Ўзбекистон | 16:41 / 18.01.2019
65721
11 дақиқада ўқилади

Умумий овқатланиш шохобчаларида нарх нега ошяпти?

2019 йил январь ойида умумий овқатланиш соҳасида хизмат нархлари сезиларли равишда ошди. Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Тимур Мусин эса келгуси икки ойда нарх сиёсатини ўзгартирмасликка ваъда бермоқда. Аслида, гап нима ҳақда кетмоқда? Калаванинг учи қаерда? Нега умумий овқатланиш саноати жиддий ўзгаришларга юз бурмоқда? 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Юлий Юсупов, иқтисодчи-эксперт:

– Умумий овқатланиш саноати Ўзбекистондаги энг муҳим тармоқлардан бири ҳисобланади. Унинг долзарблиги шундаки, хизматлар аҳоли учун кўрсатилади, барчамиз кафе, ресторан ва емакхоналарда овқатланишга одатланганмиз. Биз бу масканларда тантана, шодиёналар, тўй маросимларини ташкил этишга одатланганмиз.  

Юлий Юсупов

Туризм нуқтаи назаридан қараганда ҳам, бу жуда муҳим тармоқ бўлиб қолади. Сайёҳлар мазали таомлардан лаззатланиш учун ҳам Ўзбекистонга ташриф буюради. Биз бу борада мақтанса бўладиган тажрибага эгамиз ва туризмни ривожлантиришни истасак, умумий овқатланиш тармоғи ҳақида қайғуриш лозим. 

Афсуски, давлат молия органлари тармоқ фаолиятига тушунарсиз муносабатда бўлмоқда. Агар тармоқ тўлаётган солиқларга назар ташласангиз, масалан, ўтган йили ягона солиқ тўловчиси сифатида ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар 5 фоиз, чакана савдо 4 фоиз, умумий овқатланиш тармоғи эса 10 фоиз ставкада солиқ тўлаган.  

Тимур Мусин, Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари:

Тимур Мусин

– Уйда тайёрлаш мумкин бўлган овқат учун, гўё икки баравар нарх тўлаётган хўранда нуқтаи назаридан эмас, балки умуман умумий овқатланиш саноати нима эканлигини айтиб бермоқчиман. Ўзбекистонда мавжуд барча ишлаб чиқариш турлари каби умумий овқатланиш тармоғи ҳам ишлаб чиқаришнинг бошқа кўриниши. Гуруч ва гўштдан палов тайёрлаш учун фақат ишлаб чиқариш тармоғи эмас, қиммат турадиган буғ конвектоматлар, газ плиталари, зарурий барча анжомлар, миксер, блендер ва яна нималардир керак. Албатта, юқори малакали ошпаз ҳам зарур. 

Менинг назаримда, давлат молия органлари томонидан умумий овқатланиш саноатига айрича қараш ё ҳурматсиз муносабатда бўлиш пайдо бўлган. Гўёки, биз жуда боймиз ва даромадларимизни яширяпмиз. Биласизми, бир нарсага эътиборингизни тортмоқчи эдим: оддий дўкондан фарқли равишда, бизда хўрандалар жойлашадиган савдо зали мавжуд. Яхши ресторанларда у янада чиройли безаклар билан бойитилган. Чиройли, қиммат мебель, қиммат идиш-товоқ, суратлар, ресторанлар учун ихтисослашган қиммат анжомлар. Биз рақобат муҳитида, шунчалар тармоққа киришиб кетдикки, ресторан театрга айланди. Қаҳва машинангиз қандай қаҳва тайёрлашидан ташқари, у қандай овоз чиқаради, тароват таратади, булар ҳам инобатга олинади. Буларнинг барчаси пул туради. 

Хизмат кўрсатиш жамоаси катта ва уларнинг барчасига маош тўлаш лозим. Кафеда жараён бироз соддароқ, аммо амалдаги солиқ қоидалари билан уларга бироз қийин ҳам. 

Жуда кўпчиликка тушунтиргим келади, шунчаки тушунтириш эмас, ҳаттоки, бир нечта ресторанларимни давлат ташкилотлари, вазирликларга расман совға қилишга розиман. Фақат битта қатъий шарт билан: 5 йил ёпилмаслик керак. Даромад йўқми, барибир ишлайверсин. Даромад йўқми, харажатларни чўнтакдан қопласин. Балки, шунда бизга бўлаётган муносабатлар ўзгариб қолар. 

