоани қўллаб-қувватлаган, мавсум охиридаги мағлубиятлардан азият чеккан маҳаллий мухлисларни назарда тутмадим. Йўқ. Гап умуман, футбол жамоатчилиги ҳақида. Масалан, бир минг етмиш саккиз мухлиси бўлган «Локомотив» бир неча йил олдин олдига мақсадлар қўйди, бажарилмагач мураббийни ишдан олди, ҳар бир газета навбати билан «Локомотив»ни танқид қилиб чиқди, яъни, клубга сарфланаётган пуллар бекорга кетяптими, жамоа қайси йўналишда ривожланмоқда, ўз мақсадига эришдими ёки йўқми, шу жиҳатдан клубга катта масъулият қўйилди, сўраляпти, таҳлил қилиняпти, тўғрими?

«Пахтакор» билан ҳам шу. Шота Арвеладзе ҳали ҳам ўз ўрнида ўтиргани билан, унда ҳам босим юқори. Чемпионликдан бошқа натижа унга ҳам муваффақиятсизлик саналади. Мухлислар ҳам, футбол жамоатчилиги ҳам уларнинг натижалари борасида савол беради.

Шу жиҳатдан, пешқадамлардан бошқа жамоаларимизнинг мақсади нима, кимнинг олдида масъул, қандай натижа улар учун муваффақиятсизлик сифатида баҳоланади? Биз биламизми?

Борми бор. «Металлург» ярим йил ўз уйида ҳаммани ютиши мумкин, лекин яна ярим йил нима учун ўйнаётгани номаълум бўлади. «Қўқон 1912»ни енгиш тугул, дарвозасига гол уриш қийиндек туюлади, лекин бир қарасангиз, жамоа ўз уйида бештадан гол ўтказган, мураббий ҳам, раҳбарият ҳам буни табиий ҳолдек қабул қилишга тайёр. 

1-босқичнинг сўнгги турида, эсингизда бўса, «Қўқон 1912» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилди. Очколар тақсимоти, «олтин очко»лар тизими шунақа ҳолатни юзага келтирдики, ўша куни агар «Қўқон 1912» ғалаба қозонганда турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб оларди. Биринчи ўринга! Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Нўъмон Ҳасанов эса, ўйиндан кейин барибир «Пахтакор» кучли эканини, «Қўқон»да имконият йўқлигини, барибир кучли олтиликка кириш имконияти бўлмагани ва ҳоказолар ҳақида хотиржам гапириб ўтирибди. Тасаввур қилинг, Осиё кубогида Кореяга ютқазиб келган Купер «Корея барибир кучли эди, биз оддий жамоамиз, ҳаммаси жойида» деб турса, қандай таъсир қиларди мухлисларга?   

Жамоаларимизнинг салоҳияти қанақа, ўз олдига қандай мақсадлар қўймоқда, вазифа бажарилдими, йўқми, бажарилмаган бўлса, қаерларда хато қилинди? 

Тўғри, бу аслида журналистларнинг иши. Лекин агар клубнинг ўзидан, унинг қарорларидан мана шу энергия тарқалмаса, клуб ўз мақсадини аниқ намоён қилмаса, барча гаплар бекор. Жамоа муваффақиятсизликка учради, сабаблар, у ёки бу деб ҳар қанча ёзилмасин, клубнинг ўзи, «бу даражамиз, молиявий ҳолатимиз учун шу ўрнимиз ҳам зўр» деб турса, нима ҳам дейиш мумкин? 

Эътибор берганмисиз, нега Англия чемпионати Испания ёки Германияникидан қизиқроқ туюлади? Гап фақат ажойиб шартномалар, даҳшатли пиар кампания ва трансляцияларда эмас фақат. Англияда топ-клублар кўп, дейиш ҳам исбот талаб этади. Ахир, биз топ дейдиганимиз ўша «Тоттенҳэм» ёки «Манчестер Юнайтед» ҳам «Интер» ва «Валенсия»га ютқазиб юришадику? Хўп, нимаси топ уларнинг?

Ҳамма гап клубнинг турнирга бўлган мақсад ва муносабатида. Мисол учун, Англияда камида 6 жамоа ўз олдига кучли тўртликка киришни мақсад қилади. Ҳа, масалан, «Вильярреал» ёки «Айнтрахт» клубиям шунақа мақсад қўйиши мумкин, инкор этмайман. Лекин фарқи, мабодо, «Арсенал» ёки «Челси» кучли тўртликка кира олмаса, сўров қаттиқ бўлади. Сочини юладиганлар кўп, мавсум буткул муваффақиятсиз деб тан олинади, мураббийлар ишдан кетади, ҳаммаёқда тўполон. «Айнтрахт»дачи? Йўқ. Жамоа Нико Ковач билан саккизинчи ўринни олади ва мутахассисни «Бавария» олиб кетади.

«Валенсия» ўзаро ўйинларда бугунги кунда «Юнайтед»дан кучли эканини кўрсатгани билан, тасаввур қилинг, агар ҳозир «МЮ» гуруҳда қолиб кетиб, «Валенсия» чиққанда, нима бўларди? Сенсация ҳисобланарди, тўғрими? Яъни, гап жамоаларнинг бугунги ҳолати, таркибдаги муаммолар ва ҳатто молиявий аҳволида ҳам эмас – гап клубнинг маълум бир турнирга нисбатан ўзини қай шаклда қўйишида. Ўз мақсадини қай даражада шаффоф ва аниқ қўя олишида. 

Бир турнир қизиқ бўлиши учун, даъвогарлар сони совринлардан кўп бўлиши керак. Қанча кўп бўлса, шунча яхши. Турнирнинг қизиқлиги ғолибларга эмас, омадсизларнинг қанчалик кўп бўлишига боғлиқ. Испания чемпионати якунига етганида, совринсиз қолса, «сочини юладиган» жамоа нечта? Битта. Ё «Реал» ёки «Барселона». Германияда ҳеч ким сочини юлмайди. Франциядаям йўқ. Англиядачи? Энг муҳим фарқ бу. 

Мақола Англия ҳақида эмас. Суперлигамизда совринли ўринлар нечталигини билмайман. Мабодо, Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини мана шундай соврин деб қабул қилсак, кейинги йиллардан Ўзбекистон учун янада камроқ йўлланма беришлариши истаган бўлардим. Ана ўшанда, балки биз ҳам, ОЧЛга чиқа олмагани учун «сочини юладиган» клубларни кўрармидик...

Қ.Асланов

Мавзуга оид