Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижондаги кўп қаватли ва намунали уйлар, метан «заправкалар»да табиий газ қачон бўлади?
Ўзбекнинг неча асрлик мақоли ҳозир ҳам жуда долзарбдек. «Қиш ўчоғи тор – тур, уйингга бор!»» Тушунишимча, мақолнинг мазмуни шундай: совуқ кунда иситиш муаммоси сабаб хонадонларда ҳамма битта хонада ўтиради, қишда меҳмон келиши мезбонга катта ташвиш туғдиради.
Совуқ фасл ўтгунча аҳоли ташвишли кунларни кечиради. Ўтин, кўмир, табиий газ, суюлтирилган газ муаммолари ичида совуқ кунлар ўтиши ҳам секинлашади гўё.
Қизиғи, охирги йилларда аҳолининг табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоси жуда оддий ва худди шундай бўлиши керакдек ҳолга айланди.
Кеча, водийнинг уч вилоятида мавжуд қийинчилик - автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидаги узундан-узоқ навбатнинг сабабини ахтардик. Бир ҳафтадан бери ўша «заправка»лар кечки соат 19-20га бориб, ёпиляпти. 22 декабрь куни эса жуда кўп шохобчалар ишламади ҳам. Бу ҳолатга, «Қиш ойларида аҳолини табиий газ билан узликсиз таъминлаш мақсадида» дея изоҳ берилиши ҳам таажжубланарли ҳолат. Шохобчани узишгани билан аҳоли пунктларида газ босими кўпайгани сезилмаяпти-ку? Фақат энди транспорт камайиши ва йўлкира ҳақи ошиши билан боғлик кейинги муаммо пайдо бўляпти.
Вилоят газ идораси мутасаддисининг айтишича, Андижон аҳолисининг 60 фоизи – 399 минг хонадон суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган. Вилоятнинг 197 минг хонадони табиий газдан фойдаланмоқда.
Мазкур 60 фоизнинг катта қисми қишлоқ жойда яшовчи аҳоли эканлиги тайин. Ушбу қатламга имтиёзли нархда кўмир ёқилғиси берилиши кўзда тутилган.
Биз эса табиий газ таъминотидан узилмаган ҳудудлар ҳамда шаҳар ва туманларидаги кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг қишдаги шароитига тўхталамиз.
Андижон шаҳрининг қоқ маркази Мустақиллик кўчасида ўтган йили фойдаланишга топширилган кўп қаватли «Ёшлар уйи»дамиз.

11- ва 12-уйлар. Ҳар бир уйда 45тадан хонадон. Ўтган йили декабрь ойида фойдаланишга топширилган уйга шу йилнинг ноябрига келибгина (!) газ қувурларини тортишибди. Марказлашган иситиш тизими ишламайди. Табиий газ тортилган кунлари газ бўлган. Ҳозир эса йўқ. Қозонхонада қулф. Янги уйга замонавий эмас, балки кўмир билан ишловчи қозонхона қуришгани таажжубланарли.


Бу – вилоят марказидаги муаммо. Энди Асака шаҳридаги ҳолатни кўринг.
«Беруний» маҳалласидаги Жалолиддин Румий кўчаси деярли шаҳар марказида жойлашган. Кўчада 85та хонадон бўлиб, кўп қаватли 105-уй ҳам бор. Аҳоли вакилларининг билдиришича, маҳаллага 2012 йилдан бери табиий газ мунтазам берилмайди. Хонадон аҳли ўтин-чўп, кўмир билан бир амаллаб уйларини иситмоқда, лекин кўп қаватли уй(дом)да яшайдиганларга қийин.


Изоҳ: Кўп қаватли уйларда газ баллонидан фойдаланиш маън этилади. Овқатни ҳам печкада кўмир ёки ўтин ёрдамида қилиш лозим.
Кўмир ёқсанг, битта хона исийди. Туман ва шаҳарларда бир пайтлар марказлашган иссиқликни таъминловчи «Иссиқлик манбайи» деярли йўқ бўлиб кетган.
Ахир, ҳар подъездга битта икки контурли қозонхона ва тизим бўлса, муаммо ечилади-ку? Ҳа айтгандай, бунинг учун ҳам табиий газ керак. «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг ижроси ҳам керак. Ҳокимлик, ширкатлар ёзи билан бу муаммони бироз ўйлаб ҳам қўйишмади, чоғи. Кўп қаватли уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти фақат танқидга лойиқ холос. Ҳа, айтгандай... Табиий газ «дом»ларга фақат овқат пишириш ва марказлашган қозонхона учун берилади.

Биз айнан Ж.Румий кўчасига шу йилнинг февраль ойида борган эдик. Ўшанда туман газ идораси бошлиғи ваъдани жуда қуюқ берган. Кўчада яшовчи Нодирбек Аҳмедов, мақола эълон қилингач, уч-тўрт кун газ келганини айтади.
«Булоқбоши тумани Мирзакалон Исмоилий МФЙдаги кўп қаватли 26-, 27- ва 28-уйларда газ босими жуда пасайиб кетган. Туман ва вилоят газ корхоналарига мурожаат қилдик, фойдаси бўлмаяпти», дейди аҳоли вакилларидан бири.
Далварзин маҳалласидаги 2016 йил қурилган намунали коттежларда яшовчи аҳоли ўтган йили ҳам газ таъминоти муаммоси бўйича кўп бора мурожаат қилган эди. «Андижон шаҳар газ ходимларига ҳар куни айтамиз. Газ бўлади, дейишганди. Кундан-кунга газ босими пасайиб кетяпти. Ёнимиздаги, 2015-йилда қурилган уйларда ҳам бир хил муаммо», дейди 249-уйда яшовчи Салимахон Турғунова.
Жалабеклик Соҳибахон Аҳмадалиева, Андижон шаҳар газ таъминоти улар яшайдиган Уйғур маҳалласидаги газ қувурларидан тортишга режасиз равишда турли тадбиркорлик субъектларига рухсат берилганлиги учун аҳоли табиий газсиз ўтирганини билдирди.


«Ўзтрансгаз» АЖнинг ҳудудий бўлими бўлган Андижон вилоятидаги газ таъминоти корхонаси раҳбари Давронбек Салоҳиддинов билан боғланамиз.

Мутасадди вилоятга аҳоли истеъмоли учун магистралдан берилаётган табиий газ миқдори сўнгги кунларда 4,4 млн кубометрдан 3,9 млн кубометрга тушиб кетгани сабаб истеъмолчиларнинг эътирозлари кўпайганини айтди. Автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидаги танқисликка ҳам магистралдаги газ босимининг пасайиб кетгани сабаб экан. Мутасадди билдирганидек, Андижон ва водийнинг бошқа вилоятларидаги газ муаммоси магистралда газ босимининг пасайиши билан боғлиқ.

«Ўзтрансгаз» АЖ вакиллари аҳоли муаммоларини ўргангани водий тарафларга бир келиб кетса бўлар эди.
Элмурод Эрматов, Андижон
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
22:14 / 27.05.2025
«Насаф» «Андижон»ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди
23:01 / 26.05.2025
Андижонда дарахт Cobalt устига қулаб тушди
19:26 / 26.05.2025
Андижонда танишлари орқали 100 минг доллар кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
07:50 / 24.05.2025