Президент Самарқанддаги саноат корхоналари аҳволини танқид қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси вақтида вилоятда саноат корхоналари билан юзага келган вазиятни танқид қилиб ўтди.
«Январдан ерни шўрини ювамизда, декабргача шудгор қиламиз. Кўкардикми? Кўкармадик. Касал бўлдик ҳаммамиз. Миллатимиз касал бўлди пахта балосини деб.
Янги технологиялар келяпти. Эртага Жиззахга бораман. Американинг технологияси келяпти. Менга кластер қандай ускуналар олиб келаётганини айтиб беришяпти.
Ўзи обкелсин, фойда қилсин, одамларни ишлатсин, ойлигини берсин. Экспорт қилсин, ўзиям манфаатдор бўлсин. Рақобатбардош иқтисодиёт шундай бўлади.
Самарқандда маҳаллий бюджетга бор йўғи 350 миллиард сўм қоляпти. 4 миллион кишилик вилоят учун бу ҳеч нарса эмас. Агар саноат ишласа, 1 триллион қоларди.
Олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Коррупция йўқ бўлиши керак. Инвестор қачон келади? Сектор раҳбарлари ҳалол бўлса келади. Мен икки иш ўрни яратганни елкамда кўтараман деб келаман. Бу гапни ижрочи раҳбарларга даъват қилиш учун айтаман.
Бошимиздан ўтказганмиз. Бир тадбиркор келса, дарров текшир-текшир бўлди, қама-қама бўлди, «маска шоу» бўлди. Ҳаммасини кўрдик-ку бу ҳаётда. Нима бўлди натижада?
Самарқандда қайси завод бор? Битта «Сино» бор. Уям 76 миллиард сўм қарзга ботиб, бўшаб ётибди. Инвесторга бепул бўлсаям беринглар деб қўл қўйишга мажбур бўлдим, ишлатса бўлди. Ноль қиймат бўйича олиб, ишлатиб, одамларга ойлик тўласа бўлди», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Давлат раҳбари вилоят раҳбарлари ва фаоллари олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб берган.
«Вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция жараёнини фаоллаштириб, янги корхоналар қуриш ва иш ўринларини кўпайтириш энг муҳим ва устувор йўналиш ҳисобланади. Ўтган йили вилоятда 448 та объект ишга туширилиб, 8 минг 700дан ортиқ иш ўрни яратилган. Лекин Самарқанддек катта салоҳиятга эга ҳудуд учун бу етарли эмас», - деган Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 968та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда йирик саноат корхоналари ташкил этилиши маълум қилинган. Самарқанднинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилган.
Маълумот учун, 1973 йилда қурилган завод «Помир», «Снежинка», «Самарқанд», «SINO» брендлари остида маҳсулот ишлаб чиқарган, қуввати йилига 250 мингта совутгич ишлаб чиқаришга мослашганди. 1991 йилда компания акциядорлик бўлди. 2003 йилда завод гранд олди, у янги агрегатлар йиғишни ташкил этишга имкон берди. 2009 йилда бу ерда LG музлатгичлари ишлаб чиқарила бошланди, 2012 йилда Хитойнинг Guangzhou Kinte Industrial’си иккита янги моделни ишлаб чиқариш учун жалб этилди. 2015 йилда акцияларнинг 88,8 фоизини хорижий инвесторга сотиш ҳақида қарор қабул қилинди. 2018 йил августида «Сино» банкрот бўлгани эълон қилинди.
Бундан аввалроқ заводнинг олдинги раҳбарига нисбатан жиноий иш очилгани хабар берилганди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024