Спорт | 12:16 / 09.01.2019
37889
11 дақиқада ўқилади

Купернинг сири нима? Ёхуд тўғри саволларга эгри жавоблар

Бугун, 9 январь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогидаги иштирокини бошлайди. «F» гуруҳидан ўрин олган Эктор Купер шогирдлари бугун «Шаржа» стадионида Уммон терма жамоасига қарши майдонга чиқади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:30да бошланади. Ўйинни жанубий кореялик FIFA рефереси Ким Донг Жин бошқариб боради.

Жамоалар савияси тенглашиб қолдими?

Осиё Кубоги бироз кутилмаган натижалар билан бошланди. Аввалига БАА терма жамоаси Баҳрайн билан зўрға дуранг ўйнаган бўлса, кейин Австралия иорданияликларга мағлуб бўлди. Хитой Қирғизистонни, Жанубий Корея эса Филиппинни ютиши осон бўлмади. Кейинги ўйинларда Эрон ва Саудия Арабистони йирик ғалабаларга эришиб, тарози палласини фаворитлар томон оғдирган бўлсада, ўринли савол – ростдан ҳам Осиёда ўртамиёна жамоаларнинг даражаси ўсиб бормоқдами? Яъни, қатнашчилар сони оширилиши тўғри ва ўз вақтида амалга ошганмиди? Ёки бизга тегишли қисми, агар кучсиз жамоанинг ўзи қолмай, ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган бўлса, бугун фаворитроқ ҳисобланаётган Ўзбекистон учун ҳам қийин бўладими? Ҳа, ишонаверинг, рейтингда анча пастлаб кетганимиз билан, ўйинда Ўзбекистон яққол фаворит сифатида эътироф этилмоқда. Масалан, букмекерлик котировкаларида вакилларимизнинг имконияти икки баробар кўп деб баҳоланяпти. Умуман, таркибнинг савияси, футболчиларнинг даражаси бўйича ҳам устунлик катта, буни рақиб мураббийи ҳам, уммонлик журналистлар ҳам кўп таъкидлашяпти.

Менимча, аслида ундай эмас. Дастлабки турдаги натижаларнинг бошқачароқ, ҳақиқатга яқинроқ бўлиши мумкин бўлган изоҳи. Бу айнан қатнашчилар сонининг ўсгани билан ҳам асослантирилиши мумкин.

Гуруҳлар таркиби ва баъзи гуруҳларда уч жамоа кейинги босқичга чиқиши мумкинлигидан келиб чиқсак, Австралия, Япония ёки Кореянинг гуруҳда қолиб кетиши мумкинлигини тасаввур қилиш ҳам осон эмас. Буни ўша фаворитларнинг ўзи ҳам жуда яхши билади ва бу омил уларнинг турнирга тайёргарлик стратегиясида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Йўқ, рақибни менсимаслик ҳақида гап бормаяпти. Гап шундаки, гуруҳдан чиқиш масаласи уларнинг кун тартибида турмайди, бу ўз ўзидан содир бўладиган воқеа сифатида қаралади. Гуруҳ босқичи бу жамоалар учун ҳақиқий ўйинлар, яъни плей-оффга тайёргарлик босқичи сифатида қабул қилинади.

Мисол учун, мен шу фикрларни ёзиб ўтирган пайтимда Сон Хон Мин «Тоттенҳэм» таркибида «Челси»га қарши Англия Лигаси кубоги ярим финалида ўйнамоқда ва якшанба куни «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйнаб, кейингина, яъни Корея гуруҳда икки ўйинни ўтказиб бўлганидан сўнг, БААга келади. Тўғри, бу қарор лондонликларнинг август ойида футболчини Осиё ўйинларига индамай қўйиб юборганига миннатдорчилик сифатидаги ён босишдир, шундай бўлса-да, корейслар учун ҳақиқий турнир плей-оффда бошланишини пайқаш қийин эмас. Ёки «Ньюкасл» ҳужумчиси Мутонинг «МЮ»га қарши ўйинда атиги бир неча дақиқа ўйнаб, шундан сўнг Япония ихтиёрига келиб қўшилганини олайлик.