Мен биламан, фақат мулоқот, фақат мулоқот орқали биз бир-биримизни англаймиз. Уларнинг муаммоларини ҳам тушунаман: барқарор бюджет пайдо бўлиши учун яхши шароит яратиш лозим. Энг яхши имконият, бу – солиқ тушумларини кўпайтириш. Менинг назаримда, биздан кўпроқ солиқ сиқиб олиш эмас, кўпроқ корхоналар очишга имконият қилиб беришлари керак. Ана шунда биз бажонидил солиқларни тўлаймиз. 

Юлий Юсупов, иқтисодчи-эксперт:

– Мен мантиқни тушунмаяпман. Балки, умумий овқатланиш тармоғи сояда қолиб кетаётганидан шубҳа қилишаётгандир. Лекин бу мустаҳкам мантиқ эмас. 

Мубин Мирзаев, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

Мубин Мирзаев

– Битта Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда умумовқатланиш тизими 50/50 ишлайди. Яъни, хомашё, харажатлар 50 фоиз, иш ҳақи ва бошқа харажатлар 50 фоизни ташкил этади. Бежиз 10 фоиз қолдирмадик, соддалаштирилган ҚҚСда ҳам шу ставка сақланиб қолди. Дунёдаги барча давлатларда ҳам умумий овқатланиш корхоналарида даромад-рентабиллиги юқори. Қаерда даромад юқори бўлса, улар кўпроқ солиқ тўлаши керак. Аксинча, даромад паст бўлса, камроқ солиқ тўлаши лозим. 

Бу ставкаларни ўзимизча қўймадик, бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан Халқаро валюта фонди, Жаҳон банкининг мутахассислари бошқа давлатлар тажрибасини мисол тариқасида келтириб берди. Уларнинг таклифини ҳам ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон шароитида таҳлил қилиб, ставкаларни киритдик. 

Тимур Мусин, Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари:

– Шунчаки келишиш эмас, улардан сўрашни истаган бўлардим: бизнинг тармоқ фаолиятини микроскоп билан кўриб чиқишсин. Биз ҳеч қандай контрабандист эмас, тадбиркор эканимизни тушунишларини истаган бўлардим. Ҳамма 5 фоиз солиқ тўлаганда, нега умумовқатланиш вакиллар 10 фоиз тўлашини 10 йилда ҳам ҳеч ким тушунтирмади. «Яширин даромадингиз бор, шунга 10 фоиз». Ундай эмас-да, келинг, юридик тилда гаплашайлик. 

Бундан ташқари, биз туризмни ривожлантириш учун асосий локомотив ҳисобланамиз. Сайёҳ меҳмонхонада бир кеча тунаб қолади, эртасига бир-икки экскурцияни ўтказади, кейин овқатланади. Энг яхши ҳолатда у тўрт марта зўр, мазали таом тайёрлайдиган ресторанларда овқатланади.  

Юлий Юсупов, иқтисодчи-эксперт:

– Агар юқори ставкали солиқларни жорий этсангиз, улардан қочишга ҳаракат бўлади. Шунақа юқори ставкалар белгиланса, уни ҳеч ким тўламайди. Бу йил ҳам шу мантиқ давом этяпти. Обороти 1 миллиард сўмдан кичик бўлган субъектлар 4 фоизли ягона солиқ тўловини амалга оширади. Умумий овқатланиш тармоғи учун 8 фоиз ставка белгиланган. Нега? 

Агар солиқ концепциясини ўқисангиз, ислоҳотларда бундай ёзилмаган: ҳамма бир хил 4 фоиз тўлаши керак. Умумий овқатланиш тармоқлари учун яна истисно қилиняпти. Уларни нега жазолашяпти, буни тушунмайман. Унча катта бўлмаган оборотга эга корхоналар соддалаштирилган ҚҚС тўлаши мумкин. Яъни, 3 миллиард сўмгача оборот билан ишлаётган корхоналар ишлаб чиқариш учун 7 фоиз, чакана савдо учун 6 фоиз, умумий овқатланишга бўлса, 10 фоиз ставка белгиланган. Нега яна улар камситилмоқда? 

Мубин Мирзаев, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

– Тўғри, аввал ишлаб чиқариш учун ягона солиқ тўлови 13-15 фоиз эди. Кейинчалик, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаймиз, уларни рағбатлантирамиз, деб 13дан 5 фоизгача туширдик. Лекин умумовқатланиш тармоқлари учун ставка сақланиб қолган. Кўпроқ ушлаб қолинмаяпти, деган саволлар ҳам турибди. Аслида, стартда барча бир хил шароитда иш бошлаган. 

