Жаҳон | 12:30 / 19.12.2018
60485
7 дақиқада ўқилади

Америка ва Россия армияга миллиардларни сарфламоқда. Кимда нима кўпроқ?

Фото: Shutterstock

Минг афсуски, инсоният йигирма биринчи асрга келиб ҳам қуролланиш пойгасидан воз кеча олмади. Гарчи дунёга ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаги каби атом уруши бевосита таҳдид солмаётган бўлсада, турли давлатларнинг мудофаа номи остидаги ҳарбий харажатлари ҳануз ҳайратга солади.

Қуролланиш пойгасининг энг фаол иштирокчилари ва ўзаро рақиблари шубҳасиз СССР ҳамда АҚШ эди. Бу икки давлат ўз даврида бошқаларнинг ақли бовар қилмас маблағни милитаризация учун сарфлар ва ҳар иккисининг ҳарбий бюджети кўп жиҳатдан бир-бирига мувофиқ келарди. Масалан, 1976-1979 йилларда СССРнинг ҳарбий бюджети 63 млрд доллар бўлгани ҳолда АҚШники 105 млрд долларга тенг бўлган, 1980-1985 йиллар оралиғида бу кўрсаткич 87 млрд.га 187 млрдни, 1985-1989 йилларда 108 млрд.га 285 млрд, 1990 йилга келиб эса 127 млрд.га 310 млрд долларни ташкил қилди. Яъни, АҚШнинг ҳарбий харажатлари СССРникига нисбатан каттароқ тезликда оша бошлади. 

СССР тарқалиб кетганидан кейин кўпчилик бу мавзу узил-кесил ёпилди, энди АҚШнинг гегемонлигига ҳеч ким соя солмайди, деб ўйлаганди. Бир жиҳатдан шундай бўлди ҳам – Россия иқтисодий муаммоларга ўралашиб қолди, СССРдан қолган бойликлар катта суръатларда хусусийлаштирилди, ҳарбий харажатлар қисқариб кетди. АҚШда эса бунинг мутлақ акси кузатилди. Пентагон харажатларининг ўсиши иқтисоднинг ўсишидан ҳам ортиб кетди. АҚШ дунёнинг деярли барча бурчакларида ўз ҳарбий базаларини очди, бирваракайига икки-уч давлат ҳудудида урушлар олиб бора бошлади. 

Бу ҳолат ҳарбий бюджетларда ҳам акс этмай қолмади ва ўзаро фарқ Россия учун аянчли даражага тушди. 2000 йилдаги кўрсаткичларга эътибор берилса, Россия 7 млрд доллар сарфлаган бир пайтда АҚШ 295 млрд долларни аямагани ўзаро фарқ 40 баробардан ортиб кетганини кўрсатади. 

Аммо Россия бошқаруви Владимир Путин қўлига ўтганидан ва нефть нархи ошиши ортидан иқтисодиётда тикланиш кузатилганидан сўнг вазият бошқа томонга ўзгара бошлади. 2005 йилга келиб бу рақамлар 17,5 млрдга 390 млрд кўринишига келган бўлса, 2010 йилдаёқ 65 млрд.га 693 млрд даражасига етди. Албатта, фарқ ҳамон улкан эди, аммо рақамлар ўзгаришини кузатадиган бўлсак, 10 йил оралиғида АҚШ харажатлари 2 баробардан сал кўпроқ ошгани ҳолда Россиянинг ҳарбий бюджети деярли 10 баробар кўпайганди.

Маълумот учун: 2011 йилда АҚШ ҳарбий бюджети мутлақ рекорд кўрсаткичга қайд этган ва 711,1 млрд долларга етган. 

Бу ҳолат Ғарб эътиборидан четда қолмади албатта. Юқори доираларда Россия ҳарбий салоҳияти кескин оширилаётгани ва рақибларига реал хавф солаётгани бўйича очиқ эътироз билдирилди.

Шунда РФ президенти Владимир Путин кўпчилик биладиган, аммо жуда қизиқарли фактни омма эътиборига ҳавола қилди – АҚШнинг ўша пайтдаги ҳарбий бюджети дунёнинг қолган барча давлатлари бюджетидан кўпроқ эди.