Умуман, қисқа турнирларда охиригача боришни ният қилган жамоалар юксак спорт формасига турнир давомида чиқиб боришлари тажрибада оддий ҳол. Дастлаб ўйинларгача ҳам руҳий, ҳам жисмоний чўққига чиқишга уриниш жамоани бироз толиқтириб қўяди, қисқа вақтда бир қатор муҳим ўйинларга тайёргарлик қийинлашиб кетади. Шунинг учун турнирни жуда енгил, имкон борича ротациялар билан бошлашга ҳаракат қилинади. Бу ҳолатда ҳам максимал очко олиниши – қўшимча бонус.

Мақсади совриндор бўлиш эмас, имкон қадар узоқроққа бориш, гуруҳдан чиқиш бўлган кучсизроқ жамоалар учун эса, ҳар бир ўйин аҳамиятли. Тайёргарлик ҳам мана шундан келиб чиқиб режалаштирилади ва биринчи турга энг юқори формага чиқишга ҳаракат қилишади. Бор имконият билан гуруҳ босқичи ҳал этилса, бўлди, кейинги мағлубиятлар ҳам соя солмайди. Муваффақият сифатида баҳоланади.

Эсингизда бўлса, икки йил олдин иштирокчилар сонини кўпайтирган Европа ҳам шундай ҳолатни бошдан кечирган, дастлабки кунларда фаворитлар қолиб, ўртамиёна ва аутсайдер жамоалар яхши таассурот қолдиришганди. Европадаги Исландияга мос равишда, илк турларнинг қаҳрамонлари Ҳиндистон бўлиб тургани ҳам бежиз эмас.

Кутилмаган натижалар аста-секин камайиб боради. Бу жараён бошланди ҳам. Балки Австралия ва БААнинг сенсациялари бошқа фаворитларни ҳам ҳушёр торттириб, вазиятга жиддийроқ қарашга ундаган бўлиши ҳам мумкин.

Ўртоқлик ўйинлари нега керак?

Сўнгги пайтларда энг кўп эътибор қаратилган мавзу. Чунки, Осиё Кубогига яқин бирорта ҳам ўртоқлик ўйинида майдонга тушмаган ягона жамоа – Ўзбекистон бўлди. Декабрда йиғинлар ташкил этилган бўлса-да, бирорта ҳам ўйин ташкил этилмади. Кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам Куперга берилган саволларнинг ярми шу ҳақида бўлди ва бу аргентиналик мураббийни бироз асабийлаштирди.

Аввало, ўртоқлик ўйинлари тайёргарликнинг фақат маълум бир бўлаги экани ва якуний натижалар доим ҳам бундай ўйинлар сони ва сифатига боғлиқ эмаслигини таъкидлаган бўлардим. Чунки бу ўйинлар аввало мураббийнинг таркиб ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиши ва маълум амалиётни синаб кўриши учун керак. Агар у ўша ўйинларсиз ҳам етарли маълумотлар ва кўникмалар ҳал қилинган деб ҳисобласа, ўртоқлик ўйинларига эҳтиёж сезмайди. Аксинча, мураббийнинг хаёлини энди бутунлай бошқа нарсалар банд этади, олиниши мумкин бўлган жароҳатлар риски, масалан.

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Футболиум» каналида шундай ёзади:

«Дастлабки тур натижалари турнир олдидан жамоаларнинг қанча ва кимлар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказганининг натижаларга таъсири йўқлиги борасидаги фаразни яна бир бор исботлади. Австралия атиги беш кун олдин Уммонни йирик ҳисобда тор-мор этди (5:0 - таҳр), Иордания эса, Қирғизистон ва Қатардан мағлубиятга учраганди. Илк турда эса, Иордания 3 очкони илиб кетди.

Австралия ҳатто, жаҳон чемпионатидан кейин ўтказилган тўрт ўйинда мағлубиятга учрамаган, Иордания эса, охирги тўққизта ўртоқлик ўйинидан атиги биттасида ғалабага эришганди. Кимнинг устидан дейсизми? Ҳиндистон. Шунинг учун ўртоқлик ўйинлари сони ва уларда кўрсатилган натижаларга ҳаддан зиёд эътибор беришни тўхтатинглар».

