Ўзбекистон | 18:50 / 27.12.2018
17688
3 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимларининг хизмат фаолияти баҳолаб борилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолияти натижаларини баҳолаш тартиби ва мезонлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ҳар чораклик ишларни баҳолаш якунларига кўра, фаолияти қониқарсиз деб топилган ДЙҲХХ ЙПХ ходимларига нисбатан таъсир чораси сифатида лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда бир марталик пул ушланиши қўлланилади.

Бир марталик пул ушланиши интизомий жазо чораси ҳисобланмайди ва унинг қўлланиши интизомий жазо чорасини қўллаш билан боғлиқ оқибатларга олиб келмайди.

Ҳар чораклик ишларни баҳолаш якунларига кўра, фаолияти самарали деб топилган ДЙҲХХ ЙПХ ходимларига нисбатан лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда бир марталик пул мукофоти қўлланилади.

Ушбу пул мукофоти рағбатлантириш чораси ҳисобланмайди ва ходимнинг амалдаги интизомий жазоси мавжудлигига қарамасдан қўлланилади.

Бир марталик пул ушланишини ва мукофотини қўллаш тўғрисидаги қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ташкил этиладиган ДЙҲХХ ЙПХ ходимларининг бириктирилган секторларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини баҳолаш комиссияси томонидан қабул қилинади.

ДЙҲХХ ЙПХ ходимларининг фаолияти қуйидаги ҳолатларда баҳоланмайди:

ДЙҲХХ ЙПХ ходими секторга вақтинча бириктирилганда ёки тегишли участкада мажбуриятларини вақтинча бажараётганда;

ДЙҲХХ ЙПХ ходимини тегишли секторга бириктириш муддати (даврнинг давомийлиги) ҳисобот чораги муддатидан ошмаганда;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларини битиргандан сўнг ички ишлар органига хизматга қабул қилинган ДЙҲХХ ЙПХ ходими тегишли секторга бириктирилганда - фаолиятни мураббийлар раҳбарлигида амалга ошириш даврида;

белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқиши, узоқ муддатли махсус тадбирларга жалб қилиниши ёки соғлиги ҳолати бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида) хизмат вазифасини вақтинча бажара олмаган тақдирда.

Агар бир секторга икки ва ундан ортиқ ДЙҲХХ ЙПХ ходими бириктирилса, уларнинг фаолиятини баҳолаш ва пул ушланиши ёки мукофоти тарзидаги чоралар уларнинг ҳар бирига нисбатан тенг қўлланилади. Ходим ўз фаолиятини мураббий раҳбарлигида амалга оширадиган ҳолатлар бундан мустасно.

Бириктирилган секторларда ДЙҲХХ ЙПХ ходимларининг фаолияти дастлаб бир марталик пул ушланиши тарзидаги чораларни қўллаш мезонлари бўйича баҳоланади.

Агар ДЙҲХХ ЙПХ ходимлари фаолиятида бир марталик пул ушланиши чораларини қўллаш мезонларига мос келадиган кўрсаткичлар бўлмаса, бундай ҳолатда комиссия томонидан бир марталик пул мукофоти тарзидаги чораларни қўллаш мезонлари бўйича баҳоланади.

ДЙҲХХ ЙПХ ходимлари фаолиятида баҳолашнинг ҳар икки мезонига мос келадиган кўрсаткичлар бўлмаса, уларга нисбатан бир марталик пул ушланиши ва мукофоти тарзидаги чоралар қўлланилмайди.

Мавзуга оид