Охирги 10 йил ичида, солиқ сиёсатида ҳар хил ўзгаришлар бўлиши – ишлаб чиқариш жараёнини рағбатлантиргани йўқ. Рақобатни фақат бузишнинг ҳисобига тизимга халақит берди. Мақсад энди битта – ҳаммага тенг шароит қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулотни кўпайтириш. 

Юлий Юсупов, иқтисодчи-эксперт:

– Умумовқатланиш тармоғи гарданига тушаётган иккинчи зарба – саноат учун зарурий хом-ашёлар, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қўшилган қиймат солиғидан озод этилган. Бу деган – бу товарлар бўйича харидни амалга оширгандан ҳисоб қилиш мумкин эмас. Масалан, 3 миллиарддан ортиқ оборотга эга бўлган йирик ресторан 20 фоиз ҚҚС тўлаши лозим. Электроэнергия, импорт товарлар, айрим хизматлар бўйича ҚҚС ҳисобини инобатга олиш мумкин, аммо қишлоқ хўжалигидан олинадиган хом-ашё ҳисобга олинмайди. Демак, улар амалда йирик ставкадаги солиққа тортиляпти. ҚҚС аслида оборотдан олинадиган солиққа айланиб қолди. 

Тадбиркор зиқна бўлгани учун, ёмон бўлгани ё ёмон бўлишни истагани учун, солиқни тўламаслик ёқиши учун сояга кетмайди, шунчаки ўйин қоидаси майдонда тоза ишлашга йўл қолдирмаган. 

Бу вазиятда иккита танлов пайдо бўляпти – хизмат нархларини кўтариш керак ё сояга кириб кетиш. 

Тимур Мусин, Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари:

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси ҳам занжирда бўлиб, барча иштирокчилар ҚҚСдан озод этилганда, бунақа муаммо бўлмасди. Ёки уларни ҳам ҚҚСга тортиш керак. ҚҚС аслида оборотдан олинадиган солиққа айланиб қолди. Масалан, аввал у 10 фоиз эди, энди эса 20 фоиз бўлиб, қиймат икки баравар ошди. Шунинг билан даромадларимиз 4 баравар тушиб кетди. 

Мубин Мирзаев, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўрибосари:

– Асосан умумий овқатланиш ва йирик дўконлар тармоғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҚҚС тўламаслиги эвазига нарх ошадими ё йўқми, деган савол пайдо бўлган. 

Тимур Мусин, Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари:

– Рестораторлар мулоқот тарафдори, диалог қилишимиз керак. Бу йил янги таҳрирдаги солиқ кодексини қабул қилинишини кутяпмиз. Оборот 5 миллиард сўмдан ошди, бу вазиятда яна кўпроқ солиқ тўлашим керак. Лекин обороти 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналарга бўлиниб кетишимга ҳеч ким тақиқ қўймаган. Солиқ бўйича муносабатларни оптималлаштириб, фаолиятни қайта кўриб чиқишим керак. 

Барчамиз учун муҳим нарса, айниқса давлат кутаётган вазият – биз нархни бир неча ой оширмаймиз. Қийинчиликлар доим яхши нарса, энг яхши қарорлар ана шунда келади. Бизнинг шароитда оптимизация муҳим. Товар етказиб берувчи, ҚҚС тўловчиларини қидиришга тушамиз, арзонроқ, лекин сифатли товар сотаётган компанияларни қидирамиз. Импортга таянишга ҳаракат қиламиз, бу бўйича ҳисоб қилса бўлади. Менимча, рестораторлар эмас, барчанинг олдида солиқ юкини оптималлаштириш турибди. Бу вақтда бизни фақат эшитишларини эмас, балки ён босиб, биз жуда қийналган нуқталарни кўрсатганда, қиё боқишларини истайман.  

Биз ўзбекмиз, оптимистмиз. Ўзбекистондаги энг қиммат ресурс – бой яшашни истайдиган, бу йўлда қаттиқ меҳнат қилишдан ташқари, суткалаб ўйлашга, келишиб ишлашга тайёр халқ. Ўйлайманки, Ўзбекистон ресурсидан максимал фойдаланиш керак.​

Алишер Рўзиохунов тайёрлади

Мавзуга оид