Ҳозирги кунда ҳам Россия ҳарбий харажатлар жиҳатидан АҚШ билан беллашиш тугул ҳатто кучли учликка ҳам киролмайди. 

АҚШ ҲҲК учун олтинчи авлод қирувчи самолёти
Фото: Air Force Research Laboratory

2017 йил якунларига кўра, ҳарбий харажатлар нуқтаи назаридан етакчи давлатлар ўнлиги қуйидагича кўриниш олган:

Аммо бу рақамларнинг алдамчи жиҳатлари бисёр. Уларга қараладиган бўлса, ҳатто ўзининг жами бойлигининг 10 фоизини мудофаага сарфлаётган ва бу жиҳатдан мутлақ етакчи бўлган Саудия Арабистони ҳам ҳарбий салоҳият жиҳатдан Россиядан кучли бўлиши керак. Аммо яқин тарихдаги сўнгги реал ҳарбий ҳаракатлар – Ямандаги ҳусийчиларига қарши олиб борилаётган уруш шуни кўрсатмоқдики, бу давлатнинг ҳарбий харажатлари улкан бўлгани билан қуролли кучлари кучли эмас экан. 

Қолаверса, Хитой ҳам улкан бюджети бўлгани билан Россияни рақиб эмас, кўп масалаларда (айниқса АҚШнинг гегемонлигига қарши туришда) иттифоқчи сифатида кўради ва Россия билан қуролланиш пойгасига киришмайди.

Россия бюджет жиҳатдан ортда қолаётган бўлсада, ҳамон АҚШ билан беллашиши мумкин бўлган ягона давлат ҳисобланади. Чунки бошқалар атом тадқиқотларига улкан маблағлар сарфлаётган бир пайтда Россия асрларга етгулик ядро захирасига эга ва энди бу соҳага бошқалар каби зўр бермаслиги мумкин.

Хўш, ҳарбий салоҳият жиҳатдан қайси давлат кучли – Россия ёки АҚШ? 

Саволни янада кескинроқ қўйишимиз мумкин – бу икки давлат очиқ урушга киришса, кимда ғолиб бўлиш имконияти кўпроқ?

Аввало шуни таъкидлаш керакки, бу икки давлат бутун қудратини сафарбар қилиб уришса, бу урушдан бутун инсоният азият чекади ва ер шари ҳалокатга юз тутиши ҳам мумкин. Чунки, Россия ва АҚШнинг ядро арсенали рақибларининг барча йирик шаҳарларини кунпаякун қилиб ташлаш билан бирга бутун қитъа табиатини издан чиқариб юбора олади. Бу урушда кейинги радиация хавфи уммонларни ошиб ўтади. Энг қизиғи, бу оқибатларнинг ҳаммаси тахмин холос. Чунки ҳали инсоният ҳақиқий ядро уруши нималагини билмайди. Япониянинг Нагасаки ва Хиросима шаҳарларини ер билан битта қилиб ташлаган атом бомбалари ҳозир пайтини пойлаб ётган қуроллар олдида ўйинчоқдек холос.

2017 йил ҳолатига Россия армияси 1 765 дона атом зарядли қуролга, АҚШ қуролли кучлари – 1 411 дона шундай воситага эга. Россия тасарруфида 523 дона оператив характердаги, жумладан қитъалараро баллистик ракеталар, оғир бомбардимончилар, сувости кемаларидаги баллистик ракеталарни ўз ичига олган ядро қуроллари мавжуд бўлгани ҳолда АҚШ 673 дона шундай қуролларга эга.

РИА Новости © Вадим Савицкий

Шунингдек, давлатлар қуйидаги арсеналга эгалар (маълумотлар охирги йилларга оид ва айримлари тақрибан):

Бу рақамларни ўрганганда тинчлик неъматининг нақадар улуғлигига яна бир бор амин бўламиз. Ҳар икки давлат ҳам очиқ урушга киришиш муқаррар ҳалокат эканлигини яхши англайди. Аммо шунга қарамай қуролланиш пойгасидан ҳам воз кеча олмайди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид