Ўзбекистон | 10:00 / 25.12.2018
36488
3 дақиқада ўқилади

Белдирсойда қор кўчкиси юзага келди, уч киши ҳалок бўлди

24 декабрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, «Белдирсой» МФЙ ҳудудида 3 нафар сноубордчи ҳалок бўлди. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, «Белдирсой» спорт мажмуасининг «Дор йўлаги» (канат йўли) ҳудудида тахминан соат 16:00 атрофида 3 нафар йигит (1994 йили туғилган М.М, 1999 йил туғилган М.М ва ва 1999 йил туғилган М.С) сноуборд билан шуғулланиш жараёнида тақиқланган хавфли ҳудудда ҳаракатланиш натижасида кичик қор кўчкиси юзага келган, оқибатда улар қор уюмлари остида қолиб, ҳалок бўлишган.

Воқеа жойида қутқарувчилар томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида музлаб қолган жасадларни қор остидан соат 19.05да чиқариб олишган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда, ўлим сабабларига аниқлик киритилмоқда.

Вазирлик юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида тоғли ҳудудларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни тавсия этмоқда.

Қор кўчкисида қандай ҳаракат қилиш керак?

Қор кўчкиси – бу катта ҳажмдаги қорнинг 20 – 30 м/с тезлигида кўчишига ёки ҳаракатланишидир.

Кўчки тушишининг кўп зарар етказадиган жиҳати бу кўчкидан олдинги тўлқин ҳисобланади. Ўзбекистонда қор кўчкиси хавфи юқори мавжуд бўлган ҳудудлар бу тоғли ҳудудлардир.

Қор кўчкиси пайдо бўлиш сабаблари: узоқ вақт қор ёғиши, кучли қор эриши, зилзила, портлаш ва тоғ ёнбағирларининг титраши шулар жумласидандир.

Ўзбекистоннинг иқлими кескин ўзгарувчан бўлиб, узоқ қор ёғиши ва кейинги кунда иссиқ ҳароратнинг кузатилиши қор эришига олиб келади.

Қор кўчкиси остида қолганда қандай ҳаракатни бажариш лозим?

Бурун ва оғзингизни шарф ёхуд бўйинбоғ билан ёпинг; кўчки бўйлаб ҳаракатланинг, қўлингизни сузиш ҳолати каби ҳаракатланиб кўчкининг сиртида ушлаб туришга ва тезлик паст бўлган томонга ҳаракат қилинг. Кўчиш тўхтаганда, юз ва кўкрак яқинида бўш жой яратишга интилинг, у нафас олишга ёрдам беради. Имконингиз бўлса, юқорига қараб ҳаракат қилинг.

Кўчки вақтида бақирманг – сабаби қор барча товушни ўз ичига ютиб юборади, бу каби самарасиз ҳаракатлар кислород ва иссиқликдан маҳрум қилади. Оқибатда, ҳолдан тоясиз. Энг асосийси ҳушингизни йўқотмасликка ва ухлаб қолмасликка ҳаракат қилинг. Сизни қутқаришларига ва қидирув ишлари олиб борилаётганига ишонинг (бу каби вазиятларда қор кўчкиси остидан ҳатто уч кун қолиб кетган кишилар қутқариб қолинган).

Турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғли ҳудудларда айниқса, тақиқланган жойларда ҳаракатланмасликни тавсия этади.

Мавзуга оид