Спорт | 11:30 / 31.12.2018
26922
4 дақиқада ўқилади

Уни хитойликлар қамамоқчи бўлишганди. Европадаги энг яхши бомбардир ким?

У айни вақтда Европадаги чемпионатларда жорий мавсумда энг кўп гол урган футболчи. Унинг ҳисобида Туркия Суперлигасидаги 20 ўйинда урилган 17 гол мавжуд. У Месси, Роналду, Обамеянг, Салоҳ, Кейн, ҳатто Кшиштоф Пёнтекни ҳам ортда қолдирмоқда. Бу «Қосимпошо» клуби ҳужумчиси Мбайе Дианьедир. Интернетда унинг исми қидирувга берилганида бошқа Дианье, сенегаллик ҳуқуқ фаоли, Руандадаги геноцид вақтида одамларни қутқарган қаҳрамонлардан бири ҳақида кўпроқ маълумот келиб чиқади.

Дианьени эса Европада деярли танишмайди. Лекин у ўз фаолиятини айнан шу ерда бошлаганди. Йигитча 22 ёшида D сериядаги «Бра» клубидан «Ювентус»га келганди, унинг трансфери учун 100 минг евро тўлашганди. Кейин уни Европа фуқаролиги ва ўйин амалиётига эга бўлиши учун камтар «Аяччо»га жўнатишади. «Ювентус» 3 йил давомида Дианьени турли клубларга ижарага бериб юради (ҳатто Саудия Арабистонига ҳам сафар бўлган). Кейин эса уни Венгриянинг «Уйпешт» клуби сотиб олади. У ерда сенегаллик ҳужумчи фаолиятида илк марта бир мавсумда 10дан ортиқ гол уришга эришади ва хитойликлар назарига тушади. Футболчининг айтишича, унга ўша вақтда «Спортинг»дан ҳам таклиф бўлган, аммо хитойликлар 4 баробар кўпроқ маош ваъда қилишган.

Футболчининг Осиёдаги саргузаштлари футбол билан боғлиқ эмас. Бу мамлакатда уни инстаграмдаги пости учун жазолашмоқчи бўлишади. Ўз саҳифасига жойлаштирган видеосида у бошида капюшон кийган, қўлида тўппонча тутган ҳолда «Оиламдан қўлингни торт» дея бақиради. Унинг қўлида тўппонча ўйинчоқ бўлган, лекин уни Хитой қонунларини бузишда айблашади ва маҳкамага чақиришади. У полиция кўз олдида видеони ўчиришга мажбур бўлади.

Хитойда у бир ярим йил вақтини ўтказади. У ҳамиша Европага қайтишни истарди. 2018 йил январида уни Туркиянинг «Қосимпоша» клуби олиб кетади. Ҳозирда бу клуб Дианье билан бирга сенсациялар қайд этган ҳолда турнир жадвалида иккинчи ўрин учун кураш олиб бормоқда, 27 ёшли Дианье эса нафақат Туркияда, балки Европадаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди.

Эндиликда футболчига етакчи лигалардан ҳам қизиқишлар пайдо бўлмоқда – шундайлардан бири «Вулверҳэмптон» таклифи. Аммо футболчи мавсум охиригача «Қосимпоша»да қолишини эълон қилди.

«Маҳаллий грандлардан бирига ёки бошқа кучлироқ лигага йўл олишим ҳам мумкин: Англия ёки Францияга. Бу нормал ҳолат, менга қизиқишаётгани табиий – мен кўплаб голлар урмоқдаман».

Қолган вақт ичида футболчи агар Англия клубига ўтишни истаса, фуқаролик масаласини ҳал қилиши керак бўлади. 

Туркияда Диань нафақат гол урмоқда, балки провокация ҳаракатларини ҳам давом эттирмоқда. Унинг навбатдаги қилиғи — голларни горилла ниқобида нишонлашидир. Бу қиёфа унинг имзосига айланиб бормоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш