Ўзбекистон | 20:10 / 18.12.2018
14493
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 100га яқинлашмоқда

Бугун, 18 декабрь куни Тошкент шаҳридаги «Тараққиёт стратегияси» марказида Олий таълим тизимидаги янгиликларга оид матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислари соҳага тааллуқли маълумотлар билан бўлишдилар ҳамда саволларга жавоб беришди.

Маълумотларга кўра: 
* 2016/2017 ўқув йилида ОТМлар сони 77та, 2017/2018 ўқув йилида 86тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 95тага етди;
* 2018/2019 ўқув йилида 51та ОТМда сиртқи таълим, 22та ОТМда махсус сиртқи таълим, 9та ОТМда кечки таълим йўлга қўйилди;
* 2018/2019 ўқув йилида бакалавриат бўйича 66та, магистратура бўйича 48та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди;
* Бугунги кунда жами талабалар сони 344 790 нафарга етди;
* Янги тартибларга мувофиқ, ҳатто биринчи курсдан ҳам ўқишга қайта тикланиш мумкин. 4та фандан қарздорлик автоматик равишда ўқишдан четлаштирилишга, 3та фандан қарздорлик махсус комиссияга қайта имтиҳон топширилишига сабаб бўлади;
* Республика олий таълим муассаларида 25 418 нафар профессор ўқитувчилар фаолият юритмоқда;
* Охирги икки йилда тизимга сарфланган маблағлар миқдори 83,7 фоизга ортди. 2018 йилда жами 784,7 млрд сўм маблағ ажратилган. Бундан 351,3 млрд сўм иш ҳақига, 269 млрд сўм стипендияларга, 86,3 млрд сўм иш ҳақидан ажратмага, 78,1 млрд сўм бошқа харажатларга сарфланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг иқтидорли мутахассисларнинг хорижга жўнаб кетиши бўйича қандай ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақидаги саволига жавоб қайтарди.

«Биз фақат таълим бериш жараёнини назорат қиламиз. Диплом олган мутахассиснинг қаерда ишлаши ўз ихтиёрида. Хорижга жўнаш ва ишлаш масалалари бўйича маълумотлар балки Бандлик ва меҳнат вазирлигида бордир. Аммо биз бундай жараёнларни ўрганмаймиз», деган у.

Мавзуга оид