Ўзбекистон | 14:24 / 28.12.2018
35314
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ташқи сиёсат ва «Толибон» билан музокаралар ҳақида гапирди

Ўзбекистон 2019 йилда МДҲга аъзо давлатлар, биринчи навбатда, Россия, шунингдек, Хитой, АҚШ, ЕИ мамлакатлари, Корея Республикаси, Япония билан муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида айтилди.

«Бизнинг ўзаро муштарак тарихий, маънавий қадриятлар билан боғланган мусулмон давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор берамиз. Хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни барча соҳаларда амалий мазмун билан янада бойитиш тарафдоримиз. Биз учун ташқи сиёсатимизда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган аниқ ва равшан стратегияга таянамиз. Бу борада Ўзбекистон минтақадаги қўшни давлатлар билан, шунингдек, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Эрон билан амалий ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришни устувор вазифа деб билади», - деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ушбу стратегияни амалга оширишда қўшни Афғонистон муҳим ўрин эгаллайди.

«Биз халқаро ҳамжамиятни Афғонистон ҳукумати раҳбарлигида тинчлик музокараларини бошлаш заруриятини қўллаб-қувватлашга даъват этдик. 2018 йилнинг март ойида Афғонистон бўйича ўтказилган юқори даражадаги Тошкент конференцияси замонавий Афғонистон тарихида халқаро миқёсда кенг қамровли анжуман бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу конференциядан сўнг Афғонистондаги барча сиёсий кучлар, жумладан, «Толибон» ҳаракати иштирокида музокаралар жараёнини бошлашга қаратилган халқаро ҳаракатлар янада фаоллашди. Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати вакиллари билан бир қатор муҳим музокаралар ўтказди», - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид