Ўзбекистон | 16:16 / 28.12.2018
11509
2 дақиқада ўқилади

Андижон “Ватанпарвар” ташкилотида парашют спорти тўгараги очилди

Жорий йилнинг 12 декабрь кунги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4061-сонли “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда парашют спортини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида оммалаштириш, фуқароларнинг мазкур спорт турига бўлган қизиқишларини шакллантириш мақсадида Асака тумани ўқув спорт техника клубида парашют спорти тўгараги ташкил этилиб, аҳоли ва ёшлар учун тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Тантанали очилиш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти Андижон вилоят ташкилоти раиси М.Саткулов, Асака тумани ҳокимининг ўринбосари Ё.Абдуғаниев, Асака тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи полковник Ш.Ярашов, 45379-сонли ҳарбий қисм аскарлари, 250 дан зиёд Асака тумани умумтаълим мактаби ҳамда касб-ҳунар коллежи ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда майор А.Очилов ёшларга парашютнинг ихтиро қилиниши тарихи, Леонардо Да Винчининг илк чизмалари, парашютдан фойдаланиш, унинг турлари, асосий парашют, захира парашюти, спорт парашютлари ва уларнинг техник кўрсаткичлари билан яқиндан таништириб, ёшларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.

Шундан сўнг, 45379 ҳарбий қисм раҳбарияти билан янги ташкил этилган тўгаракни янада ривожлантириш ва керакли ўқув –методик ва кўргазмали қуроллар билан жиҳозлаш ишларини ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилди.

Меҳмонлар Асака ўқув спорт техника клубида ташкил этилган парашют спорти синф хонасида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Элмурод Эрматов, Андижон

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид