Жаҳон | 13:50 / 15.01.2019
19443
2 дақиқада ўқилади

ИШИД жангарилари Африкадаги бир шаҳарни эгаллаб олишди

Фото: Lekan Oyekanmi / AP

ИШИДнинг Ғарбий Африкадаги провинцияси (ISWAP) 14 январь куни Нигерия шимоли-шарқидаги Борно штатида, Камерун чегараларига яқин жойлашган Ранн шаҳрини босиб олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Нигериялик ҳарбийлар қаршилик кўрсатишган, аммо жангарилар устун келган ва аскарлар маҳаллий аҳоли вакиллари билан биргаликда шаҳардан қочиб кетган.

«Террорчилар Ранн шаҳрини тўлиқ эгаллаб олишди, бизнинг ҳарбийлар чекинишди», дея мамлакат қуролли кучларидаги манба сўзларини келтирган агентлик.

Маҳаллий Daily Post нашри маълумотига кўра, отишмалар чоғида уйларга ўт қўйишган. Аҳолининг катта қисми шаҳарни тарк этган, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Айрим манбаларга кўра, ҳарбийлар шаҳарни тарк этиши вақтинчалик бўлиб, бу ҳудудга ёпирилган ҳаво оқими билан боғлиқ, кучли шамоллар натижасида атрофга чанг-тўзон кўтарилган ва кўриш имкониятлари ёмонлашган, бундай вазиятда авиация ёрдамига ҳам умид қилиб бўлмайди.

ISWAP аввал «Боко Ҳарам» таркибида бўлган, 2015 йилда «Боко Ҳарам» етакчиларининг бир қисми ИШИДга садоқат изҳор қилган ва ташкилот иккига бўлинганди. 2018 йил декабрида ИШИДнинг Ғарбий Африкадаги провинцияси ташкилоти (ISWAP) жангарилари  Нигериянинг Бага шаҳрини босиб олган, натижада 30 мингдан ортиқ киши қочқинга айланганди. 2019 йил январида Нигерия армияси бу шаҳар устидан назоратни қайтариб олди.

Бу ташкилот жангариларига қарши курашиш 2015 йилги сайловларда ғалаба қозонган мамлакат президенти Муҳаммад Бухорийнинг сайловолди дастурининг асосий қисмларидан бири бўлганди. 2018 йилда президент маъмурияти мақсадга эришилгани ва жангарилар тўлиқ тор-мор этилгани ҳақида эълон қилди. 2019 йил февралида мамлакатда навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади.

2018 йил ноябрида бу ташкилот жангарилари бир неча кун ичида Нигерия армиясининг 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчисини йўқ қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид