Кўчмас мулк тўғрисида маълумот олиш осонлашди
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисида гувоҳнома бекор қилинган. Рўйхатга олиш тегишли ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестрига электрон шаклда киритиш билан амалга оширилади.
Бунда дастлаб шу санага режалаштирилган идоралараро ҳамкорлик тартибини (ҳокимликлар, нотариуслар, Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги, шу жумладан, ушбу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши ҳақидаги ахборотнинг тақдим этилиши) жорий этиш 2019 йил 1 февралга кўчирилди. Шу муддатда махсус ахборот-дастурий комплексни ишлаб чиқишлари ва ишга туширишлари керак.
Бу жиҳатлар янги ҳужжатда акс эттирилган. Шунингдек, илгариги таҳрири билан солиштирганда ҳужжатга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
биринчидан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона қоидалари белгиланди. Илгари юридик ва жисмоний шахслар (тадбиркорлик субъектларидан ташқари) тўғридан-тўғри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳудудий филиалларига, тадбиркорлик субъектлари эса – Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишган.
Энди эса субъектларни тоифалар бўйича бўлиш назарда тутилмаяпти: ҳар бири кўчмас мулк жойлашган жой бўйича Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. Қарз берувчига (юридик ёки жисмоний шахс) банк томонидан бериладиган гаров хати - кўчмас мулк гаровга қўйилганлиги тўғрисидаги қарзлик гувоҳномаси истисно ҳисобланади. Бу ҳолатда ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳудудий филиалларига мурожаат қилиш зарур.
иккинчидан, юридик ва жисмоний шахсларга Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри маълумотларидан эркин фойдаланиш имконияти берилади. Давлат реестри - кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган рўйхатга олинган ҳуқуқлар тўғрисида давлат томонидан кафолатланадиган расмий ахборот манбаси. Ундан ҳамма эркин фойдаланиши учун у Интернет тармоғига жойлаштирилади.
Кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги маълумот реестрдан кўчирма тарзида берилади. Уни ЯИДХП ёки “Давергеодезкадастр” қўмитасининг расмий сайти орқали олиш мумкин. Электрон шаклда ёки қоғозда берилган кўчирмалар юридик кучга эга бўлиш нуқтаи назаридан тенг ҳисобланади;
учинчидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказиш учун уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ваколатли органлар ўртасида ахборот-коммуникация маълумотлар алмашинуви жорий этилади;
тўртинчидан, низоларни судгача ҳал қилиш механизми жорий этилади. Бунинг учун “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари қошида махсус комиссиялар ташкил этилади. Улар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни мурожаат келиб тушган кундан эътиборан 10 кун мобайнида кўриб чиқадилар.
Комиссиянинг хулосаси рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган шахс учун мажбурий тусга эга бўлиб, у қабул қилган қарорни ўзгартириш учун асос бўлади. Илгари бу қарорни қабул қилган шахслар холислик учун комиссияга кирмайдилар.
Ҳужжат 29.12.2018 йилдан кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кўчмас мулкка оид битимларни расмийлаштириш соддалаштирилиши хабар берилганди.
Мавзуга оид
10:49 / 24.08.2023
Кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк битимлари қарздорлик йўқлиги текширилгандан сўнг тасдиқланади
09:21 / 24.08.2023
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш тартиби белгиланди
07:34 / 25.07.2023
Ҳукумат давлат муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлади
16:13 / 27.06.2023