Агар эсингизда бўлса, саккиз йил олдинги Осиё Кубогига Хитой жуда қаттиқ тайёргарлик кўрган, қаторасига саккиз ўйинда майдонга тушиб, аксарида ижобий натижа қайд этганди. Ҳатто, Франция терма жамоаси сафарда мағлуб этилганди. Аммо Қатарда хитойликлар Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олган ва гуруҳда қолиб кетган, ўртоқлик учрашувларида натижа кўрсатмаган Ўзбекистон эса (Вадим Абрамов жамоаси 2010 йил давомида фақат мағлубиятли ўйинлар ўтказган, фақат ноябрь ойига келиб Баҳрайнга қарши ўртоқлик ўйинида илк ғалабани қайд этганди) биринчи ўринни олганди.

Йўқ, бу гаплар тайёргарлик ва ўртоқлик ўйинлари аҳамиятини пасайтириш учун ёзилмади. Шунчаки, тайёргарликни режалаштириш ва ўртоқлик ўйинларини бу режанинг қайси қисмига қўйиш тўлиқ мураббийнинг зиммасидаги ва жавобгарлигидаги иш эканини тушуниш керак. Баъзи жамоалар индивидуал ва жисмонан тайёр бўлади, футболчиларнинг жамоавий боғламларини, кўникмаларини ошириш учун кетма-кет ўртоқлик ўйинларига эҳтиёж сезилади. Баъзан эса, иккинчи фактор ҳал қилинган, асосий урғуни жамоани вазифалар учун жисмонан тайёрлашга йўналтириш лозим бўлади.

Конкрет вазият ҳақида энг тўғри ва сўнгги маълумотлар фақат мураббийлар штабида бор. Терма жамоамиз айни пайтда қандай юкламаларга эҳтиёжманд эканини ҳам улар яхшироқ билади

Купер нега ўртоқлик ўйинларидан воз кечди?

Бу саволнинг расмий жавоби – «футболчиларни кутилмаган жароҳатлардан асраш». Буни Купер Туркиядаги йиғин пайтида ҳам, кечаги матбуот анжуманида ҳам таъкидлади. Мураббий жароҳатдан қачон қўрқади? Ўйиннинг ўртасида. Чунки, футболчи машғулотда ҳам жароҳат олиши мумкин, тўғрими? Купер аллақачон жароҳатларни ўйлай бошладими, демак, тагдор маъно ҳам бор - жамоа мусобақага тайёр. Жамоа камида Уммон билан ўйинга тайёр. Купернинг миясида Уммонга қарши ким ва қандай ўйнаш пишиб бўлган, шунинг учун ҳам уни энди, қандай тайёрланиш эмас, кейинги босқич – жароҳатлар ташвишлантира бошлади.

Шу ерда, юқорида тилга олинган стратегия мавзуси ўртага чиқади. Назаримда, Купер жамоаси турнирга эмас, Уммон билан ўйинга тайёр бўлиб улгурди. Уммон билан ўйин эса, ўз навбатида, турнирга бўлган тайёргарликнинг бир бўлагидир.

Илк турларда Япония билан эмас, Уммон ва Туркманистонга қарши ўйнашимиз Купер учун идеал тақвим бўлди, менимча. Ҳам таркиб, ҳам савия ва тажриба борасида бу рақибларда яққол устунмиз. Демак улар учун алоҳида бир рақиб танлаб, ўртоқлик ўйини ўтказишга эҳтиёж сезмаслик нормал ҳолат. Ҳар доим шундай бўлиши керак, демоқчи эмасман, ахир Австралия ўртоқлик ўйинида майдонга тушди-ку, тўғри.

Лекин Купернинг қарорида ҳам мантиқ бордек. Менимча, у Уммон ва Туркманистон билан ўйинларда ижобий натижа қайд этишга ишоняпти. Япония билан ўйин учун эса, турнир олдидан ўртоқлик ўйини шарт эмас, айнан гуруҳдаги дастлабки турлар ҳам Япония билан ўйин учун тайёргарлик  вазифасини ўтаб бера олади. Купер тинмасдан жамоанинг тайёрлиги, салбий натижага тўлиқ жавобгарликни бўйнига олишини таъкидлаётганидан ҳам билиш мумкинки, мураббий жамоасига қаттиқ ишонмоқда.

Купер сўнгги ойларда ҳаммадан яшираётган ва қизиқтираётган буюк сюрприз, яъни сир, айнан мана шу ишонч бўлса ажаб эмас.

(мулоҳозаларнинг «стратегия»га аталган давоми борки, буни фақат Уммон билан ўйиндан сўнг гаплашиш мумкин)

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид