Ўзбекистон | 16:57 / 27.12.2018
3119
5 дақиқада ўқилади

«Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар» республика танлови ўтказилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбек миллий мақом санъати марказининг “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловини 2018 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказилиши тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Шунингдек, “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловининг Ташкилий қўмитаси;

“Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловининг Низоми тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Сайфуллаев), Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси (Абдуллаев)га:

республика танловини ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;

республика танлови ғолибларини аниқлаш мақсадида мақом санъати усталари (бастакор, мусиқашунос, шоир, хонанда ва созандалар)дан иборат республика комиссиясини тузиш ва тасдиқлаш;

республика танлови совриндорларига бериладиган диплом, сертификат ва статуэтка намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

республика танловини юқори савияда ўтказиш учун таниқли санъаткорлар, мақом усталари, бастакорлар, малакали мутахассисларни жалб этиш вазифалари юклатилади.

Белгилаб қуйилишича:

республика танловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар, шунингдек, ғолибларни пул мукофотлари билан тақдирлаш Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

Низомга кўра, танлов мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакорлар, мақом санъати ижодкорлари томонидан яратилган янги асарларни излаб топиш, мақом ижрочилари учун кенг имконият яратиш, мақом санъатини янада оммалаштириш ва тарғиб этиш мақсадида Республика миқёсида ўтказилади.

Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари

Мақом санъатини миллий анъаналар асосида янада ривожлантириш, мақом ижодиётини мақом ижрочилиги намояндалари ижро ва ижод анъаналари асосида қайта шакллантириш, замонавий бастакорлик ижодиёти анъаналарига сингдириш ва мақомларининг замонавий намуналарини яратиш, мақом йўналишида ижод қилиб келаётган бастакорларни кашф этиш.

Шунингдек:

мақом йўналишлари бўйича ижод қилиб келаётган бастакорлар учун ижодий муҳит яратиш;

мақом санъати бўйича янги асарлар яратиш жараёнларига санъаткорлар ва соҳанинг етук мутахассисларини жалб этиш;

мақом ижро услубида яратилган асарлар кўламини янада кенгайтириш;

ёш мақом санъати ижодкорларини излаб топиш;

мақом йўлларида ижод этаётган санъаткор ва бастакорларни рағбатлантириш.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан ҳамкорликда мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакорлар ўртасида ҳар йили бир маротаба Республика миқёсида ўтказилади.

Танловда мақом йўлларида ижод этаётган бастакорлар ҳамда мусиқа санъати ижодкорлари (созанда, хонанда ва бошқа мусиқа ижрочилиги мутахассислари) мақом йўлларида яратган асарлари (куй, ашула) билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар томонидан танлов ўтадиган йилнинг 30 ноябрига қадар Ўзбек миллий мақом санъати марказига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- яратган асари (асар матни ва нота материали) икки нусхада;
- асарнинг ижро этилган (магнит тасмаси ёки мини, CD дискка ёзилган) намунаси;
- номзоднинг 10 х 15 ўлчовдаги учта рангли фотосурати;
- номзоднинг танловда иштирок этиши бўйича аризаси
- номзоднинг паспорт нусхаси;
- номзоднинг маълумотномаси.

Танлов ғолиблари (асарлар) иккита йўналиш (ашула ва мусиқа) бўйича аниқланади ҳамда асарлар (муаллифлар) махсус диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирланади.

Танлов ғолиблари қуйидагича рағбатлантирилади:

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул маблағлари, танловнинг I даражали дипломи ҳамда статуэтка;
II ўрин – энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида пул маблағлари ҳамда II даражали дипломи;
III ўрин – энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида пул маблағлари ҳамда III даражали дипломи билан тақдирланади.

Танлов иштирокчиларига Комиссия тавсиясига кўра “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танлови сертификати ёки фахрий ёрлиқлар берилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид